Қоронғи режим
Image
Logo

МУСУЛМОНЛАР БИР ЖАСАД КАБИДИРЛАР

МУСУЛМОНЛАР БИР ЖАСАД КАБИДИРЛАР

Динимиз мўмин-мусулмонларни бир-бирлари билан ака-укалардек яхши муносабатда бўлишга буюради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:

إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُون 

سورة الحجرات الاية-10 

яъни: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот сураси, 10-оят).

Икки мусулмонни ўртасини ислоҳ қилиш – аслида уларга ёрдам қилишдир. Чунки баъзан оддий тушунмовчиликлар ортидан ҳам ўзаро адоватлар келиб чиқади.   Динимиз ўзаро бирдамликка ва эзгу ишларда бир-биримизга кўмакчи бўлишга буюрар экан, аввало ўз ҳаққимиз ҳамда зиммамиздаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларини ҳам яхши билмоғимиз даркор. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

"حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ سِتٌّ، قِيلَ مَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللَّهِ قَالَ: إِذَا لَقِيتَهُ فَسَلِّمْ عَلَيْهِ، وَإِذَا دَعَاكَ فَأَجِبْهُ، وَإِذَا اسْتَنْصَحَكَ فَانْصَحْ لَهُ، وَإِذَا عَطَسَ فَحَمِدَ اللَّهَ فَشَمِّتْهُ، وَإِذَا مَرِضَ فَعُدْهُ، وَإِذَا مَاتَ فَاتَّبِعْهُ،"

(رواه الامام مسلم عن أبي هريرة رضي الله عنه)

яъни: “Мусулмонни (бошқа) мусулмоннинг зиммасидаги ҳақлари олтитадир”, – дедилар. Шунда: “Улар нималар, ё Расулаллоҳ?” – дейилдиРасулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон учратсангиз, унга салом беринг; сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг (яъни чақирилган жойга боринг); насиҳат сўраса, насиҳат қилинг; акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга жавоб қайтаринг; бемор бўлса, уни зиёрат қилинг; агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг”, – дедилар (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида умматларига бир-бирларидаги ҳақларини ўргатмоқдалар:

         1Қачон учратсангиз, унга салом беринг;

Икки мусулмон учрашганда уларнинг бирларида иккинчисига нисбатан салом бериш ҳақи бор. Улардан қай бири аввал салом берса, савобнинг кўпини олади ва нариги биродарига алик олишни фарз қилади.

        2Агар сизни (уйига меҳмонга) чақирса, унга ижобат қилинг;

Бир мусулмон тўй ёки маросим қилиб, бирор танишини таклиф қилса, ўша таклифга жавобан мазкур маросимга бориш – таклиф қилинганнинг мусулмонлик бурчидир.

        3Агар насиҳат сўраса, насиҳат қилинг;

Қийин вазиятга тушган инсон маслаҳат сўраганда, унга тўғри маслаҳат бериш ҳам мусулмонлик бурчи ҳисобланади.

        4. Агар акса урса ва “Алҳамдулиллаҳ” деса, унга яхшилик тиланг;

Ҳар бир мусулмон акса урганида “Алҳамдулиллаҳ” дейиши лозим. Унинг акса уриб, ҳамд айтганини эшитган кишига эса, унга “Ярҳамукаллоҳу” (Аллоҳ сизга раҳм қилсин) деб, яхшилик тиламоғи – мусулмонлик бурчидир.

        5Агар бемор бўлса, уни зиёрат қилинг;

Бемор бўлган мусулмонни зиёрат қилиб, кўнгил сўраб, унинг дуосини олиш –аввало мусулмонлик ҳаққи, қолаверса – инсонийлик бурчидир.

         6Агар вафот этса, жанозасида иштирок этинг;

Вафот этган мусулмонни шариат аҳкомларига мувофиқ дафн қилиш –мусулмонлар зиммасидаги фарзи кифоядир. Шунинг учун бирор мусулмоннинг вафоти ҳақидаги хабарни эшитган ҳар бир мусулмон иложи борича жанозага қатнашмоғи лозимдир.

 

Зокиржон Юнусов,
Наманган шаҳри
 "Умарул Фаруқ" жоме
 масжиди имом  хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг