Мусулмонлик меҳнатсеварлик динидир

Динимизнинг аҳамият билан қарайдиган масалалардан бири меҳнатсеварликдир. Аллоҳ меҳнатсеварликни ҳам ибодатдан санаган ва фарз қилган. Жаноби Ҳақ Қуръонида шундай деб буюради: "Аллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) охират (ободлигини) истагин ва дунёдан бўлган насибангни унутмагин". ("Қасос" сураси, 77-оят).
Бу дунёси учун меҳнат қилмаган миллатлар қашшоқ бўлиб қоладилар, бошқа миллатларга муҳтож бўладилар, қудратларидан жудо бўлиб, бошқа миллатларга қарам бўлиб қоладилар. Бундай миллатлар у вақтда Аллоҳ олдидаги ибодатларини тўла-тўкис адо этолмайдилар, болаларини ўқита олмайдилар, нодон бўлиб қоладилар. Бундай миллатнинг динлари, имонлари заифланиб, бу дунё қайғусидан динларини камол топтиришга ҳоллари келмайди ва оғир аҳволга тушиб қоладилар. Бу дунёга ортиқча берилиб, охиратни унутган кишиларда ҳам мана шунга ўхшаган ҳолатлар юз беради. Дин, имон заифлашади, масжидларда намоз ўқувчилар камаяди, кишилар ўртасидаги яқинлик ва муҳаббат тугайди, одамларнинг даражаси пул билан ўлчанади. Такаббурлик ортиб, дўстлик ва қардошлик камаяди. Буларнинг иккаласи ҳам зарарлидир. Шунинг учун мусулмон киши бу дунёни ҳам, охиратни ҳам унутмаслиги керак.
Пайғамбаримиз бир ҳадисларида шундай деганлар: "Чинакам мусулмон охиратдан ҳам, бу дунёдан ҳам воз кечмайди. Дунёсини қолдириб, ёлғиз охирати учун қайгурувчи киши хайрли, яхши мусулмон эмас. Охиратни унутиб, ёлғиз бу дунёси учун киришувчи ҳам хайрли мусулмон эмас. Одамларнинг хайрлиси, яхшиси бу дунёси учун охиратдан кечмайди, охирати учун бу дунёсидан кечмайди, иккаласини бирга олиб боради ва бошқаларга оғирлик туширмайди".
Демак, ҳақиқий мусулмон дунё ва охират ишларини бирга олиб борган кишидир. Бошқа бир ҳадисларида ҳам Пайғамбаримиз: "Бу дунё учун ҳеч ўлмайдигандек бўлиб меҳнат қил, охират учун эса худди эртага ўлаётгандек бўлиб меҳнат қил", - деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таоло бу дунёни ҳам, охиратни ҳам имонли қуллари учун яратган. Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтиёр бўлмоқ мусулмоннинг ҳақидир. Аллоҳ таоло бу дунёни ўзига ишонган қуллари учун яратган. Мусулмон одам бу икки жаҳонда ҳам бахтиёр бўла олади. Пайғамбаримизнинг энг кўп қилган дуоларидан бири "Раббана атина" дуосидир. Унинг маъноси: "Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик ва гўзаллик бергайсан. Бизни жаҳаннам ўтидан сақлагайсан". Пайғамбаримиз бу дуода дунё учун қайғу ва азоб сўрамаганлар, балки яхшилик сўраганлар. Дунёда бахтли бўлиш учун охиратни унутмасдан ҳаракат қилмоқ лозим.
Хайруллоҳ Муродшоев,
Янгиқўрғон тумани “Қаюм ота” жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022