НАМУНАЛИ ОИЛА ЖАМИЯТНИНГ АСОСИЙ БЎҒИНИДИР.

Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсон зотини ҳам жуфт қилиб яратди. Шу жуфтлик орқали одамлар ҳалол йўл билан оила қуриб, ўзидан фарзанд ва набиралар қолдириб, инсон сулоласининг давом этишини таъминлайди. Аллоҳ таоло эрлар ва хотинлар ўзаро муроса ва тотувлик билан яшаши учун улар ўртасида иноқлик ва муҳаббат туйғуларини ҳам пайдо қилди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай марҳамат этилади:
وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً
إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ
яъни: “Унинг аломатларидан (бири) – сизлар таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун ибрат-аломатлар бордир” (Рум сураси, 21-оят).
Бошқа бир оятда шундай дейилади:
وَاللَّهُ جَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا وَجَعَلَ لَكُمْ مِنْ أَزْوَاجِكُمْ بَنِينَ وَحَفَدَةً وَرَزَقَكُمْ مِنَ الطَّيِّبَاتِ
أَفَبِالْبَاطِلِ يُؤْمِنُونَ وَبِنِعْمَةِ اللَّهِ هُمْ يَكْفُرُونَ
яъни: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун болалар ва набиралар пайдо қилди ҳамда сизларга пок ризқларни берди. Ботилга имон келтирадилар-у, Аллоҳнинг неъматига куфр келтирадиларми?!” (Наҳл сураси, 72-оят).
Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Шунга биноан, шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган.
Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 23-оятида никоҳи ҳаром бўлган 13 тоифа аёлларни санаб ўтган. Шулар ичида мавзумизга тегишли 2 тоифа бор. Улар:
...وَأُمَّهَاتُ نِسَائِكُمْ... ... وَحَلَائِلُ أَبْنَائِكُمُ الَّذِينَ مِنْ أَصْلَابِكُمْ...
яъни: “(Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу),...қайноналарингиз,
... ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари...” дир.
Демак, қайнота келинга ўз отасидек абадий маҳрам, қайнона куёвга ўз онасидек абадий маҳрам саналади.
Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиш вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларни розилигини олишим шарт эмас, дейиш жоҳиллик ва илмсизликдир. Эркак кишига энг ҳақли зот унинг онасидир. Аёл кишига эса энг ҳақли зот унинг эридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ مَنْ أَعْظَمُ النَّاسِ حَقًّا عَلَى الْمَرْأَةِ؟ قَالَ: "زَوْجُهَا" قُلْتُ: مَنْ أَعْظَمُ النَّاسِ حَقًّا عَلَى الرَّجُلِ؟ قَالَ: "أُمُّهُ" (رواه الإمام الحاكم في مستدركه).
яъни: Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аёл кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Унинг эри”, –дедилар. Мен: “Эркак кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Онаси”, – дедилар” (Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида ривоят қилган).
Рисоладаги эркак ҳаёти давомида доим икки аёл: онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:
الرِّجَالُ قَوَّامُونَ عَلَى النِّسَاءِ بِمَا فَضَّلَ اللَّهُ بَعْضَهُمْ عَلَى بَعْضٍ وَبِمَا أَنْفَقُوا مِنْ أَمْوَالِهِمْ...
яъни: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий)қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир...” (Нисо сураси, 34-оят).
Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди.
Шундан келиб чиқиб, оила раҳбари бўлмиш эркаклар, бўлажак қайноналар бўлмиш жуфтларига келинга қандай муомала қилиш, келажакда келин бўладиган қизларига қайнона билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб боришлари керак. Бу ишни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри эмас. Чунки юқоридаги оятда эркаклар аёлларни ҳимоя қилиши, ғамхўрлик қилиши ва уларга одоб бериши маъноси бордир.
Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб ҳурмат қилиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкор-қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонанинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.
Азиз намозхонлар! Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:
عَن عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنهَا قَالَت: قَالَ رَسولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ: "إِنَّ شَرَّ النَّاسِ عِندَ اللهِ مَنزِلَةً يَومَ القِيَامَةِ مَن تَرَكَهُ النَّاسُ اِتقَاءَ شَرِّهِ" (رواه الْاِمَامُ البخاري(.
яъни: “Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.
Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, муҳтарама қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олийжаноблик саналиб, ёшларни тўғри йўлга тушишига сабаб бўлади. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг фақат ҳурматлари ортишига олиб келади.
Шу ўринда ҳар икки томонга тегишли бўлган бир ҳадиси шарифни айтиб ўтиш ўринли бўлади.
عَنْ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيْسَ مِنَّا مَنْ لَمْ يَرْحَمْ صَغِيرَنَا وَيُوَقِّرْ كَبِيرَنَا وَيَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ (رَوَاهُ الْاِمَامُ التِّرْمِذِيُّ).
яъни: Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти).
Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.
Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади.
Суфиев Жаъфархон,
Тўрақўрғон туман "Исхоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022