Навоийнинг навосида дин қайғуси, нафс тарбияси таралади.

Мана орадан бир қанча вақт ўтсада ўз ўрнини йўқотмай, асрлар шиддатида, талатўпларида йўқ бўлиб кетмай, изсиз ғойиб бўлмай ўз ўрни ва салохиятини йўқотмай келаётган асарлар ва уларнинг муаллифлари талайгина. Улар орасида хазрат Навоийнинг ўринлари юксакдир. Кўп ўринларда у кишининг хақларида мухаббат куйчиси деб аталиши ва у кишига нисбатан бир аёл ишқида умри охирига қадар куйиб ёнишлик сифатлари берилишига кўзингиз тушади аммо хақиқат у кишини хақиқий мутасаввиф Аллоҳ ишқи илохийси ила тўлиб тошганликлари, қолаверса асар ва шеърлари инсонни нафсини тарбия қилишга ундашлиги хар бир ўқувчига маълум бўлади. Хазрат Навоийнинг яшаган даврлари мусулмонларнинг илмда ривож топган даврларига тўғри келиб, инсонларга ояту хадисларни очиқ ойдин баён қилмай балки ишора қилса кифоя бўлган. Тасаввуфда эса турли атама ва масаллар машхур бўлиб уларни барча тушина олган. Хозирга келиб биз у атама ва масалларни асл маъносини тушунишдан ожиз қолмоқдамиз. Сизлар билан "Хамса" асарини тарихи ва маълумотини озгина ўргансак мақсадга мувофиқ бўлади.
1483 йилдан Алишер Навоий ўзининг буюк «Хамса» асарини ёзишга киришди ва уни уч йилда тугаллади. Беш достонни ўз ичига олган бу улкан бадиий қомус 50 минг мисрадан ошиқ бўлиб, Навоийнинг барча шеърий меросини деярли ярмини ташкил қилади. «Хамса» — Алишер Навоий ижодининг қалбидир.
Форс тилидаги биринчи «Хамса» буюк шоир Низомий Ганжавий (1141—1209) томонидан яратилди. Шоир ҳеч бир ўринда ўзининг «Хамса» ёзганлигини қайд этмайди. Низомий вафотидан 100 йил ўтиб, Ҳиндистонда туғилиб ўсган форсийзабон турк ўғлони Хусрав Деҳлавий Низомий «Хамса»сига биринчи бўлиб татаббу ёзади ва «хамсачилик» анъанасини бошлаб беради. Деҳлавий «Хамса»си Низомийга ажойиб шарҳ ва ундаги мазмунларнинг янгича талқини сифатида ўзининг ҳам, салафининг ҳам шуҳратини оламга ёйди. Кейинги XIV— ХV асрлар минтақа маънавияти «Хамса» анъанаси таъсирида ривож олди, шоирнинг салоҳияти ва иқтидори ҳеч бўлмаганида «Хамса»нинг бир достонига муносиб жавоб ёза билиш билан ўлчанадиган бўлди. Бу жаҳон маънавияти тарихида бетакрор ҳодисадир. Туркий адабиётда Қутб ва Ҳайдар Хоразмийлар бошлаб берган «хамсачилик» анъанаси ўзининг камолини Алишер Навоий ижодида топди.
Ислом ақидаларига кўра бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намоз «ал-Хамсату» дейилади, динимизнинг беш устуни (рукни) ҳам тавҳид (имон), намоз, рўза, закот, ҳаж — ўзига хос «Хамса» (бешлик)ни ташкил этади. Демак, Низомий достонларининг «Хамса» туркуми сифатида талқин этилиши, унга Амир Хусрав ва Навоий жаноблари бежиз эмас. Алишер Навоий «Садди Искандарий» достонининг муқаддима қисмида бу масалага махсус тўхталиб, «Ҳамса»нинг ҳар бир достони ёзилишини куннинг маълум вақтларида ўқиладиган саҳар, пешин, аср, шом ва хуфтон намозлари билан қиёс этади ҳамда «Хамса»ни буюк тоғ чўққисига кўтарилиш мобайнида беш ўринда тўхтаб, нафасни ростлаш учун бино этилган беш оромгоҳга ўхшатади.
Навоий ўз «Хамса»сини яратишга 1483 йилда киришган бўлса, унинг биринчи достони «Ҳайрат ул-аброр» («Яхши кишиларнинг ҳайратланиши»)ни ўша йили ёзиб тугатди. 1484 йилда «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун», «Сабъаи сайёр» («Етти сайёр»), 1485 йилда «Садди Искандарий» достонини поёнига етказди. Шоир ўз «Хамса»сига киритилган достонларда ўша давр учун муҳим бўлган муаммоларни қўйди, мутафаккир сифатида илғор қарашларни илгари сурди, ўзбек тилининг қудратини оламга намойиш этди.
Бу маълумотларни ўқиб озгина бўлсада у кишидаги ватанпарварлик ва диндорлик хислатларини оз бўлсада тушунган бўлсак ажаб эмас. Барчамиз фарзандларимизга улуғ боболаримизни ўрнак қилиб кўрсатиб, улардек бўлишлари учун интилишимиз хам юрт хам дин олдидаги бурчимиздир.
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022