Қоронғи режим
Image
Logo

НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА

НИКОҲ – МУҚАДДАС РИШТА

 Никоҳ – Исломдаги энг муқаддас тушунчалардан бири ҳисобланади.Никоҳ туфайли оила барпо бўлади. Оила ҳам бир кичик жамият бўлиб, унинг раҳбари эрдир.

Исломда никоҳ Аллоҳ таолонинг исми ва Пайғамбаримизнинг суннатлари ила қурилган муқаддас риштадир. Шундай экан, уни шунчаки ёки арзимас сабаб ила бузиб бўлмайди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик  қилинг! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар (Имом Термизий ривояти).

Агар эр ўз вазифасини масъулият билан бажариб, ҳалол – пок бўлса ва қўл остидаги аҳли-аёлига чиройли муомала ва муносабатда бўлса, оиласи осойишта, мустаҳкам ва фаровон бўлади.

Ҳар бир эр мусулмон киши билиши керак бўлган зарурий маълумотларни аёлига ўргатиши зарур бўлади.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар алайҳиссалом ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди» (Наҳл сураси, 72-оят). Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадисларида: «Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас» (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, «қўли калталиги»ни рўкач қилиб, буни пайсалга солмаслиги, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Хотин киши Аллоҳ таоло эрига берган насибага рози бўлиши ва унга инжиқлик қилмаслиги керак. Аёл киши эри топган нарсага шукр қилиб, қаноат либосини кийиб, эрининг ризқ топишдаги машаққатларини қадрлаши, ҳаром касбга ўтишидан қўрқиб, ундан ҳожатдан ортиғини талаб қилмаслиги даркор. Балки, эрини ҳам қаноатга ундаб, ҳаром йўллардан огоҳлантириши зарур. Ўтган салафи солиҳларимиз эрларини кузатаётиб, шундай деган эканлар: “Ҳаром касбдан сақланинг! Биз очлик ва қийинчиликка чидаймиз, аммо дўзах оловига чидай олмаймиз”.

Афсуски, баъзи аёллар бошқа эрни ўз хотинига сарфлаган нарсаларини мисол қилиб, эрларидан худди шундай таъминот талаб қиладилар. Ҳолбуки, дунёвий соҳада инсон ўзидан юқоридагига эмас, ўзидан пастроқдагиларга қараши айни динимизнинг кўрсатмаси саналади. Ана шунда инсон ўзининг қанчалар кўп неъмат ичида эканлигини ҳис қилиб, шукр қилишни бошлайди. Шу маънода Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Ўзингиздан пастдагиларга қаранг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг! Зеро, шу иш (яъни ўзингиздан пастдагиларга қарашингиз) Аллоҳнинг сизларга берган неъматини камситмаслигингизга ундайди” (Имом Муслим ва Имом Ибн Можа ривоятлари).

Хотин гўзаллиги билан эрига фахрланмаслиги, эри хунук бўлса, ёмон кўрмаслиги, агар бой бўлса, эри олдида моли билан ғурурланмаслиги керак. Балки эр томонини риоясини қилиши, уни ҳурмат ва қадрлаши лозим.

Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар аёл эрнинг итоатида бўлса, фарзандлар ҳам отага итоат қиладиган бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади. Аёлнинг эрига итоатсизлиги эса оиланинг бузилишига ва бошқа кўплаб нохушликларга сабаб бўлади. Ушбу ҳақиқатни ҳар бир мусулмон оиланинг аъзолари яхшилаб тушуниб олиши керак.

Аллоҳ  таоло  барчаларимизни  оилани  муқаддас  билиб,  уни  муборак  бир қўрғонга  айлантиришга  интиладиган  ҳамда  оила  бахти  учун  қайғурадиган инсонлардан бўлишга муяссар айласин ва ПарвардигоримизнингЎзи   ҳаммамизни  ҳаётнинг  барча  жабҳалари  қатори  никоҳ  ва  талоқ масаласида  ҳам  Қуръони  карим  ва  Суннати  набавия  талаблари  асосида  ҳаёт кечиришимизни  насиб  айласин,  фарзандларимизнинг  бахт-саодати  йўлида  фидойиликкўрсатиб,  уларга  ҳаётий  тажрибаларимизни  эринмай  ўргатадиган  ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин.  

 

Авазбек Тўраев,
Норин тумани "Қурбон ота" жоме
масжиди имом-хатиби 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг