Қоронғи режим
Image
Logo

Никоҳ муқаддас риштадир.

Никоҳ муқаддас риштадир.

             Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барча мавжудотлар каби инсонни ҳам жуфт қилиб яратган. Шунинг учун ҳам одамзод илк пайғамбар Одам (алайҳис-салом) ва унинг жуфти ҳалоли  Момо Ҳаводан бошлаб Аллоҳнинг амри ила жуфт - жуфт бўлиб яшайди.  Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бизга шундай меҳрибонки у бизни жуфт бўлиб никоҳ асосида яшашга буюргандир. Аллоҳ таъоло инсонга нима яхши бўлса шунга буюради. Инсон дунёда бахтли ва саодатли яшаши учун Аллоҳнинг амри асосида яшамоғи лозим.

            Аллоҳ таъоло ўз каломида  "Бас, ўзингиз хуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани", деган.  Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада мўмин-мусулмон бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмоқда. Расулуллоҳ саллаллоҳу ъалайҳи васаллам ҳадисларида эса,  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир" деганларини  эшитдим.  Демак  никоҳ - Аллоҳнинг  амри  билан, Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари билан, мўмин - мусулмонларнинг гувоҳлигида боғланадиган алоқа бўлгани учун муқаддас саналган.  Энди биз шундай улуғ ва муқаддас нарсани мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилмоғимиз даркордир.

            Оила - ҳар бир жамиятнинг бошланғич  ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса,   ҳалол - ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади.

            Шу боисдан энг мукаммал дин бўлмиш Ислом оиланинг поклиги, камолоти, осойишталигига ҳамиша катта эьтибор билан қараб келади. Оиланинг бош ҳужжати саналмиш никоҳни инсон муносабатлари ичида энг муқаддас алоқа, деб ҳисоблайди.

            Қолаверса, никоҳни инсоннинг фақат шаҳвоний нафсини қондирувчи нарса, деб қарамаслик керак. Шариатимиз ҳукмига кўра никоҳ орқали эр - хотиннинг ўртасида меҳр, муҳаббат, шафқат, садоқат ришталари пайдо бўлади ва жамият турли ифлосликлардан покланиб, соғломлашади. Ундан аҳиллик, иттифоқлик, юзага келади. У Аллоҳ томонидан ўз бандаларига берилган улуғ неьмат ва муборак ҳадя бўлгани учун инсонлар жамоасини яхшилик, эзгулик, инсонийлик йўлига олиб боради.            

Аллоҳ  таоло  барчаларимизни  оилани  муқаддас  билиб,  уни  муборак  бир қўрғонга  айлантиришга  интиладиган  ҳамда  оила  бахти  учун  қайғурадиган инсонлардан бўлишга муяссар айласин ва Парвардигоримизнинг Ўзи ҳаммамизни  ҳаётнинг  барча  жабҳалари  қатори  никоҳ  ва  талоқ масаласида  ҳам  Қуръони  карим  ва  Суннати  набавия  талаблари  асосида  ҳаёт кечиришимизни  насиб  айласин,  фарзандларимизнинг  бахт-саодати  йўлида  фидойилик кўрсатиб,  уларга  ҳаётий  тажрибаларимизни  эринмай  ўргатадиган  ота-оналардан бўлишга муваффақ қилсин.

 

Баҳодир  Мирфайзиев,
Косонсой тумани "Содод"  жоме
 масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг