Қоронғи режим
Image
Logo

ОТА - ОНА РОЗИЛИГИ - АЛЛОҲ РОЗИЛИГИ

ОТА - ОНА РОЗИЛИГИ - АЛЛОҲ РОЗИЛИГИ

     Ислом дини оиланинг ҳар бир аъзоси учун у лойиқ бўлган мақом ва даражани белгилаб қўйди. Оилада энг олий мақом соҳиблари ота‑онадир. Чунки, инсонни дунёга келишига ҳақиқий сабаб Аллоҳ таоло бўлса, ота‑она эса зоҳирий сабабдир. Бу ҳақиқатни фарзандлар бир лаҳза ҳам унутишлари мумкин эмас.

    Қуръони карим оятларида фарзандларга яхшилик қилишдан кўра ота-онага яхшилик қилиш хусусида кўп айтилган. Чунки, ота‑онага фарзандинга яхшилик қил деб айтиш шарт эмас. Улар ўзлари емай едирадилар, киймай кийдирадилар. Фарзанд учун барча роҳатларидан воз кечадилар. Уларнинг бу хислатлари барчанинг эҳтиромига лойиқ.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Жаннат оналар оёғи остидадир” деганлар. Оналарга итоаткор бўлиш ва уларни рози қилиш жаннатга киришга сабаб бўлади.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам муборак ҳадиси шарифларида ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг хизматларини қилиб дуоларини олиш, уларни норози қилиб қўймаслик, ранжитиб қўймаслик ҳақида кўп марҳамат қилганлар.

     Каъб ал‑Аҳбордан ривоят қилинади: Луқмон уғлига: Эй, Ўғлим! Ким ота-онасини рози қилса, Раҳмонни рози қилган бўлади. Ким ота-онасининг ғазабига учраган бўлса, Раҳмоннинг ғазабини чиқарган бўлади. Эй Болам! Албатта, ота-она жаннат эшикларидан бир эшикдир. Агар рози бўлсалар, Жабборга бориш бор. Агар аччиқлари чиқса, ёпилиб қолиши бор деди.

 Ота-онага яхшилик қилган фарзандга кўп фойдалар бор:

1.Умри зиёда ва баракали бўлади.                                                       

    Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Кимни умри узун бўлиши ва ризқи кенг бўлиши ҳурсанд қилса, ота-онасига яхшилик қилсин ва силаи раҳм қилсин дедилар.

   2.Амаллари қабул бўлади ва жаннатга киради.

 Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир мусулмоннинг ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. деганлар. Ҳикматларда келади:. "Она жаннат эшикларидан бир эшикдир", яъни фарзанднинг онасига яхшилик қилиши уни жаннатга етказади.

Машҳур Қози Иёз Закийнинг оналари вафот этганида қаттиқ йиғлаб туриб: Мен учун жаннатга олиб борадиган икки эшик бор эди, биттаси беркилиб қолди деганлар.

3.Гуноҳлари мағфират қилинади ва тавбаси қабул бўлади.

4.Дуоси ижобат бўлади.

Увайс ал-Қараний розияллоҳу анҳу оналарига жуда меҳрибон, кўп яхшилик қиладиган зот эдилар. Шу сабабли Аллоҳ таоло у кишининг қасамини бажо қиладиган бўлди. Агар бировнинг хаққига дуо қилсалар, истиғфор айтсалар, Аллоҳ таоло у кишининг дуо ва истиғфорини қабул қиладиган даражага эришдилар. Баданларида оқлик бор эди, оналарига қилган яхшиликлари, меҳрибонликлари туфайли унга ҳам Аллоҳ таоло шифо берган эди.

5.Ғам ташвиши кетади ва мушкили осон бўлади.

Уч киши ёмғирдан қочиб бир ғорга кириб олишади, бир харсанг тош думалаб тушиб, улар ўтирган ғорнинг оғзи ёпилиб қолади. Ҳар бирлари қилган солиҳ амалларини васила қилиб, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайдилар. Шунда улардан бирлари кекса ота-онасига қилган яхшилигини эслайди ва: “Агар Сен шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик...” дейди. Шунда, Аллоҳ таоло тирқиш очиб уларга нажот беради.

Ота-оналаримизни рози қилиб хайрли дуоларини олиб қолмоқликни биз фарзандларга Аллоҳ таоло насиб этсин.

 

Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган шаҳар “Яҳёхон тўра” жоме
 масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг