“ОИЛА РИШТАСИ МУСТАҲКАМ БЎЛСИН”.

Ислом таълимотига кўра оила Яратганнинг розилигини топиш, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқлари, исломий одоб билан зийнатланиш мақсадида қурилади. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилади” ( Наҳл сураси,72- оят).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан воз кечса, у мендан эмас” ( яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилиши, оиласини шаръий никоҳ асосида қуриши лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл- насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.
Никоҳ асосига қурилган оилавий турмуш - нозик масала. Унга ақл ва фаросат, мулоҳазакорлик ва босиқлик билан, иккови томоннинг манфаатларини тарозига солиб ёндошиш керак. Энг ачинарлиси, кейинги пайтларда айрим ёшлар никоҳ ва талоқнинг моҳиятини ҳис этмай, бўлар - бўлмас сабаблар билан хотинини талоқ қилишга боришяпти, нафс ва шайтон сўзига кириб ширин турмушларини оғуга айлантиришяпти, гулдай оилани барбод қилиб, фарзандларини тирик етимга айлантиришяпти. Баъзи келинларимиз оиланинг қадрига етмай турмуш қурушга қанчалик ошиқишса, эрдан ажралишга ҳам шунчалик тез киришишади.
Бугун кунда ҳаётга янги қадам қўяётган ёшларнинг никоҳ масаласига масъулиятсизлик билан қараб, “турмуш” дея аталган буюк оламнинг сир - синоатларига, унинг турли машаққатларига, ҳаёт аччиқ - чучукларига, синов - имтиҳонларига ҳамда ташвишларига тайёр эмасликлари аён бўлмоқда.
“Ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади. Ҳаёт ҳамиша ўйин - кулгудан, кўнгилхушликлардан, эхтиросли учрашувлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг аслий ўлчовларидан чекиниб кетишгани учун ўзлари хоҳламаган ҳолда уларнинг бахтларига рахна солишмоқда.
Токи ахлоқимизнинг, одобимизнинг азалий мусаффо чашмаларидан сув ичилмас экан, токи оиламизда чинакам муносабатларга раҳм - шафқат, меҳр - оқибат, ҳурмат - иззат, муҳаббат - садоқат каби фазилатларга қайтилмас экан, бу ихтилофлар, жанжал - можаролар давом этаверади, муросасизлик кучаяверади."
Ҳар қандай киши ўзида йўқ нарсани бошқадан қидиради ва уни қадрлайди. Аммо феъл - атвор ( характер )ларнинг ўхшамаслиги, турли- туманлиги оиладаги муросасизликка, ғишава- жанжалларга сабаб бўлмаслиги керак. Турмуш ва уй- рўзғорга тегишли ишларни эр-хотин бир-бирларидан яширмасликлари керак. Эр баъзида хотинининг ноўрин ишини билса, унга мулойимлик билан насиҳат қилиши, бу ишининг хато ёки гуноҳ эканини тушунтириши зарур. Хотин ҳам эрининг эҳтиёжини, саъйи ва касбида ялқовлигини сезса, уни тўғри йўлга солиб кўнглини кўтарсин, тасалли берсин, ғайрат бағишласин. Икки томон ҳар қандай ҳолатда ҳам бир-бирлари ҳамдард бўлишга аҳд-паймон қилишлари талаб этилади. Масалан, улардан бири касал бўлса, иккинчисининг илтифотсиз қараб, уни боқмасдан ўз ҳолига ташлаб қўймаслиги лозим.
Оила ҳаёти ҳеч қачон фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади ҳамда оила хотиржамлиги тезроқ мустаҳкамланади.
Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022