Оила бахтининг исломий илдизлари

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.
Оиланинг яна бир ўзига хос хусусиятлари, ўзбек оилалари кўп бўғинли бўлиб, аксарият ҳолларда қайнона-қайнота, ўғли ва келин, қайноға, опа, неваралар биргаликда яшашади. Улар бу оилага хос ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда ва шу каби ахлоқий қадриятларни кейинги авлодларга етказишда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, катталарни ёшларга берган сабоқлари рўзғор тутиш, бола тарбиялаш бобидаги тажриба келин, ўғил ва қизларга оила мустаҳкамлигини таъминлашда кейин ҳам асқотади.
Оила-тарбия маскани. Тарбия унинг энг муҳим вазифаларидан саналади. Шу масканда дунёга келган фарзанд ота-онадан нафақат ирсий хусусятларни, балки улардаги хатти-ҳаракат, ахлоқ-одоб, муомала қоидаларини ҳам ўзлаштириб боради. Ота-она ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳалоллик, поклик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик каби олиймақом қадриятлар она сути, оила аъзоларининг меҳри ва намунаси билан бола хулқи, онгига сингийди. Шу боисдан “Қуш уясида кўрганини қилади” деган пурҳикмат сўзлар оила тарбиясининг негизини ташкил этади. Оилада никоҳ, ҳаром, ҳалол, савоб, гуноҳ деган муқаддас тушунчалар ҳам борки, улар ҳаёт учун маънавий устун вазифасини бажаради.
Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати ва бардавомлиги эса, ҳам эр, ҳам хотин тарафидан бўладиган тасарруфлар ва уларнинг бир-бирларига муносабати, одоби, ахлоқи,шахсий хусусятларига чамбарчас боғлиқдир. Ислом манбаларида такидланадики, эрнинг муҳим сифатларидан бири оила бошлиғ эканидир.
Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига “масъулят” деб қаралади. Лекин оила бошлиғи дегани, баъзилар ҳаёл қилганидек, оиланиннг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, “деганим деган” йўсинида “ҳокими мутлақ” бўлиш эмас. Оила бошлиғи сифатида, унинг ҳамма тарафдан баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъулдир. Оиладаги эрнинг вазифаларидан яна бир энг муҳими – хотиннинг ҳақларини тўла адо этишдир. Хотиннинг эрдаги ҳаққи эса анчагина. Шулардан бири уни доим етарли ризқ-рўз билан таъминлашдир. Бу иш эрнинг кундалик вазифаси бўлиши билан бирга, маънавий жиҳатдан энг хайрли ва кони савоб ишлар қаторига киради. Ҳадиси шарифаларда шундай дейилади:
“Хотинингнинг оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор” дейилади.
Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романида ҳам ибратли мисоллар бор. Хотинга одоб-ахлоқ ўргатиш ҳам эрнинг муҳим вазифасидир. Агар хотиндан баъзи одобизликлар ўтса эр яхшилик билан тарбия қилади ва адаб чораларини қўллайди. Аллоҳ таоло “Бақара “сурасида шундай деб марҳамат қилади:
“Улар (хотинлар)сизга либосдирлар сиз уларга либосдирсиз”. (Бақара сураси, 187-оят)
Уруш жанжалсиз оила бўлмайди, “Эр – хотиннинг уруши- дока рўмолнинг қуриши” дейди доно халқимиз. Чунки аразлашиб юрган эр-хотинлар орасидаги муносабат кун сайин ёмонлашиб кетиши мумкун. Бундай пайтда оқил эр ярашув йўлини танлаб, эрталабки даҳанаки айтишувни кечқурун чиройли бир совға (гул, атир, ширин сўз ва бошқа) билан ўртани ислоҳ қилади.
“Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг, чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади” дейилган. Аёллардан “онангни отангга бепардоз кўрсатма” нақлига биноан ўз эрига ҳамиша пардоз билан кўриниши талаб этиладию, нега энди эр оддийгина соч-соқол тузалган озода кийимда ўз жуфти ҳалолига коринмас экан, ахир бу ҳам аёлларнинг эрига бўлган ҳурматини оширади-ку.
Бир куни халифа Умар разияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир аёл ўзига қарамай, либослари кир ҳолдаги эри билан кириб келди-да, шикоят қилиб: Мени бундан халос этинг, эй мўминларнинг амири”,- деди. Ҳалифа хотиннинг ғазаби сабабини тушунди ва эрни ҳаммомга тушиб, сочу тирноқларини олиб, ўзини ростлаб келишига буюрди. У қайтиб келганда, хотини танимасдан, қочди. Сўнг таниб, даъвосидан қайтиб, ярашиб кетди.
Шунда халифа Умар розияллоҳу анҳу: “Аёлларга нисбатан доимо шундай қилинглар! Аллоҳга қасамки, улар сизни зийнатланган ҳолда кўришни яхши кўрадилар. Сизлар ҳам аёлларингизни зийнатли ҳолда кўришни яхши кўрасизлар-ку?”-деганлар. Албатта, зийнатнинг ҳам чегараси, меъёри бор, ундан чиқиб кетилса ҳам бўлмайди.Ясанишга ортиқча берилиш қалб иллатидандир.
Ҳамиша қарс икки қўлдан чиққани каби бахтли оилада фақат эр рисоладагидай бўлиши камлик қилади, шунинг учун ,албатта, хотин ҳам унга мувофиқ равишда рисоладагидай бўлишга интилиши лозим.
Мансурхон Нишанов,
Чортоқ туман “Хазрати Усмон” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022