ОИЛА- ИСЛОМ НИГОҲИДА

Аллоҳ таоло инсоният наслининг никоҳ йўли билан давом этишини ирода қилиб, Ўзининг сўнгги ва мукаммал динида бунга оид барча ҳукмларни баён этган. Шунинг учун динимизда ушбу муқаддас робита – никоҳ туфайли вужудга келадиган оилага катта эътибор берилади. Ислом дини никоҳни, оиланинг шаънини қанчалик ҳимоя қилишини, махлуқотнинг гултожи бўлмиш инсон наслининг давомийлигини таъминловчи илоҳий кўрсатмалар Қуръони каримда ҳам бош мавзулардан бири эканини англаш учун Нисо сурасидан икки оят ва уларнинг тафсири билан танишиш кифоядир.
«Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримларини (эркакларни) айримларидан (аёллардан баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятлилардир (яъни эрининг сирини, молини ва обрўсини сақловчидир). Хотинларнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилинг, сўнгра (бу таъсир қилмаса) уларни ўринларда (алоқасиз) тарк этинг, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) уринг. Аммо сизга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ олий, улуғ Зотдир» (34-оят).
«Агар (эр-хотиннинг) оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборинг. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон, хабардор Зотдир» (35-оят).
Келинг, ушбу оятларни батафсил таҳлил қилиб кўрайлик. Ҳа, жамият хайр-барака ила ривож топиб бориши учун унда тартиб-интизом, тинчлик-омонлик ҳукм суриши, муайян бир раҳбар бўлиши лозим. Ислом таълимотига кўра, оила жамиятнинг асосидир. Шундай экан, оиланинг ҳам раҳбари бўлиши керак. Ана шу раҳбарлик эркакка берилган.
Демак, эркак киши оилага раҳбар этиб тайинланганининг иккита сабаби бор экан.
Биринчиси – Аллоҳ таоло эркакни аёлдан устун, афзал қилиб яратганидир. Дарҳақиқат, эркак киши жисмоний тузилиши, ички ва ташқи қиёфаси, иродасининг мустаҳкамлиги, руҳий-нафсоний ва бошқа жиҳатларга кўра оила раҳбари бўлишга мос қилиб яратилган.
Иккинчи сабаб оила қуриш ва бу йўлдаги барча сарф-харажатлар эркак кишининг зиммасида эканидир. Бундай раҳбарлик улкан масъулиятдир. Ушбу масъулият эркак кишининг зиммасига оилага, жумладан, аёлга раҳбарлик, ҳомийлик қилиш, устоз бўлиш, унинг ҳаётий эҳтиёжларини қондириш ва муҳофаза қилиш вазифаларини юклайди.
Оятнинг мазмунидан кўриниб турибдики, эркак киши раҳбарликка сабаб бўлган шартларга жавоб бера олмаса, раҳбарлик уларнинг қўлидан кетади. Масалан, оиланинг нафақаси, таъминоти эркакнинг зиммасида эди, лекин эркак ҳеч бир сабабсиз уйда ўтириб, ўрнига аёлини ишлашга мажбур қилса, бечора хотин оиламни боқаман деб, бола-чақамни едириб-ичираман, эримга қарайман деб бозорма-бозор, юртма-юрт сарсон-саргардон кезса, табиийки, бундай оиладаги раҳбарлик ўз-ўзидан ўша аёлнинг қўлига ўтиб қолади. Чунки молиявий бошқарув кимнинг қўлида бўлса, ҳал қилувчи қарор эгаси ҳам ўша бўлади. Бундай ҳолат аввало эркакни оила раҳбарлигига мос қилиб яратган Аллоҳ таолонинг иродасига қарши чиқиш бўлиб, жамият низомининг бузилишига ҳам олиб келади. Инсоф билан ўйлаб кўрайлик, бугун тўйгача, тўй ва ундан кейинги кўпгина сарф-харажатлар асосан қиз томондан қилинмаяптими? Худди мана шу нарса турмушнинг илк кунлариданоқ эрнинг тилини қисиқ қилиб, оиладаги раҳбарлик ва масъулиятнинг келин қўлига ўтиб кетишига сабаб бўлмаяптимикан?!
Аллоҳ таоло юртимиздаги барча оилаларни мустаҳкам қилсун. Эркакларни оилага бўлган масъулиятини зиёда этсин.
Мансурхон Нишанов,
Чортоқ тумани “Ҳазрати Усмон” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022