Қоронғи режим
Image
Logo

ОИЛА ЖАМИЯТ АСОСИДИР

ОИЛА ЖАМИЯТ АСОСИДИР

Убайд ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: "Ким менинг фитратимни яхши кўрса, суннатимни маҳкам ушласин, никоҳ эса суннатимдандир" (Имом Байҳақий ривояти).

Набий муҳтарам соллаллоҳу алайҳи васалламни мана шу ҳадисни айтишларига туртки бўлган бир воқеа бор. Саҳобаларнинг ичида тақвоси ва ибодати билан ажралиб турадиган, доим зикру-тасбиҳда бўлган ва ҳатто жоҳилият даврида ҳам маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилмаган, ўзи учун ҳаром деб билган Усмон ибн Мазъун исмли саҳоба бўлар эди. Аёлининг исми эса Ҳавла бинту Ҳаким эди. Қисқаси, кунларнинг бирида Ҳавла розияллоҳу анҳо эридан шикоят қилиб қолди. "Ё Расулуллоҳ. Эрим Усмон кундузи рўза тутиб, кечалари ибодат билан машғул, лекин мен билан иши йўқ", деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дарғазаб бўлиб, Усмоннинг ҳузурига пойафзалларни кийишга ҳам қаноат қилмай, кўтариб чиқиб кетдилар ва уни намоз ўқиб турган ҳолда топдилар. Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб ўгирилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Усмон! Аллоҳ мени роҳиблик учун юбормади. Мени мулойимлик, енгиллик, очиқюзлик бўлиш учун юборди. Мен ҳам намоз ўқийман, рўза ҳам тутаман, шу билан бирга аҳли оиламни ҳам ушлайман. Ким мени фитратимни яхши кўрса, суннатимни ушласин, никоҳ эса суннатимдандир», дедилар. Шундан сўнг Усмон розияллоҳу анҳу йиғладилар, Аллоҳга тавба қилдилар ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг танбиҳларидан сўнг аёлларига нисбатан муомалалари ўзгарди ва ҳаётлари гўзал бўлди.

Ушбу ҳадисда ҳозирда оила қурган ва турмуш остонасида турган ёшларимиз учун гўзал ибрат бор, десак адашмаган бўламиз. Энг аввало, оилада соғлом муҳит шаклланиши учун унинг ҳар-бир аъзоси ўзига юклатилган бурч ва мажбуриятлари нималардан иборат эканини билмоғидир. Қолаверса, бирон-бирида келишмовчилик юзага келган пайтда улуғларнинг насиҳатига қулоқ солмоғи керак. Юқоридагиҳадис қаҳрамони бўлмиш Усмон ибн Мазъун каби. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг танбеҳларига жавобан итоат қилдилар ва турмушлари фаровон бўлди. Биз ҳам ўрни келганда, хусусан рўзғоримизда учраб турадиган, аслида арзимас бўлган дилхираликларда катталаримиз қилган панду-насиҳатларига амал қилсак, иншааллоҳ, оиламизни мустаҳкам бўлиб қолишига замин яратган бўламиз.

 

Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг