Қоронғи режим
Image
Logo

ОИЛА ВА УНИНГ МУҚАДДАСЛИК СИРИ

ОИЛА ВА УНИНГ МУҚАДДАСЛИК СИРИ

Оила жамиятнинг муқаддас маскани, энг асосий тарбия маконидир. Оиладаги  ота ибрати, она меҳри, бобо ва бувилар ўгитлари орқали миллий қадриятларимизга бўлган имон-эътиқод, ҳалоллик, меҳр-оқибат авлоддан авлодга ўтади, фарзандларимиз онги ва қалбида муҳрланиб боради. Иқтисодий жиҳатдан фаровон, ижтимоий-ахлоқий ва ғоявий муҳити соғлом оила негизида юзага келган жамият ва давлатнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Чунки бундай оилаларда маънавий баркамол инсон вояга етади, унинг ҳис-туйғулари, дунёқараши, тафаккури эл-юртга ҳалол хизмат қилишдек инсонпарварлик ғоялари билан суғорилган.

Ўзбекларда оиланинг раҳбари ота ҳисобланиб, у оилани моддий жиҳатдан таъминлашга масъулдир. Отанинг раҳбарлиги тўғрисида Қуръони каримда «Эркаклар хотинлари устидан раҳбардурлар»  дейилган. Оят моҳиятини таҳлил қиладиган бўлсак, оиладаги молиявий масалалар, четдан бўладиган хуружлардан уни ҳимоя қилиш отага юклатилмоқда. Нафақат раҳбар, балки ота-оила посбони. Ота бор хонадон чароғон, болалар юзида табассум, она қалбида осойишталик.

Оилада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарор бўлиб туришида, фарзанд тарбиясида онанинг, аёлнинг ўрни беқиёс. Фарзандларимизнинг оилада шаклланган имон-эътиқоди, одоби, ғурури, ифтихори, орияти, маҳалла муҳитида мустаҳкамланиб боради. Оилада имон-эътиқодли ориятли этиб тарбияланган қиз ёки ўғил маҳалланинг шаъни, обрўси, келажаги учун қайғуради. Маҳаллада юзага келган ҳар қандай нохушликларга барҳам беришга интилади.

Аллоҳ таоло аёлни шундай улуғ зот қилиб яратдики, у ўзининг ақл-идроки, фаҳм-фаросати билан эрига ҳузур бағишлайди, хонадонга файз-баракот келтиради. Ана шундай аёл туфайли эр икки дунё саодатига эришади. Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломни яратиб, жаннат неъматлари билан сийлади. Жаннатда ҳамма нарса муҳайё эди. Лекин Одам алайҳиссаломга нимадир камлик қилаётгандек туюлар эди. Шунинг учун Аллоҳ Ул зотнинг чап қовурғасидан Момо ҳаво онамизни яратиб, Одам алайҳиссаломнинг қалби таскин топди. Солиҳа, обида, ақлли аёл никоҳингизда бўлса, сиз ҳаёти дунё жаннатидасиз. Бундай  аёл ўз фазилатлари билан фаришталардан ҳам улуғдир.

Ҳар қандай дин  инсонга бу дунёнинг ўткинчи эканини ва охиратни ўйлаб яшашга, одам боласини хушёр бўлишга, нопок йўллардан узоқ юришга, ҳаётда, яхши из қолдиршга даъват этади. Ислом дини ҳам одамларда ишонч ҳиссини мустаҳкамлаб, мусулмонларнинг қалбларини поклантиради, ҳаёт синовлари, муаммо ва қийинчиликларни енгиб ўтишларида уларга куч бағишлайди, умуминсоний маънавий қадриятларнинг авлоддан-авлодга етиб келишига хизмат қилади. Шунинг учун ҳам ислом инсоннинг ишончли ҳамроҳи, ҳаётимизнинг муҳим қисми бўлиб қолмоқда.

Акмалхон Саппанов,
Янгиқўрғон тумани
бош имом- хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг