Қоронғи режим
Image
Logo

Оилаларимиз тинч бўлсин!

Оилаларимиз тинч бўлсин!

Одам алайхиссалом яратилибдики инсон яшашга ва бахтли бўлишга хақли бўлиб келмоқда. Одам алайхиссаломга бахт тугал бўлиши учун Хавво онамиз яратилиши эса чинакам бахт, хар эр ўз тенги бўлган аёлга етишгачгина хосил бўлишига далолатдир. Эру хотинчилик, оила бўлиб яшаш  фарзандларга ва уларнинг тарбиясига жуда хам мухимдир. Агар никох бўлмаса, инсонлар бир умр йўлдоши танлаб, у билан бирга яшамаса, насллар бузилиши, фарзандлар ота ва она мехрини, тарбиясини кўрмай ўсиши, натижада эса уларда ота ва она хақида қайғуриш, оқибат, мехр тушунчалари йўқолиб боради. Охир оқибат ёшлигида хавасларига берилиб юрган эру аёллар қаригач хору зор бўлишга махкумдирлар. Шунинг учун хам оила тизимига катта эътибор қаратиш лозим.

Оила қуриш жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатлари бўлиб, ҳадиси шарифда: “Никоҳ менинг суннатимдир. Кимда-ким менинг суннатимдан воз кечса, у биз (умматим)дан эмас”, дея марҳамат қилинган. Ушбу ҳақиқатни эътироф этган ҳолда турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш билан бирга, мамлакатимизда амалда бўлган қонун-қоидаларга ҳам амал қилишимиз зарурдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Шаръий никоҳдан ўтиш одоблари” ҳақидаги фатвосида никоҳдан ўтиш маросими бизнинг диёримизда қадимдан миллий ва диний удумлар асосида амалга ошириб келингани, шаръий никоҳдан ўтишда Ислом динимизда келин-куёвлардан талаб қилинадиган бир қанча шарт ва одоблар борлиги, уни барча яхши билиб олиши ва амал қилиши зарурлиги уқтирилган. Фатвода бундай дейилади: “Шаръий никоҳ шартларига давлатимизнинг никоҳ ва оила тўғрисида қабул қилган қарор ва қонунлари ҳам қўшилди. Масалан, келин-куёв шаръий никоҳдан олдин никоҳни қайд қилувчи давлат идоралари рўйхатидан ўтиб, расмий гувоҳнома олган бўлиши лозим. Расмий никоҳдан ўтмаган ёш оилалар ажрашадиган бўлса, она тирик етим боласи билан кўчада қолиши мумкин”.

Шундан ҳам кўриниб турибди, оила мустаҳкам бўлишини ўйлаб, уни давлат қонунлари билан муҳо­фазаланган ҳолда қуриш, никоҳ ўқитиш чоғи юқоридаги фатвога амал қилиш билан кўнгилсиз воқеаларнинг олди олинади.

Ота-оналар фарзандини ёш, одоб-ахлоқ жиҳатидан оила қуришга тайёр эканига қаноат ҳосил қилишлари, сўнг никоҳдан ўтказишлари шарт.

Умр савдоси бўлган никоҳ масаласи доимо кенг мушо­ҳада ҳамда кенгаш билан амалга оширилгани маъқул. Шу ўринда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадиси шарифларини эсга олиш лозим: “Қизларни турмушга бериш борасида оналари билан маслаҳатлашинглар”.

Агар бўлажак келин балоғат ёшига етган бўлса-ю, эр, оила масъулияти ва жамият олдидаги бурчини англаш, бажариш даражасида бўлмаса, у оиласида ҳам, жамиятда ҳам ўрнини тополмайди.

Хулоса қилиб айтамизки оила қуриш ва жуфтлашиш бу хаёт қонунидир. Оилаларимиз тинчлиги эса жуфтларнинг салохияти ва ахилликларига боғлиқдир.

 Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул муқаддас” жоме
 масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг