Қоронғи режим
Image
Logo

"ОИЛАВИЙ МУНОСАБАТЛАР"

Оила қуришдан кўзланган асосий мақсад покиза насл қолдириш. Эркак - аёл жуфтлигини шаръий асосда бирлаштириб, уларга бир-бирларидан лаззатланиш ва манфаат олишни никоҳ ҳалол қилади.

Шариатимизда ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига оид йўл - йўриқлар ипидан - игнасигача батафсил баён этиб берилган.

Куёв ва келин мустақил ҳаётга қадам қўйишар экан, оила деб аталмиш гўшанинг ўзига яраша сирлари бўлади. Оилавий сирлар фақат оилага тегишли бўлгани сабаб атрофдагиларга ошкор қилинмайди. Шунингдек, эр - хотинлик одоблари борасида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда бу масаланинг нозик жиҳатларигача келтириб ўтилади.

Жумладан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: "Агар бирортангиз ўз аҳлига яқинлик қилишни ирода этган пайтида:" Бисмиллаҳи, Аллоҳумма! Жаннибнаш - шайтона ва жаннибиш - шайтона маа розақтана", деса, албатта, агар ўшандан уларга фарзанд бериладиган бўлса, унга шайтон ҳеч қачон зарар етказа олмайди "(Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Абу Довуд, Имом Насоий ривояти).

Никоҳнинг одобларидан яна бири эр - хотин орасида бўладиган ишларни бошқаларга айтмасликдир. Бу борада Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади:" Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Қиёмат куни Аллоҳнинг наздида мартабаси энг ёмон одам аёлига яқинлик қилиб, аёли унга яқин бўлгандан кейин сирини одамларга ёйиб юрадиган кишидир", дедилар (Имом Муслим, Имом Аҳмад ривояти).

Бундан кўриниб турибдики, эр - хотинлик сирларини бошқаларга ошкор қилиш гуноҳ ҳисобланади.

Шариат ҳаром қилган яна бир масала борки, уни ҳар бир эркагу аёл билиши шарт.

    Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадиси шарифда:" Лут қавми амалини қилган кимсани Аллоҳ лаънатласин", деб уч бора такрорлаганлар (Ибн Ҳиббон ривояти). Демак, ким бу жирканч ишни аёлига қилса, охиратда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум бўлади.

Аллоҳ таоло ҳаром қилган бу ишнинг зарарларини бугун тиббиёт ҳам исботлади. Шундай ахлоқсизлик қилган инсонлар вақт ўтиб ногирон бўлиб қолиши кузатилади.

Шунингдек, ношаръий яқинлик сабабли ўта хавфли касалликларнинг юзага келиш эҳтимоли юқоридир.

Юқоридагилардан англашиладики, оилавий муносабатлардаги ҳалол нарсалар маълум. Ҳаром қилинган ишлар ҳам аниқ. Мўмин - мусулмон ҳалол амалларни ўзига касб қилиб, ҳаромдан узоқ бўлса, оиласи фаровон бўлади, ўзи ҳузур ва ҳаловат топади. Аллоҳнинг розилигига эришади. Аксинча, ҳаром амалларга яқинлашар экан, савоб қозониш имконини бой бериб, Аллоҳнинг марҳаматидан узоқлашади.

Аллоҳ таоло барча мўминларни бундай ёмон оқибатдан асрасин! Муқаддас никоҳ асосида қурилган оиламизни барчамиз учун фароғат ва ҳаловат маскани қилсин.

 

Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум”
жоме масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг