Қоронғи режим
Image
Logo

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗ ҲАМ ОМОНАТ

ОПА-СИНГИЛЛАРИМИЗ ҲАМ ОМОНАТ

Муқаддас динимизда опа-сингилларнинг ҳақларига риоя ва ҳимоя қилишга чақирилади. Агар эрлари уларга зулм қилиб, талоқ берсалар, укаси ёки акасининг уйига келган чоғлари, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш жигарларига лозим бўлади. Эрининг хонадонига қайтиб кетишга мажбурланмайди. Фақатгина ўзларида рағбат бўлса, уларни эъзозлаган ҳолда, шаънини ҳимоя қилиш орқали, икки томоннинг манфаатини ўйлаб қайтарса, жоиз. Шарти, талоғини ўрганиш керак. Бир талоқми, иккими, учми, ражъийми, боинми, таълиқми ва ҳоказо. Агар уч талоқ бўлса, юқорида айтилганидек, ака ёки ука бўлмиш, уларни таҳқирламасдан, нафақасига эътиборли бўлиши керак. Бунга далил қуйидаги ҳадиси шарифдир.

Жобир розиялоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам вафот этдилар ва ортларидан олти ёки еттита қиз қолди. Мен бир жувонга уйландим. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мендан: «Уйландингми, Жобир?», деб сўрадилар. Мен: «Ҳа», дедим. Шунда у зот менга: «Қизга уйландингми ёки жувонгами?», дедилар. Мен: «Жувонга», дедим. Шунда у зот: «Қизга уйлансанг бўлмасмиди, сен у билан ўйнашардинг, у сен билан ўйнашарди. Сен уни кулдирардинг, у сени кулдирарди», дедилар». Мен эса: «Хабарингиз бор, отам ҳалок бўлди ва қизлар қолиб кетди. Мен уларга ўхшаган қизни олиб келишни кариҳ кўрдим. Шунинг учун, уларга қараб турсин ва ислоҳ қилсин, деб бир жувонга уйландим», дедим. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ сенга барака берсин", дедилар. Ёки бошқа бир ривоятда: «Яхши иш қилибсан», дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Мазкур ҳадисда Жобир розияллоҳу анҳунинг жигарлари учун керак бўлса, ўзларини фидо қилганларини кўришимиз мумкин. Чунки, у кишида бокирага уйланиб, куёвлик гаштини суриш имкони бор эди. Лекин у зот сингилларини ўйлаб, мана шундай жасорат кўрсатдилар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мақтовларига сазовор бўлдилар. Бу эса биз учун ибратдир.

Аллоҳ таоло бахтимизга опа-сингилларимизни ҳамиша паноҳида асрасин!

 

Қодиржон Умурзаков,
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"жоме
масжидининг имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг