Ойларнинг сарвари, Мохи Рамазон муборак!

Ҳар бир яратилмиш нарса доимо инсонга наф келтириб, уни ризқига, умрига, либосию маркабига ўз хиссасини қўшади. Баъзи бир неъматлар борки, инсоннинг дунёдаги иш, амалларида адашиб, хато қилиб гуноҳ ва маъсиятлар қилган бўлса, шулардан поклаб, охиратда жаннатни топишига ўз хиссасини қўшади. Бундай неъматлардан намоз, рўза, закот, ҳаж амалларини ўрни беқиёс. Сабаби Аллоҳ инсонни мана бу амалларга буюришда, унга гуноҳлардан дунё ҳаётида покланиш, охиратга хатоси ўчирилган холда ўтишини ирода қилган. Шундай улуғ неъматлардан бири ва афзали муборак рамазон ойи ва рўзасидир.
Ўлкамизга ойларнинг сарвари, ўн бир ойнинг султони, Аллоҳнинг муборак Китоби Қуръони карим нозил бўлган ой, моҳи шарифи Рамазон ташриф буюрди. Барчамиз ушбу орзиқиб кутилган муборак айёмга эсон-омон етганимиз учун Аллоҳ таолога беадад ҳамду сано ва шукроналаримиз бўлсин! Бу ой Қуръон, тақво, барака, раҳмат, мағфират, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш, жаннатга эришиш ва дўзахдан озод бўлиш ойидир. Шу боис бутун дунё мусулмонлари бу табаррук ойни солиҳ амаллар ва Аллоҳ розилиги йўлидаги ибодатлар ойига айлантиришади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойи рўзаси ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада “Эй, инсонлар” деб эмас, балки “Эй, имон келтирганлар” деб хитоб қилди. Бу шаклдаги хитобда уламоларимиз “Эй, менга имон келтириб, мени яхши кўрган бандаларим! Сизларга рўза тутишни фарз қилдим” деган маъно борлигини айтадилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи ҳақида шундай деганлар: “Кимки Рамазон ойи келишидан шодланса, Аллоҳ таоло унинг жисмини дўзах ўтига ҳаром қилади”.
Рамазон ойида ҳар бир киши қалбини поклаши, ўзаро хусумат ва гиналарни йўқотиш, қўни-қўшнилар ва қавму қариндошлар орасида ёрдамга мухтожларга мурувват кўрсатиш, қариндошларга силаи раҳм қилиш, беморларни зиёрат қилиш, етимлар бошини силаш, ёлғиз кексалар ва имконияти чекланган шахсларни (ногиронларни) ҳолидан хабар олиш каби савобли ишларга шошилиши ва бировнинг дилига озор етказиш, ҳаққига тажовуз қилиш каби барча гуноҳ ишлардан ўзини тийиши лозим бўлади.
Рўза ва Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: рўза: “Эй, Роббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим, унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, иккови ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривояти).
Имом Насаий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди ва мен унинг қиёмини сизлар учун суннат қилдим. Кимики имон ва ишонч билан савоб умидида рўза тутса ва кечалари қиёмда турса, онадан туғилган кунидагидек гуноҳлардан пок ҳолда чиқади” (Имом Насоий ривояти).
Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, Аллоҳнинг буюк ваъдаларига сазовор бўлишликка тарғиб қилинмоқда.
Шунинг сингари бу ойнинг инсонлар гунохларига каффорот бўлиши ва жаннатга етишишига сабаб бўлишдаги омил эканини исбот қиладиган кўплаб ояту-хадисларни келтириш мумкин. Барчамиз Аллох бизга неъмат қилиб берган, охиратдаги манфаъатларимизга хизмат қилдириб қўйган бу ойни қадрини билиб, ғанимат билайлик. Олдимизга тоату-ибодатларни, таровеху- хатмоналарни, мехру-саховатни бош мақсад қилиб қўйсак ва шунга интилсак, бу ой охирида гўё онадан туғилган сингари пок бўлиб, савоб жихатидан тоғданда улкан бўлиб борамиз иншааллох! Аллох барчаларимизга бу ойни муборак қилиб, ибодатларимизни қабул айласин!
Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман “Байтул Муқаддас” жоме
масжиди имом хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022