Қоронғи режим
Image
Logo

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕЧИРИМЛИЛИКЛАРИ.

ПАЙҒАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕЧИРИМЛИЛИКЛАРИ.

Динимиз бизни солиҳ амалларга буюриш билан бирга намунали ва гўзал ахлоққа ҳам тарғиб этади. Зотан, дин уч нарсадан иборатдир: тўғри ақида, солиҳ амал ва намунали хулқ.  Ана шу мақталган ахлоқлардан бири ҳалимлик ва кечиримлиликдир. Бир сўз билан айтганда кечиримли бўлиш, динимиз таълимотидир.
Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрилган. Демак, кишилар ўзаро бир бирларини кечириши, афв қилишлиги билан жамиятда аҳиллик, бирдамлик ва бир бирини қўллаб-қувватлаш, бунинг натижасида мустаҳкам жамият барпо бўлади.
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқларида ҳам кечиримлилик ўз аксини топган эди.  Оиша онамиздан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Уҳуд ғазотида жароҳат олдилар, муборак юзлари қонади. Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай дейдилар: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом юзларидаги қонни артиб, ўтган пайғамбарлардан бирини қавми уриб, жароҳат етказишганини айтиб турганлари кўз ўнгимда турибди. У зот алайҳиссалом: “Эй, Аллоҳ! Қавмимни кечиргин, улар билишмаяпти”, дер эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).
وَلَا يَأْتَلِ أُولُو الْفَضْلِ مِنْكُمْ وَالسَّعَةِ أَنْ يُؤْتُوا أُولِي الْقُرْبَىٰ وَالْمَسَاكِينَ وَالْمُهَاجِرِينَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلْيَعْفُوا وَلْيَصْفَحُوا أَلَا تُحِبُّونَ أَنْ يَغْفِرَ اللَّهُ لَكُمْ وَاللَّهُ غَفُورٌ رَحِيمٌ
   22. Сизлардан фазл ва бойлик эгаси бўлганлар қариндошларга, мискинларга ва Аллоҳнинг йўлида муҳожир бўлганларга (нафақа) бермасликка қасам ичмасинлар, бас, авф этсинлар, ўтиб юборсинлар. Аллоҳ сизларни мағфират қилишини хуш кўрмайсизларми?! Аллоҳ ўта мағфиратли, ўта раҳмли зотдир». (Ойиша онамиз қуйидагиларни айтадилар: «Аллоҳ таоло мени оқлаш учун ушбу оятларни нозил қилганида Абу Бакр (у киши қариндош бўлгани ва фақирлиги учун Мистоҳ ибн Асосага нафақа бериб турардилар): »Аллоҳга қасамки, Ойиша ҳақида қилган гапи учун Мистоҳга абадий ҳеч нарса бермайман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди. Абу Бакр (розияллоҳу анҳудан ) дарҳол: «Ҳа! Аллоҳга қасамки, албатта, Аллоҳ мени мағфират қилишини хуш кўраман», дедилар ва Мистоҳга бериб юрган нафақаларини қайтадан жорий қилдилар. Сўнгра: «Аллоҳга қасамки, бу нафақани ундан ҳеч узмайман», дедилар».).
Бу воқеа бизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ва саҳобаларининг кечиримлилик ва улуғ хулқларини кўрсатади.
Барча гўзал хулқларни ўзларида жам қилган Зот –  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилати борасида шундай деганлар:  “Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг нечоғлик кечиримли бўлганларини юқорида зикр қилинган воқеалардан билиб олдик. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечиримлилик, ҳалимлик борасида бирор инсон ета олмайдиган юксак даражада бўлганлар. Пайғамбарлар инсонларнинг энг афзали бўлса, у зот пайғамбарларнинг энг афзали эдилар. Кечиримлилик у зотнинг ажралмас ва етук сифатлари эди. Ул зоти бобаракотнинг бу хислатларидан ҳар бир мусулмон ўрнак олиши лозим.

Жаъфархон Суфиев,
Тўрақўрғон тумани "Исҳоқхон тўра" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг