Қоронғи режим
Image
Logo

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ.....

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ.....

Маълумки, Рамазон ойининг фазилатларидан яна бири Қадр кечасини шу ойда бўлишидир. Қадр кечасининг улуғлиги ва ундаги ажр-савобларга  йилнинг бошқа ойларидаги бирор-бир кеча тенг кела олмайди. Ибн Абу Ҳотимдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни зикр қилиб, “улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бу муддат давомида бир кўз очиб юмгунча ҳам гуноҳ иш қилмаганлар” деганларида саҳобаи киромлар бундан ғоятда ажабландилар. Шунда Расулуллоҳнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссалом келиб: “Умматингиз шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди”, деб, қуйидаги Қадр сурасини ваҳий орқали тушурганлар:  “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxширокдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 1-5 оятлар). 

Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом: “Бу сизнинг умматингиз ажабланган нарсадан афзалдир”, дедилар. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ва атрофларидаги саҳобаи киромлар жуда хурсанд бўлдилар.

Демак, Қадр кечаси учун алоҳида бир тўлиқ сурани нозил бўлиши – бу кечанинг нақадар улуғ эканига далолат қилади. 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини мақтаб бундай деганлар:  “Аллоҳга қасамки, Рамазон ойида минг ойдан афзалроқ бир кеча бор. Ким уннинг яхшилигидан маҳрум бўлса, шубҳасиз (жуда кўп нарсадан) маҳрум бўлибди” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Демак, Қадр кечасини топиб, уни ибодат билан ўтказкан киши 83 йилу тўрт ой тўхтовсиз ибодат қилганни савобини олар экан. Бу биз уммат учун нақадар катта бахт. Аллоҳ барчамизга насиб қилсин!

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай деганлар:  “Ким Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур” (Имом Бухорий ривоятлари).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган. Сабаби, бандалар Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида имкон қадар кечаларини тоат-ибодат, дуо-тазарруълар билан ўтказиб, дунё ва охиратларига тегишли барча нарсаларни бундай дуолар ижобат бўладиган кунларда сўраб олсинлар.

Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар:  “Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларидан изланглар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Шундай экан, мусулмон киши рамазон ойининг охирги ўн кунида жидди-жаҳд билан ибодат қилиши, хусусан 27 кечада эса бошқа кунга нисбатан янада шижоат ила ибодатга берилмоғи керак бўлади. Шояд, Аллоҳ таоло ўзининг кенг раҳмати ила минг ойдан яхшироқ бўлган кечани топишга барчамизни муваффақ қилса!

Ойша разияллоҳу анҳо онамиз “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўраганларида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:  “Сиз: “Аллоҳумма иннака ъафуввун, туҳиббул ъафва фаъфу ъанний”, яъни, “Ё Аллоҳ, албатта, Сен кечирувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Мени (гуноҳларимни) кечиргин” деб айтинг”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Қадр кечасини нафл ва қазо намозлар, зикру тасбиҳлар, Қуръон тиловати, китобхонликлар каби савобли амаллар билан ўтказишимиз керак. Шунингдек, фурсатдан фойдаланиб ибодатимиз сўнгида Аллоҳ таолога дуо-тазаррулар қилиб, Рамазон ойидан гуноҳлардан фориғ бўлиб чиқишимиз ва барча эзгу мақсадларимизга эришишимиз каби ҳожатларимиз ҳамда Аллоҳ таоло юртимизни тинч қилиб, ҳар хил бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлашини Аллоҳдан сўрашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Шу ўринда Рамазоннинг саховат ойи эканини яна бир бор ёдга олсак. Қавму қариндош ва маҳалла кўй ичида боқувчиси йўқ, қийналганларга таом бериш, уларни ҳолидан хабар олиб машаққат ва ташвишларини аритиш мўминнинг оғирини енгил қилиш ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бир биродаримнинг ҳожатида юриш мен учун мана бу масжидда (яъни Масжиди Набавийда) бир ой эътикоф ўтиришдан яхшироқдир. Ким биродарининг ҳожатини раво қилиб бергунигача у билан бирга юрса, Аллоҳ уни қадамлар тойиладиган кунда (қиёмат кунда) собитқадам қилади (қадами тойилмайди)” (Имом Табароний ривояти).

Динимиз эзгулик, яхшилик, меҳр-мурувват, хайру саховат динидир. Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, ўзганинг эҳтиёжини ўзиникидан устун кўриш динимизда энг юксак қадрланадиган, барчага ўрнак қилиб кўрсатиладиган чинакам исломий фазилатдир.

Демак, биз жамиятда яшар эканмиз, кундалик ҳаётимизда қўни-қўшни, дўсту ёрлар ва турли инсонлар орасида қийинчиликларга учраган кишиларга дуч келамиз. Бундай ҳолатдаги инсонларни дардини эшитиш ва имкон даражасида ҳам моддий ҳам руҳий кўмак бериш мўминлик вазифаси ҳисобланади. Қолаверса, бундан хайрли ишларни нафл ибодатга фарзни савоби бериладиган ва фарз ибодатга етмишта фарзни савоби бериладиган Рамазон ойида қилсак айни муддао бўлади.

Аброрхўжа Рашидов,
Чортоқ тумани “Абу Бакр Сиддиқ” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг