Қоронғи режим
Image
Logo

ҚАБРИСТОНЛАРНИ ОБОД ҚИЛИШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР!

ҚАБРИСТОНЛАРНИ ОБОД ҚИЛИШ ҲАР БИРИМИЗНИНГ БУРЧИМИЗДИР!

Аллоҳ таоло инсонни бу дунёнинг азизу мукаррам қилди, жонзотлар ичида энг афзали қилиб яратган. Одамзод шундай мўьтабар шарафга муяссарлиги учун ҳам ҳамиша эъзозу эҳтиром этиб келинган. Бу эъзоз ва ҳурмат у вафотидан кейин ҳам давом этади. Марҳумларнинг руҳи покини азиз тутиш, қабрларни зиёрат қилиб, уларни ободонлаштириш, ўтганларнинг руҳи покига Қуръон тиловат қилиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.  Инсон бу дунёда яшаркан, ўзидан яхши ном қолдиришга интилади. Яхши номга эса, албатта, савобли ишларга қўл урмоқлик билан эришилади. Ана шундай эзгу ишларнинг ажралмас қисми эса қабристонларни обод қилиш.

Бу халқимизнинг азалий одатидир. Озодалик, поклик ва хамжихатлик халқимиз қонига сингган азалий қадрият, гўзал анъаналардан бири. Муқаддас динимизда хам поклик бирламчи масала саналади. Хашар бахона одамлар орасида оқибат ришталари боғланади, ён-атроф тартибга келтирилади. Қабристонлар гул-майсаларга, яшилликка бурканса, ҳар бир қабр усти тозаланиб, саришта қилинса, марҳумлар руҳи шод бўлади. Шу боис марҳумларнинг руҳи-поки қўним топган масканлар — қабристонларни обод қилиш, қабрларни зиёрат этиш одобига тўла амал қилиш лозим. Азалдан юртимизда қабристонни қуриб қолган гиёҳлардан тозалаб, ўрнига гул экиш расм бўлган. Бу ҳам марҳумларга бўлган ҳурмат белгисидир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабр устидаги гиёҳ қуригунга қадар қабр эгаси ҳақига салавот айтиб туришини баён қилганлар.шундай экан ҳар биримиз бу каби фазилатли ишларни бажаришда албатта унинг одобларига ҳам тўла-тўкис амал қилишимиз зарур бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳйи ман қилганлар”. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

1.“Қабрни бўр билан суваш”.
Бўрсувоқ лойсувоқдан бир оз зийнатли чиқиши, оқ бўлиши эътиборидан қабрга нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки бу ишда тириклар учун керакли бўлган молни зое қилиш бор. Исломда эса ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Шундай экан, бўрсувоқ ман қилинганидан кейин, қабр устига ундан кўра кўп маблағ кетадиган нарсаларни қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тош-мармарлар қўйиш, занжир, панжара тортиш, сурат чиздириш, гул қўйиш ва ҳоказолар мутлақо мумкин эмас.

2. “Қабр устига ўтириш”.
Шунингдек, тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу тасарруфда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.

3. “Қабр устига бино қуриш” 

Бунда ҳам бўр билан сувашдаги каби, қабрни зийнатлаш ва молни зое қилиш бор. Баъзи уламолар: қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди, шунга биноан, қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак», деганлар.

4. “Қабрнинг устига ёзиш”. 

Жумҳур уламолар: «Қабр устига унинг эгасининг исмини ҳам, бошқа бирор нарсани ҳам ёзиш мумкин эмас», деганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса: «Қабрнинг йўқолиб кетиши ёки хорланишининг олдини олиш учун белгига ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзса бўлади», деганлар. Ушбу нарсани яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга айниқса ҳозирги кунда жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга амал қилмай қўйилган. Валлоҳу аълам! Интернет манбалари асосида таёрланди.

Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Садпири комил” жоме
масжиди имом хатиби
 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг