Қоронғи режим
Image
Logo

ҚАДР КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ..

ҚАДР  КЕЧАСИНИНГ  ФАЗИЛАТИ..

Муборак Рамазон ойининг сўнгги ўн кунлиги “дўзахдан озод бўлиш” кунларидир. Рамазоннинг раҳмат ва мағфират кунларида қўлимиздан келганича ибодатлар ва хайру эҳсонлар қилдик. Аллоҳ таоло Қуръони каримда  Қадр сурасининг 3-оятида шундай марҳамат қилади: “Қадр кечаси минг ойдан яҳшироқдир”. Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки ҳил маънода-қадри улуғ, иккинчиси, миқдор яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Биринчиси-Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли кеча. Иккинчиси-Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи ҳоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарга топшириш кечаси. Ушбу кунлар  ва кечаларни ғанимат билишимиз жуда зарур.

Аллоҳнинг Расули ер юзида ўзидан олдин ўтган, ўзининг замонида яшаган ва кейин қиёматгача келадиган инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Айниқса, рамазон ойида шу хислати жўш уриб кетар ва ёрдамга муҳтож кимсаларнинг қошига энг учқур шамолдан ҳам тез етиб бориб кўмакчи бўлар эдилар.

Пайғамбаримизнинг ушбу суннатларига амал қилиб биз ҳам саховатли бўлиб, кечаётган фазилатли кунларимизда моддий жиҳатдан қийналиб қолган юртдошларимиз бўлса, уларга ёрдамчи бўлсак, кунларимизу тунларимизни зикруллоҳда ва ибодатда ўтказсак, шоядки, меҳрибон Парвардигоримиз гуноҳларимизни кечириб, Ўзининг севимли бандалари қаторига қўйса.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазоннинг охирги ўн кунида ибодатларга кўпроқ эътибор қилганликлари ҳақида кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Жумладан: Оиша онамиз айтадилар: “Рамазон ойининг охирги ўн куни бошланса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ибодатларга қаттиқ киришардилар, кечаларни бедор ўтказар ва аҳлларини ҳам (ибодат учун) уйғотар эдилар” Оиша онамиздан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Қадр кечасини охирги ўн кунликнинг тоқ кунларидан қидиринглар!”. Қадр кечасининг яширинишдаги ҳикмат шуки, инсонлар Рамазон кечаларини ғафлатда ўтказиб юбормасдан, бугун Қадр кечаси бўлиши мумкин деган умид билан кечаларни бедор ўтказишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга қулайлик бўлиши учун охирги ўн кунни ва унинг ичида охирги етти кунни ҳамда унинг ичидан тоқ кечаларни тайин қилдилар.

Бу кечада қилинадиган дуо ҳақида ҳадиси шарифларда келган.

 

عن عائِشةَ رَضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ اللهِ، أرأيتَ إنْ عَلِمْتُ أيُّ ليلةٍ ليلةُ القَدرِ، ما أقولُ فيها؟ قال: قُولي: اللَّهُمَّ، إنِكَّ عَفُوٌّ تُحِبُّ العَفوَ فاعْفُ عَنِّي

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши айтдилар: «Эй Расулуллоҳ, агар Қадр кечаси қайси кеча эканини билсам (яъни, қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам), унда нима деб дуо қилай?» дедим. У зот: «Аллоҳумма иннака Афуввун туҳиббул афва фаъфу ъанний» деб айт!» дедилар». Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можа, Насоий, Ҳоким, Байҳақий ривоят қилишган.

Дуонинг маъноси: «Ё Аллоҳ, албатта, Сен Афуввсан (гуноҳларни кечирувчи, афв қилувчисан), кечиришни яхши кўрасан, мени афв қилгин, кечиргин». 

Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳри “Шайҳ эшон” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг