ҚАЛБЛАРГА МУНАВВАРЛИК УЛАШИБ

Юртимизда қалбларга мунавварлик улашгувчи, ойларнинг султони бўлган Рамазон шукуҳи кезиб юрибди.
Рамазон ойига етиш мусулмонларнинг орзуларига айланган десак муболаға бўлмайди. Рамазон ойи Муҳаммад алайҳиссалом умматларининг ойи ҳисобланади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойни ўзгача интизорлик билан кутганлар. Рамазон ойига икки ой қолганда Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўрар эканлар. Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифга кўра Ражаб ойи кирганда “Аллоҳим, бизга Ражаб, Шаъбон ойини барокотли қил ва бизларни Рамазонга етказгин” дебдуо қилар эканлар.
Рамазон ойи кириб келганда Набий алайҳиссалом саҳобаларини муборакбод этар эканлар. Бу тўғрисида бир қанча ҳадиси шарифлар келган. Жумладан, Убодатабни Сомит розийаллоҳу анҳудан риваят қилинган ҳадиси шарифда “Сизларга Рамазон ойи ташриф буюрди. Бу ой барака ойидир. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни қамраб олади. Сизларга раҳматини нозил қилади. Хатоларингизни ўчиради ва унда қилган дуоларингизни ижобат қилади. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни яхши амалларда қилган мусобақаларингизга назар солади. Аллоҳ таоло бу ойда сизларни фаришталарига мақтайди. Шунинг учун бу ойда сизлар Аллоҳ таолога ўзларингиздан фақат яхшиликларингизни кўрсатинг. Ҳақиқий маҳрум одам мана шу ойда Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлган одамдир”, – дедилар. Муҳаммад алайҳиссалом мана шу тарзда саҳобаларини Рамазон ойи билан табриклаганлар. У зот бу билан мусулмонларни Рамазон ойида амалга оширган хайрли ишларига барака киришини, зарра мисқолича қилган яхши амалларига зиёда-зиёда савоблар берилишини, раҳматини нозил қилишини, уларнинг қилган гуноҳлари кечирилишини, дуолари қабул бўлишини айтдилар. Шу сабабли бу ойда мўмин-мусулмонлар яхши амалларда бир-бирлари билан мусобақа қилмоқликлари чиройли амаллардандир.
Барча йиллардагидек бу йил ҳам бу муқаддас ойга диёримизда ўзгача тадорик кўрилди. Хусусан, Президентимизнинг муборак Рамазон ойини муносиб тарзда кутиб олиш тўғрисидаги қарорлари мусулмон юртдошларимиз томонидан қувонч билан кутиб олинди. Бу қарорда Рамазон ойини жойларда миллий анъана ва қадриятлар, урф-одатларимизга уйғун ва мос ҳолатда, инсонийлик, маънавий поклик, шукроналик хисси билан ўтказиш, динимиз арконларини эъзозлаш, бугунги тинч ва фаровон кунларимизнинг қадрига етиш, яхшилик қилиш, савоб ишларини амалга оширишга шошилиш, эҳтиёжманд қишиларни қўллаб-қувватлаш, оила ва маҳаллаларда меҳр-оқибатни янада мустаҳкамлаш каби эзгу ишлар ифодасини топган.
Диёримиз мусулмонлари ушбу муборак ойда эзгу амаллардан ҳисобланган бева-бечоралар, нуроний кексаларимиз, кўмакка муҳтож етим-есирлар холидан хабар олишга ҳар галдагидан-да ошиқишга, масжидларимизда адо этиладиган таровеҳларда юртимизнинг тинчлигини фаровонлигини, истиқлолимизнинг янада бардавом бўлишини, жаннатмакон диёримизни паноҳида асрашини Яратганимиздан сўраб чин дилдан дуо қилмоқликлари муборак Рамазон ойининг зийнатларидандир.
Абдулвоси МУРОДШОЕВ,
Янгиқўрғон тумани “Абдуллоҳ” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022