Қоронғи режим
Image
Logo

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЗИКРИ КЕЛГАН МАСЖИДЛАР.

ҚУРЪОНИ КАРИМДА ЗИКРИ КЕЛГАН МАСЖИДЛАР.

Ҳар бир диний таълимотда бўлгани каби, ислом динида ҳам, мусулмонларнинг ибодат қилишлари учун махсус ибодатхона мавжуд. У масжид (мачит) деб номланади. Масжид (مسجد) сўзи араб тилидан олинган бўлиб, сажда қилинадиган жой деган маънони англатади. Истилоҳда эса, масжид деб мусулмонлар жамоат бўлиб намоз ўқийдиган ибодатхонага айтилади. Масжидлар асосан, кундалик беш вақт намозни, жума, ҳайит ва жаноза намозларини адо этиш, рамазон ойида хатми-Қуръон ва ифторликлар ўтказиш, никоҳ ўқиш каби диний ибодат ва маросимлар бажарадиган жой саналади.Ислом динидаги кўрсатмалар Қуръон ва ҳадисга асосланади. Ўрганишлар жараёнида шу нарса аниқландики, Қуръони каримда масжид сўзи 26 оятда, 27 маротаба зикр қилинган. Масжид сўзи Қуръони каримнинг 21 ўрнида бирлик шаклида, яъни 16 ўринда “ал-масжид” (المسجد) ва 5 ўринда “масжид” (مسجد) кўринишида келган бўлса, кўплик шаклида, 4 ўринда “ал-масожид” (المساجد) ва 2 ўринда “масожид” (مساجد) шаклларида ўз аксини топган.Масжид сўзи Аъроф сурасининг 29 ва 31 оятларида, Тавба сурасининг 107 ва 108 оятида ва Каҳф сурасининг 21 оятида “масжид” (مسجد) кўринишида, Бақара сурасининг 144-, 149-, 150-, 191-, 196- ва 217- оятларида, Моида сурасининг 2- оятида, Тавба сурасининг 7-, 19-, 28- оятларида, Исро сурасининг 1- ва 7- оятларида, Фатҳ сурасининг 25- ва 27- оятларида, Ҳаж сурасининг 25- оятида ва Анфол сурасининг 34- оятида “ал-масжид” (المسجد) шаклида, Бақара сурасининг 187- оятида ва  Жин сурасининг 18- оятида “масожид” (مساجد) ҳолатида ҳамда Бақара сурасининг 114- оятида, Тавба сурасининг 17- ва 18- оятларида ҳамда Ҳаж сурасининг 40- оятида “ал-масожид”(المساجد) шаклида зикр қилинган.

Ислом дининг муқаддас манбаси Қуръони каримда яҳудийлик ва насронийликдан фарқли равишда ибодатгоҳни қаерга ва қандай қурилиши, унинг таркибий тузилиши ва ундаги ибодат атрибутларининг шакл-шамоили ҳамда уларнинг мазмун-моҳияти ҳақида кўрсатмалар келтирилмаган. Масжиднинг таркибий қисми ва қурилиши ҳақидаги кўрсатмалар ҳадислар билан тартибга солинган.Қуръони каримда масжид ҳақидаги оятлар турли мавзуларда нозил қилинган. Унга кўра масжидлар Аллоҳники саналади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.

.وَأَنَّ الْمَسَاجِدَ لِلَّهِ فَلَا تَدْعُوا مَعَ اللَّهِ أَحَدًا

“Ва албатта масжидлар, Аллоҳникидир. Бас Аллоҳдан бошқага дуо қилманг” . Жин сураси 18- оят.

Ушбу ояти карима масжидлар Аллоҳ ибодат қилинадиган жой, “Аллоҳнинг уйи” эканлигига далолат қилади.

Қуръони карим оятлари таҳлили шуни кўрсатадики, Қуръони каримда жами 3 (Масжид ул-Ақсо, Масжид ул-Ҳаром ва Масжид аз-Зирор) масжиднинг номи зикр қилинган. Улардан биринчиси Масжид ул-Ҳаром деб номланади. У мусулмонлар учун муқаддас саналган Макка шаҳрида жойлашган бўлиб, у унинг ҳудудида қон тўкиш ҳамда бошқа ёмон ишларни қилиш ҳаром қилингани учун шундай номланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг 15та оятида Масжид ул-Ҳаромни зикр қилган.

Ислом тарихида Ақсо масжиди 1 йилу 8 ой давомида мусулмонларнинг қибласи бўлган .

Аллоҳ таоло Қуръонда Масжид ул-Ақсони қуйидагича зикр қилади:

“Ўз бандасини кечаси Масжид ул-Ҳаромдан атрофини барокатли қилганимиз Масжид ул-Ақсога мўжизаларимизни кўрсатиш учун сайр қилдирган Зот пок бўлди. Албатта, У эшитувчи ва кўргувчи зотдир” Исро сураси 1- оят.

Қуръонда номи зикр қилинган масжидларнинг учинчиси масжид аз-зирор деб номланади. Масжид аз-Зирор ислом тарихида мусулмонлар ичида фитна чиқариш, мусулмонларни бирлигини бузиш, ислом динига зарар етказиш мақсадида қурилган масжид саналади. Ушбу масжиднинг номи ҳам айнан зарар етказиш сўзидан олинган. Масжид аз-зирор Қуръони каримнинг тавба сураси 107-оятида зикр қилинган бўлиб, унда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Зиён, куфр, мўминлар орасига тафриқа солиш ва бундан олдин Аллоҳга ва Унинг расулига уруш очган кимсани кутиш жойи бўлиши учун масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани ирода қилганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ шоҳидлик берадики, улар, албатта, ёлғончилардир.

Манбаълар асосида тайёрланди
Зухриддин Турдиматов
,
Учқўрғон туман Нурмухаммадбува жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг