Қоронғи режим
Image
Logo

ҚЎШНИЧИЛИК АЛОҚАЛАРИ.

ҚЎШНИЧИЛИК АЛОҚАЛАРИ.

            Инсоннинг яхши ва ёмон кунида қўни-қўшни асқотади. Доно халқимизда: “Узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни яхши”, деган нақл бор. Шунинг учун маҳалладаги барча йиғинларда иштирок этиш, марака ва маросимларда қатнашиши, беморларнинг ҳолини сўраш, муҳтожлардан хабар олиб туриш каби ишлар кишининг фазилатини оширади.

            Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ота-оналарга яхшилик қилинглар! Шунингдек, қариндошларга, етимларга, мискинларга, қариндош қўшнию бегона қўшнига ёнингиздаги ҳамроҳларингизга, йўловчи (мусофир) га ва қўл остингиздаги (қарам) ларга ҳам (яҳшилик қилинглар)!..” (нисо, 36).

            Ояти каримада қўшниларни икки тоифага ажратилиб, зикир қилинган: қариндош қўшни ва қариндош бўлмаган қўшнилар.

            Мўъмин киши дини, миллати ва насабидан қатъий назар, ҳаммага бирдай яхши муомалада бўлиши лозим.

            Ҳадиси шарифда Жанобимиз Расуллуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳга ва охиратга имон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).

            Икки одам бир вақтда уйига чақирса, уйи яқинроғиникига бориш, эҳсон ва хадияларни ҳам уйи яқинроғидан бошлаш ҳақидаги хадислар ҳам инсонларни қўни қўшниларига яхши муносабатда бўлишга тарғиб қилади.

            Айниқса, байрам кунлари қўшнилар бир-бирларига ҳадиялар улашиш ораларидаги меҳру-муҳаббатларини янада зиёда қилади. Халқимизнинг гўзал одатларидан бири-хайит кунлари қўни-қўшнилар бир-бирларига ош улашади. Аслида бу арзимас нарсадек туюлар, лекин доно халқимиз мана шу кичкина иш билан ҳам қўшнилар ораси қанчалик мустаҳкам бўлишини билган.

            Қўшниларга яҳшилик қилиш борасида Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳдан гўзал ўрнак бор. У зотнинг қўшниси ичкиликка берилган кимса эди. Уйига ичиб келиб, бақирир, тўпалон қилар, унинг дастидан у зот оромни йўқотган эди. Бир кеча қўшнисининг овози чиқмай қолди. Қўшнисининг мастлиги сабаб қамалганини билгач, волий ҳузурига борди. Уни қамоқдан озод қилди. Бирга қайтиб келишаркан, йигит: “Мени қутқардингиз. Аллоҳ сизга ажр берсин!” деди. У ўша кундан бошлаб ичкиликни ташлади.

Нозиржон Қўчқаров,
Наманган
тумани “Умарбой хожи” жоме
масжид имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг