Қоронғи режим
Image
Logo

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

Муқаддас Ислом динимизда қўшничилик ҳақ-хуқуқларига катта эътибор қаратилган бўлиб, улар ким бўлишидан қатъий назар улар билан қўшничилик бурчимизни адо этишимиз зарур.

Инсон ҳаёти давомида жамиятдан ажралиб кун кечира олмайди. Атрофдагилар билан турли ижтимоий алоқалар ўрнатади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам оила, маҳалла ва жамият ичида бўлади. Табиийки, ҳаёти давомида унинг атрофдагиларга нисбатан ҳуқуқ ва бурчлари пайдо бўлади. Мана шундай ҳуқуқлардан бири қўшничилик ҳаққи бўлиб, унга динимизда алоҳида эътибор берилган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзига ибодат қилиш ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка буюрганидан кейин, бир қанча тоифаларга яхшилик қилишга буюради. Ўша кишилар ичида қўшнилар ҳам зикр қилинган.

 Ояти каримада шундай дейилади: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшни-ю бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди” (Нисо сураси 36-оят).

Яхши  қўшни инсон саодати омилларидан бири эканини  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида баралла эълон  қилганлар. Нофеъ ибн Абдулҳорисдан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кенг маскан,  солиҳ қўшни  ва яхши маркаб мусулмон кишининг саодатидандир”,  дедилар”.

Ҳадиси шарифларда қўни-қўшничилик ҳаклари одоблари тўғрисида зикр қилинган муборак сўзларига эътибор бериб, унга амал қилиб, фарзанд-у зурриётларимизга ҳам унинг савоб-у гуноҳларини тушунтириб боришимиз зарурдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Жаброил алайҳиссалом менга қўшничилик ҳақ-ҳуқуқлари тўғрисида шунчалик узок уқтирдиларки, мен ҳатто кўшнилар бир-бирларидан мерос олишини ҳам тайинласалар керак, деган хаёлга бордим”. Ҳар бир мусулмон киши кўшнисига озор беришдан жуда эҳтиёт бўлиши керак. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий солаллоҳу алайҳи васалламга: “Эй Аллоҳнинг Расули! Фалон аёл  кечаси билан намозда қоим бўлади.  Кундузи нафл рўзаларни тутади. Яна бошқа фалон-фалон  яхшиликларни қилади ,  садақа беради, лекин тили билан қўшниларига озор етказади”, дейилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У аёлда яхшилик йўқ, у дўзах аҳлидандир”, дедилар. (Бояги кишилар) : “Фалончи аёл бўлса фарз намозларини ўқийди, бир бўлаккина қурут садақа қилади,  аммо бирор кишига озор бермайди”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ана шу аёл аҳли жаннатлардандир”, дедилар”. Бухорий  “Адабул-муфрад” да ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифда қўни-қўшниларга озор бермаслик, уларни беҳурмат қилмаслик нақадар зарур иш экани таъкидланмоқда. Қўни- қўшниларга ёмон муносабатда бўлиш , уларга озор бериш ўқилган нафл намозлар, тутилган нафл рўзаларни ҳам ювиб кетиб, уларни фойдасиз ҳолгат келтириб қўяди. Абу Шурайҳ ал-Хузоийдан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтдилар:   “Ким Аллоҳга ва Охират кунига имон келтирган бўлса, қўшнисига яхшилик қилсин!” (Имом Муслим ривоятлари). Оиша онамиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан сўрадилар: “Икки қўшнимнинг қайси бирига ҳадя берай?” У Зот алайҳиссалом: “Эшиги яқинига”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Бу билан ён қўшнининг ҳаққи ўзгаларникидан кўпроқ бўлишини эслатиб қўйдилар.

Ўзига тўқ қўшнилар ҳеч қачон қийналган қўшниларни эътиборсиз ташлаб қўймаслиги керак. Қўшнилар зарурий таом ва кийим кечак каби нарсаларга муҳтож бўлиб қолишса, албатта, уларга ёрдам қўлини чўзиш зарур.

Ҳозирда айрим қўшнилар орасида ер-жой ёки бошқа масалалардаги ўзаро талашишлар оқибатида юзага келаётган хунук оқибатлар динимиз таълимотларига мутлақо зиддир. Бундай хижолатли ишларга барҳам бериш учун қўшнилар ўзаро келишув, ҳурмат, олийжаноблик ва диёнат билан иш тутишлари керак. Шунда Аллоҳ таолонинг раҳматига сазовор бўладилар, ризқларига баракот киради, ҳаётлари маъноли ва мазмунли кечади. Ҳар куни уруш жанжал бўлган жойда барака, хотиржамлик ва кўнгилхушлиги бўлмайди. Ҳасанул Басрий айтадилар: “Яхши қўшничилик – фақат ёмонлик қилишдан тийилиш эмас, балки қўшнидан етган азиятга сабр қилишдир”. Аллоҳ таоло барчаларимизни қўшнилар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкам қилсин. Қўни-кўшнилар билан самимий алокаларимиз янада яхшиланиб боришини Аллоҳ таоло барчамизга насиб айласин.  

 

Юнусхон Умаров,
Косонсой туман “Аълохон махдум”  жоме
масжиди имом ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг