"РАМАЗОН МУБОРАК!"

Бизларни мўмин-мусулмон қилиб, ақл-заковатли мавжудот этиб яратган Аллоҳ таолога беадад ҳаму санолар бўлсин!
Бизлар учун Рамазони карим рўзасини тутиш тартиби, фарз, вожиб, мустаҳаб амалларни баён қилган жанобимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга беҳисоб салоту саломлар бўлсин!
Бутун дунё мусулмонлари қатори халқимиз учун эзгулик, меҳр-мурувват, саховат, олижаноблик ва шукроналик тимсоли бўлган муборак Рамазон ойи муборак!
Рамазони шариф ҳилолининг барқ уриши Аллоҳ ва унинг малоикаларини раҳмат салавотлари ёғилиши, унинг остида ер-осмоннинг мунаввар, муаттар бўлиши, бутун мавжудотга бахт-саодат, шараф, файз-баракот, имон-эътиқод, тинчлик-осойишталик олиб келсин!
Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида барча соҳалар қатори диний-маърифий ҳаётимизда ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда.
Муқаддас динимизнинг тинчлик, дўстлик, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини, ислом ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш, ёшларни шу руҳда соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида кенг имкониятлар очилмоқда.
Айниқса, юртимиз мўмин-мусулмонлари халқимиз учун асрлар давомида эзгулик, меҳр-оқибат ва хайру саховат рамзи бўлиб келган муқаддас Рамазон ойини катта шоду хуррамлик ва шукроналик билан кутиб олиб, эзгу амалларни адо этмоқдалар.
Ушбу муборак ойнинг жамиятимиз ҳаётида тинчлик-барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини асраш ва ривожлантириш борасидаги аҳамиятини ҳисобга олиб ҳамда уни ҳар томонлама муносиб ўтказиш мақсадида 21 март куни муҳтарам Президентимизнинг “Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳеч бир истисносиз бутун бир халқимиз томонидан эътироф этилаётгани муқаддас динимиз ва унинг барча амалларига қонунан эмин-эркинлик берилаётганидан далолатдир.
Хақиқатда муборак Рамазон ойининг кириб келиши иншааллоҳ юртимиз аҳлига катта қувонч бахш этади деб умид қиламиз. Вилоятимиздаги барча масжидларда таровиҳ ва хатми Қуръонлар бошланади. Намозхонлар масжидларда қориларнинг Қуръон ўқиб беришларини мароқ билан эшитадилар.
Масжидга келаётган кексалар билан суҳбат қилсангиз кўзларида миннатдорчилик ёши балқиганини кўриб Яратганга шукроналар келтирасиз.
Зеро, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматидан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, деганлар.
Буларнинг барчаси, албатта, юртимиздаги эмин-эркинликнинг шарофатидандир. Агар биз ато этилган Аллоҳнинг мана шу неъматларига шукр қилиб, зиммамиздаги бурч ва вазифаларимизни адо этиб борар эканмиз, Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ояти каримада: “... агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...”, - деб таъкидлаганидек, ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррар.
Одатда инсон ўзига берилган неъматлар қадрини мулоҳаза қилиб, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб, қиёслаб юриши ҳам имон нуридандир. Бу эса шукр келтиришга чорлайди. Янада кўпроқ Аллоҳ таолога хуш келади. Натижада неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади, инсонни бахт-саодатга эга қилади.
Аллоҳ таоло Рамазон ойини мукаммал, хатоларсиз ҳолатда адо этишимизни барчамизга насиб айласин! Халқимизни, юртимизни турли балою-офатлардан Ўзи асрасин! Рамазони карим муборак бўлсин!
Абдулҳай ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022