Қоронғи режим
Image
Logo

РАМАЗОННИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

РАМАЗОННИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Рўза – Исломнинг беш асосидан бири бўлиб, набийлар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда: “...сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “...сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин” каби хитоблар билан  рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва фиқҳий асосларидан баҳс юритилган.

 Ҳаммага фарз қилинган рўза қамарий Рамазон ойининг рўзасидир. Диннинг устуни ва таянчи намоз бўлса, жамиятники – закот, руҳники эса рўзадир...

 Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон – раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан мухофаза қилади.

Араб тилидаги “совм” (рўза) луғатда “ўзини тийиш” деган маънони билдиради. Шаръий истилоҳда эса Рамазон ойида тонг отганидан то қуёш ботгунча ният  билан овқат емаслик, суюқлик ичмаслик, жинсий яқинлик қилмаслик “рўза” дейилади.

Минг шукрким, ушбу ойга сизу бизлар ҳам тинчлик, хотиржамликда, осойишталикда муяссар бўлмоқдамиз.

Бугунгикунда барчаларимиз интизорликда кутган, барча жиҳатда покланишга сабаб бўладиган мўътабар ой – муборак Рамазони шариф шукуҳи юртимиз узра кириб келмоқда.

Бу ойни муборак эканлигини Яратган Ўзининг ояти каримасида шундай баён этади.

“албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат, Биз огоҳлантирувчидирмиз” (Духон сураси, 3-оят).

Қуръони Карим шу ойда нозил бўлди.

Аллоҳнинг Расули инсонларни Ислом динига даъват қилишни шу ойда бошладилар.

Шу ойдан бошлаб Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди...

Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат томонидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан эъзозланади.

Бу ойда Ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар...

Бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар,  муҳаббат намунасини кўрсатадилар.

Яхшилик хайру-саховат эшиклари барча-барчага баробар очилади.

Аллоҳнинг авф ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади.

Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққатлар ва қийинчиликларда тоблайдилар, Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига етиш ҳақида ўйлай бошлайдилар...Ушу муборак ойининг фазилатли айём бўлганлигини ифода этиб, Рсулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Эй, Аллоҳ! Бизларга ражаб ва шаъбон ойини муборак этгин. Рамазон ойига еткизгин”, деб дуо этганларини ҳазрати Анас розийаллоҳу анҳудан ривоят қилиняпти.

Айтишимиз мумкинки бу ойнинг дастлабки ўн куни “раҳмат” даҳаси бўлиб, бу даҳада рўйи заминга Яратганнинг раҳмати ёғилажак.

Айни ана шу раҳматни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам интиқлик билан кутганликларининг хабарини қуйидаги башоратли ҳадиси шарифни саҳиҳларда келтирилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй, инсонлар! Буюк ва муборак ой сизларга ташриф этмоқда. Сизларга бу ойнинг рўзаси фарз этилди. Осмон эшиклари раҳмат ила очилди”, деб марҳамат қилдилар(Имом Насаий ривояти).

Дейлик бу муборак ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилиб, гўзал ахлоқ-одобларга эга бўлиб, меҳр-мурувват соҳиби бўлишимизни эса Ер-осмон гувоҳ бўлаётганини таъкидлаб, Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло Ер ва осмонга гапириб беришга изн берганида эди улар рўзадорларга хушхабарлар ҳақида сўзлашишар эди”, дедилар (Дайламий ривояти).

Қаранг, қанчалик бахт бу, қанчалик қутлов.

Рамазон ойини Аллоҳ таоло хоссатан уммати Муҳаммадия учун алоҳида баракотли, фазилатли қилиб қўйган. Рамазоннинг хусусияти, фазилати, баракаси жуда ҳам кўп ва беқиёс.

Рамазон ойларнинг султонидир. Имом Табароний ибн Аббос розийаллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ойларнинг энг афзали Рамазон ойидир”, деганлар.

Рамазон билан хушхабар берилади, табрикланади, унга ошиқилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойини интиқлик билан кутар, унинг яқинлашганини кишиларга эслатиб турар ва саҳобаи киромларни у билан табриклаб, муносиб тайёргарлик кўришга чорлар эдилар.

Абу Фазл ўз “Муснадларида” Салмон розийаллоҳу анҳудан қуйидаги машҳур  ривоятни қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шаъбоннинг охирги куни бизга хутба қилиб бундай дедилар:

“Эй, одамлар! Дарҳақиқат, сизларга буюк бир ой соя солмоқда.

Муборак ой. Унда минг ойдан яхши бир кеча бор. 

Аллоҳ унинг рўзасини фарз қилди, кечасини ибодат билан ўтказишни ихтиёрий – нафл қилди.

Ким унда ихтиёрий равишда бир яхши иш қилса, ҳудди бир фарзни адо этгандек бўлажак.

Ким унда бир фарзни адо этса, мисли етмишта фарзни бажаргандек бўлажак.

У сабр ойидир, сабрнинг савоби эса жаннатдир.

У кўнгил овлаш ойидир.

У мўминнинг ризқи зиёда қилинадиган ойдир.

Ким бир рўзадорга ифторлик берса, бунинг учун бир қул озод қилиш савоби ва гуноҳлари учун мағфират бўлади”, дедилар.

Шунда “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга ифторлик қилиб берадиган нарса топа олмаймиз-ку?”, дейилди.

У зот: “Бу савобни Аллоҳ рўзадорга бир татим сут ё хурмо ёки бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига ато этажак.

Аммо ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳлари учун мағфират бўлади ва Аллоҳ унга Менинг Ҳавзимдан ичимлик ичиради.

У то жаннатга киргунча чанқамайди. Унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлади, у(рўзадор)нинг ажридан ҳеч нарсани камайтирилмайди”, дедилар.

Демак, Рамазон ойи рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб ета олмайди.

Аллоҳ таоло бу камтарона ишимизнинг камчиликларини кечириб, даргоҳида қабул айласин, уни қиёмат куни амаллар мезонида тош босадиган амаллардан қилсин! Аллоҳ таоло ушбу дастуримизнинг сиз азизларга манфаатли ва фойдали бўлишини насиб этсин!

Рамазони карим муборак бўлсин! Малоикалар ҳаққингизга дуо этсин!

Абдулҳай ТУРСУНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Наманган вилоят вакили

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг