Қоронғи режим
Image
Logo

“РАМАЗОН – МЕҲР-ОҚИБАТ ОЙИ”

“РАМАЗОН – МЕҲР-ОҚИБАТ ОЙИ”

Рамазони шариф шундай ойки, унда илоҳий файзу баракот ва раҳмат эшиклари очилади, меҳру оқибат ва саҳоват кучаяди, хайру- эҳсонлар муҳтожларга этиб боради. Эҳтиёжманд кишиларга, етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим- кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқ кишиларнинг зиммасидаги бурчидир.

Бунинг акси эса, Қуръони каримда динни инкор этувчиларнинг сифатлари қаторида зикр этилган: Бугунги кунда ҳаётнинг ўзи бизларни закий, фаросатли, эътиборли бўлишга ундайди. Тўқ қорнимиз, бут устимиз атрофга назар солишдан, Аллоҳ- таолони хушнуд этувчи ишларни қилишдан тўсиб қўймасин. Зеро Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинган ҳадисда: “Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч қолган одам мўмин эмас”, деганларини эшитдим” деган ҳадислири бор.

Яна бир ҳадисда шундай дейилади, “Бир киши: ”Эй Аллоҳнинг расули! Исломдаги қайси амал яхшироқдир! ”- деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Таом едиришинг, сен таниган ва танимаган ҳамма одамга салом беришингдир”- деб жавоб бердилар, Бундан ташқари, мусулмон киши барчага бирдек мулойим муомалада бўлиши лозим, Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розийаллоҳу аанҳо онамизга насиҳат қилиб шундай деганлар: “Эй Оиша, Аллоҳ таоло бандаларни ҳар бир ишида мулойим муомалада бўлишини, яхши кўради” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Рамазонда биламиз, Қуръони карим ўқилади, таровеҳ намозлари адо этилади, рўза тутилади, яна бу ойда энг улуғ савобли ишлардан бири кўнгил олишдир. Чунки, кўнгил олиш-каъба қуришдек савоб. Қалбни бузиш-Каъбани бузишдек гуноҳ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбанинг олдига бориб: “Қандай чиройлисан, қандай мубораксан, эй Каъба! Нақадар муҳтарамсан, лекин Аллоҳга қасамки, мўъминнинг қалби Аллоҳ наздида сендан кўра қийматлироқдир”,-дейдилар. Мўмин кишининг қалби Каъбадан кўра ҳурматлироқ экан, бу муборак ойда инфоқ-эхсон билан ўзгаларга яхшилик қилиб, кўнгил олишлик қанчалик савоб эканлигини унутмаслигимиз керак.

Имом-хатибларимиз томонидан ушбу қутлуғ ойда  бугунги тинч ва осуда ҳаётимизнинг қадрига етиш, одамларни бир-бирига яхшилик қилишга, тотув ва баҳамжиҳат бўлиб яшашга даъват этадиган савобли амалларни қилишга тарғиб этиб келинмоқда. Ушбу муборак ойда амалга ошириладиган хайрия тадбирлари, эҳтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш, оилалар ва махаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат мухитини мустаҳкамлаш ҳақидаги ишларни амалга оширишга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бу қутлуғ ва баракотли ойда руҳан покланиб, эзгу ниятлар қилмоқ, аҳлоқ-одоб билан бошқаларга ибрат кўрсатмоқ ва меҳр-мурувватли бўлмоқ даркор.

Рамазон ойида саҳоватпешалик, меҳр-оқибат сингари инсонпарварлик туйғуларимиз янада кенгроқ намоён бўлади.

Бу муборак ойнинг улуғлиги ва фазлидан, ҳар бир эзгу ишга бериладиган ажр ва савобнинг баракотидан умид қилиб яқин қўшниларимиз, қариндош-уруғларимиз орасида моддий-маънавий кўмакка муҳтож инсонлар бўлса, аввало қилажак яхшилигимизни ана шулардан бошламоғимиз муборак динимиз таълимотига мувофиқдир.

 

Боситхон ЮСУПОВ,
Наманган шаҳар “Абу Юсуф” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг