Қоронғи режим
Image
Logo

Рамазон – сабр ойидир!

Рамазон – сабр ойидир!

Муқаддас манбаларда таъкидланганидек, мусулмон одам ўзига Аллоҳ таоло томонидан берилган ризққа сабр қилиб, қаноатли бўлиб ўтса, дунёдаги энг катта нажотга эришган киши бўлар экан. Термизий ва Муслим қилган ривоятдаги “Ким мусулмон бўлиб, ризқи учма-уч бўлса ва унга Аллоҳ қаноат берса, ҳақиқатан нажот топибди”, дейилган Ҳадиси шариф фикримизга яққол далолат. Бугунгидай фараҳли онлар – Рамазони шариф кунлари кишиларни сабрга, қаноатга, берилган ризққа, тақдирга кўнмоққа ўргатиши билан ҳам аҳамиятли. Аслида ҳам ҳақиқий бойлик мол-дунёнинг кўплигида эмас, нафснинг тўқлигида, сабр ва қаноатда. Барака ҳам албатта, сабрлиларнинг ҳамроҳи ва бунга муқаддас динимизда жуда кўп кўрсатмалар бор.

Бизнинг “Муҳаммад паноҳ” жоме масжидимиз Давлатобод туманининг “Ўрта Ровустон” маҳалласида жойлашган ва Юқори, Қуйи Ровустон аҳлига хизмат кўрсатади. Аввало муборак Рамазон ойида адо этиладиган ибодатларга масжид аҳли, фаоллар билан пухта тайёргарлик кўрдик. Номозхонлар сони Таровеҳ ибодати ва хатми қуръон сабабли кўпайишини ҳисобга олиб, зарур шароитлар яратилди. Бугунги кунда номозхонларимиз улардан фойдаланиб, юртимиздаги эмин-эркинликка шукрона айтган ҳолда ибодатларини адо этиб келмоқдалар. Сўзимизни бежиз сабр ва қаноатдан бошламадик. Муқаддас манбаларнинг жуда кўп ўринларида бу икки туйғунинг киши руҳий камолотидаги ўрни алоҳида таъкидланган. Жума номозлари ва ҳар кунги Таровеҳ олдидан ўтказаётган мухтасар  маърифий суҳбат-мулоқотларимизда умуман Рамазон ойининг фазилатлари, бу ойда амалга оширилиши лозим бўлган эзгуликлар, уларга савобларнинг жуда кўпайтириб берилиши, ва албатта, юртимизда олиб борилаётган оқилона ва одилона сиёсат замирида  ҳар бир инсонни – у ким бўлишидан қатъий назар – эътиборда тутиш, қадру қимматини ўрнига қўйиш, бир сўз билан айтганда, халқни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам эканлигини таъкидлаб бормоқдамиз.

Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан бу йилги Рамазон ойи давомида маҳаллалар, ҳатто хонадонлар кесимида ифторликларнинг ташкил этилаётгани, уларда кўпни кўрган нуронийларимизнинг, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ва ҳатто сектор раҳбарлари, ҳокимларимизнинг иштирок этишаётгани одамларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни, эртанги кунга ишончни мустаҳкамламоқда. Ҳудудимизда жойлашган мажмуада ҳар бир маҳалла учун алоҳида 3 кун давомида ифторлик дастурхонлари ёзилди. Қарийб 500 киши иштирок этган  самимий мулоқотларда меҳр-оқибат, сабр-қаноат, саховат, эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёшлар тарбиясида учраётган айрим камчиликларимизни биргаликда бартараф этиш борасида асосли фикр-мулоҳазалар, тавсиялар ўртага ташлангани айни муддао бўлди. “Юқори Ровустон” маҳалласи аҳли учун ўтказилган ифторликда меҳнат фахрийси Аълохон Абдуолимов Юртбошимиз ёшлар тарбияси борасида чиқараётган қарор-фармонлари билан барчамизга ибрат бўлаётганликларини таъкидлади.

Кўп муддатлардан бери беморлик сабаб ётиб қолган маҳалладошларни уйларига бориб, йўқлаганимиз, уларга ифторлик ташкил этилгани, совға-саломлар берилгани кўнгилларини тоғдек кўтарди, кўзларида севинч ва шукрона ёшлари билан маҳалладошлар, бутун юртдошлар равнақини, мамлакатимиз тараққиётини тилаб дуолар қилдилар.

Бу каби мулоқотларнинг яна бир муҳим аҳамияти – кишиларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашидир. Азалдан халқимизга хос миллий-маънавий ва диний қадриятларда дастурхон атрофида кечадиган суҳбатлар алоҳида ўрин тутган. Ўзбекнинг дастурхони унинг атрофидаги одамларни бир-бирига маънан ва руҳан бирлаштириши ҳам айни ҳақиқат. Муқаддас динимиз кўрсатмаларида ҳам бунга алоҳида аҳамият қаратилган. Демак, бугунгидек фароғатли кунларда эзгу амалларни қанча кўпайтирсак, шунча кўп савобга эга бўлар эканмиз, бу катта имкониятдан фойдаланиб қолайлик. 

Баҳодирхон Валихонов,
Давлатобод туманидаги “Муҳаммад паноҳ” 
жоме масжиди имом-хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг