Рамазон соғинчи.

Ойларнинг султони бўлган муборак Рамазон ойи барча мўъмин мусулмонларнинг қалбида эшик қоқмоқда. Албатта бу муборак ойни ҳақиқий мўмин кишилар ўзгача бир соғинч ва хурсандлик билан кутиб оладилар. Айниқса, саҳарлик ва ифторлик вақти ҳар бир рўзадор инсонга ўзига хос қувонч улашади. Буни ҳикматини қарангки Аллоҳ бандаларига рўза ойида еб-ичиш ва бошқа лаззатлардан нафсини тийишга буюради ва бандалари эса бундан хурсанд бўлишади. Бу ой сабр ойики шу бир ой ичида банда энг олий фазилат бўлмиш сабр қилишни ўрганади. Ҳазрати Пайғамбаримиз соллолоҳу алайҳи вассаллам
“Рўза сабрнинг ярмидир ва сабр эса иймоннинг ярмидир” деб марҳамат қилганлар.
Яна бир ҳадиси муборакда эса:
“Ҳар бир нарсанинг закоти бўлади. Жасаднинг закоти рўзадир” деб марҳамат қилинган.
Шуни билиш лозимки овқат жасадга озуқа бўлгани каби рўза ҳам руҳга озуқадир. Рўза инсонда очлик ҳолати бўлиши билан бирга қалбдаги иллат ва ғуборларни, мутакаббирлик ва манманликни кетказади
Ҳар бир мусулмон инсон Рамазон ойи киришидан олдин ўзини шу ойлар султонига таёрламоғи лозим. Аллома Муҳаммад Зоҳид Қутқу ҳазратлари: “Рўзани фақат жасадингга тутдирма, руҳинг ҳам рўзадор бўлсин” дер эдилар.
Имом Ғаззолий рўзани уч даражага бўладилар.
- Омманинг рўзаси – емаслик, ичмаслик ва нафсоний-жисмоний эҳтиёжлардан тийилиб туриш.
- Хоснинг рўзаси – қулоқ, кўз, тил, қўл, оёқ ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Булар солиҳ бандалардир.
- Хоснинг хос рўзаси эса – ўзни оғир ташвишлар ва дунёвий фикрлардан рўза туттириш, Аллоҳ таоло зикридан бошқа нарсани батамом тўсишдир. Бу рўзада оғиз очилиши Аллоҳ таоло ва охират кунидан бошқани фикрлаш, яъни дунёни ўйлаш билан ҳосил бўлади. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар ва муқарраб зотлар даражасидир.
Демак ҳар бир мусулмон келаётган бу улуғ ойни оддий очлик билан, омманинг рўзаси ё ки хосларнинг рўзаси билан эмас балки хосларнинг хос рўзасига интилмоқлиги лозим. Хўш бунинг учун нима қилиш лозим. Бунга Пайғамбаримизнинг ҳадисларидан жавоб топа оламиз. Ҳадиси муборакда:
“Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк қилмаса ва ахмоқлик қилмаса, уни рўза тутишлиги, яъни гушнаю ташна юрганига Аллоҳ таолонинг эҳтиёжи йўқ”.
Ва яна бир ҳадисда “Рўза тўсиқдир. Қачонки сизлардан бирортангиз рўза бўлса, ёлғон сўз гапирмасин, ҳақорат сўзларни айтмасин. Агар бирор киши у билан уришса ёки сўкишса, мен рўзадорман, мен рўзадорман, десин” деб марҳамат қилинган.
Яъни “мен рўзадорман” дейишлиги билан киши: “Мен тилимни сақлашга Аллоҳга ваъда берганман, қандай қилиб сенга жавоб қайтараман”, деганидир.
Яна бир ҳадиси муборакда:“Беш нарса рўзани синдиради: ғийбат қилиш, ёлғон гапириш, гап ташиш, номаҳрамга шаҳват билан қараш ва ёлғон қасам ичиш” деб марҳамат қилинган.
Гоҳида таажжубли ҳолатки айрим ҳолда рўзани тутиб лағв ишлар билан машғул бўлаётган ҳолларни кўришимиз мумкин. Лекин мусулмон инсон бундай лағв ишлардан ўзини сақласа рўзадор инсонга 700 баробарича ажр берилади. Агар фаразан бир инсонга мен сенга бир ойда 5 млн сўм бераман фақат бир шарти бор ёлғон гапирмайсан ва бировни сўкмайсан, номақбул ишлардан ўзингни сақлайсан дейилса шартга дарров кўнади. Рамазон ойининг файзу раҳматларидан баҳраманд бўлиш қанчалик саодатдир .
Демак бизларнинг ҳар биримиз ўзимизни жисмимиз ва руҳимизни бу муборак ойга ҳозирдан бошлаб таёрлайликки шояд рамазон ойи тугаганда тутган рўзамиз хосларнинг хос рўзасидан бўлсин ва гуноқлардан фориғ бўлган ҳолатда бўлиш насиб айласин. Роббимиз Рамазон ойининг фазилату баракотларидан ҳаммамизни, аҳли хонадонлармиз билан бирга баҳраманд айласин. Аллоҳ рози бўладиган амалларни қилишликни барчамизга муяссар қилсин. Рўзани охиригача соғ саломатликда, тинчлик-осойишталикда тутишликни барча мусулмонларга насиб айласин.
Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022