Қоронғи режим
Image
Logo

РАМАЗОН УЛУҒ ВА ФАЗИЛАТЛИ ОЙДИР.

РАМАЗОН УЛУҒ ВА ФАЗИЛАТЛИ ОЙДИР.

Бугунги кунлар юртимиз мўмин-мусулмонлари учун ниҳоятда улуғдир, чунки улар ойларнинг саййиди ва энг фазилатлиси саналган Рамазонни кўтаринки руҳда кутиб олдилар. Бу муборак ойнинг кечалари тоат-ибодат, кундузлари рўзадор ҳолда ўтказмоқдалар. Зеро, мусулмонларга Парвардигоримиз томонидан Рамазон ойи рўзасини тутиш фарз қилинган бўлиб, у Исломнинг асосий беш рукнидан бири ҳисобланади. Бу ой фазилатлари шу қадар кўпки, уларни санаб тугатиб бўлмайди. Энг асосийси, муқаддас Қуръони карим шу ойда нозил этилган.

Қуръони каримда Рамазон ойининг рўзасини тутиш фарз қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

“Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Рўза шундай бир ибодатки, у нафсни тарбиялайди, инсонни комил ахлоқ сари етаклайди. Чунки рўзадор одам нафақат жисмонан оч қолиши, балки маънавий жиҳатдан ҳам ўзини тарбиялаши, аҳлоқидаги айрим иллатлардан воз кечишига тўғри келади. Комил аҳлоқ эгалар яшаган жамият тинч-осойишта, фаровонликда ҳаёт кечиради.

Бутун олам бўйлаб кириб келган Рамазон ана шундай улуғ ва фазилатли ойдир. Юртимизда ҳар йили халқимиз асрлар давомида эзгулик ва маънавий поклик, саҳоват ва меҳр-шафқат, қаноат ҳамда шукроналик рамзи сифатида нишонлаб келаётган муборак Рамазон ойи маънавий-руҳий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу биз – мусулмонлар учун жуда қувончли ҳол бўлиш билан бирга зиммамизга улкан масъулиятни ҳам юклайди. Жамиятимизда қарор топган меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлаш, эл-юртимизга хос бўлган эзгу фазилатларни, миллий-диний қадриятларимизни асраб-авайлаш ва улуғлаш ҳамда ёш авлодни миллий анъана ва урф-одатларимизни эъзозлаш ва қадрлаш ҳамда ўз Ватанига садоқатли бўлиш руҳида тарбиялаш ана шундай вазифаларимиздан биридир.

Муборак Рамазон ойида хайрия ишлари, эхтиёжманд кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қишлоқ ва шаҳарларимизни, зиёратгоҳларни ободонлаштириш, оила ва маҳаллаларимиздаги меҳр-оқибат, тинч-тотувлик, ўзаро ҳамжиҳатлик, диний бағрикенглик муҳитини янада мустаҳкамлаш, ёшларимизнинг таълим-тарбиясига оид ишларга алоҳида эътибор қаратиш ҳамда бу ойни миллий-диний қадриятларимизга мос тарзда ўтказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Муҳаммадхон Ибрагимов,
Наманган шаҳар “Исмоил Маҳдум” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг