Қоронғи режим
Image
Logo

Рамазон-саховат ойи.

Рамазон-саховат ойи.

Ойларнинг султони бўлмиш Рамазон ойи нафақат ибодат ва тавба ойи балки меҳр мурувват ва саховат ойи хамдир. Бу ойда мўмин мусулмонлар бир бирлари билан ҳар қачонгиданда аҳил иноқ бўлиб кетишади. Очлик ташналикни кўрган ҳар бир инсон ўзи қатори оч юрганлар ҳақида қайғурадиган бўлиб қолади. Барча амаллар қатори бу ойда қилинган эхсон-у садақотлар ҳам бошқа ойларга қараганда савоби кўпайтириб берилади.  Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир” деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақларни ҳам Рамазон ойида адо этиш энг фазилатли амаллардан хисобланади. Дарҳақиқат, сахийлик  олий фазилат. “Сахий” сўзининг изоҳида шундай дейилади: “ Сахий – арабча сўз бўлиб, қўли очиқ, саховатли, ҳимматли, олийҳиммат ( киши)”. Сахийлик аслида жаннатдаги дарахтнинг номи.  Бу жаннат дарахтининг бир шоҳи инсонга хос сифат бўлиб, бу дунёга тушиб туради. Кимки бу сифатни ўзида намоён қилса, у жаннатнинг сахий дарахти шоҳини ушлаган бўлади. Сахий дараҳти шоҳини маҳкам ушлаган киши жаннатий инсон ҳисобланади.  Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахийлик жаннатдаги бир дарахтдир, унинг шохлари дунёга тушиб туради. Ким унинг бирорта  шохини тутса, у шох уни жаннатга  йўллайди. Бахиллик  ҳам дўзахдаги бир дарахтдир. Унинг шохлари дунёга тушиб туради. Кимки унинг шохидан тутса, у шох уни дўзахга элтади” деганлар. Инсон сахийлик туфайли муҳтож кишиларга эҳсон қилса,  Аллоҳ таоло унинг ўрнини тўлдиради. Бу тўғрида  Қуръони каримда шундай дейилади: “ Бирор нарсани ( муҳтож ларга холис) эҳсон қилсангиз, бас,  ( Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур, у ризқлантирувчи ларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39-оят). Ҳадиси  шарифда шундай дейилади: “ Ҳар куни тонгда инсонлар уйқудан уйғонганда ер юзига иккита фаришта тушади. Улардан бири “ Эй Аллоҳ, инфоқ-эҳсон қилган инсоннинг молини тўлдир”, деса, иккинчиси: “ эй Аллоҳ, бахил одамнинг молига талофат етказ” деб дуо қилади”. Сахий кишиларнинг ҳар бир саховати етти юздан ортиқ савобларга эга бўлади.  Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Аллоҳ йўлида молларини хайру –эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли, худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир донга ўхшайди. Аллоҳ таоло истаган кишиларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг ва билгувчи зотдир”. ( Бақара сураси, 261-оят). Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ  демасдилар. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховатлари олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”. Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир". Сахий инсон Аллохга яқин бўлади. Лекин яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.  Одамларга яқин бўлади, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик хосил бўлади. Жаннатга яқин бўлади, унинг бу яқинлиги масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қи­йинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча. Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар. Эхсонни махфий қилишлик хам савобни зиёда қилади аммо бу нафл садақотлар учун, фарз бўлган садақотларда эса бераётган ва олаётган одам буни билиши шарт қилинади.   Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).

Мухтарам азизлар, барчамиз бу ойларда имкониятимиз етганича инфоқ эхсон қилайлик. Бева-бечора , ғариб-у мискинлар холидан хабар олайлик. Уларнинг хам кўнглида Рамазон шукухи сезилсин, Рамазон ойи баракотини, файзини кўриб қувонсин. Ифторлиг-у сахарлик дастурхонлари тўкис бўлиб, эмин эркин рўзаларини тутишида ўз хиссамизни қўшайлик. Зеро хазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради” деганлар.

Ғиёсиддин Тожимирзаев,
Учқўрғон туман "Байтул муқаддас" жоме
масжиди имом хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг