РАСУЛУЛЛОҲНИНГ РАМАЗОН ОЙИДА РЎЗА ТУТИШЛАРИ

Ҳаммага маълум бўлсада, ибодатни кўп адо этиш ҳолатларини яна бир бор эсга олиб ўтиш зарар қилмайди. У зотнинг бу мазкур ҳолатлари қўйидагиларда ўз аксини топган:
- Ифторлик ва саҳарлик қилишга тарғиб қилишлари.
- Вақти кириши билан, яъни шом намозини ўқимасдан олдин ифторликни тез қилишлари, шунингдек, саҳарликни кечиктириб, яъни бомдод намозига яқинроқ вақтгача еткизишлари.
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзан ҳўл ёки қуруқ хурмо ёки баъзан сув билан оғиз очишлари ҳамда саҳарлик қилишга тарғиб қилишлари.
Бу ишларни тасдиқлайдиган ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: "Расулуллоҳ намоз ўқишдан олдин бир нечта ҳўл хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар ҳўл хурмо бўлмаса, кичик қуруқ хурмолар билан оғиз очар эдилар. Агар кичик қуруқ хурмолар ҳам бўлмаса, бир қултум сув ичар эдилар".
Абу Атийя розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: " Масруқ билан Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ розияллоҳу анҳу Ойша розияллоҳу анҳога: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки саҳобаси бор. Иккаласи ҳам яхшиликдан оғишмайди. Уларнинг бири шом намози ва ифторликни ўз вақтида адо этади, бошқаси эса кечиктириб адо этади". Ойша розияллоҳу анҳо: " Шом намози ва ифторликни ким тезроқ адо этади? ", деб сўради. Масруқ розияллоҳу анҳу:" Абдуллоҳ ", деди. Ойша розияллоҳу анҳо: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шундай қилар эдилар", деди ".
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳарлик қилишга тарғиб қилишлари.
Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу саҳобаларнинг биридан шундай ривоят келтирган: " Мен Расулуллоҳ ҳузурларига кирдим. У зот саҳарлик қилаётган эканлар. Расулуллоҳ: "Бу (саҳарлик) Аллоҳ сизларга берган баракадир. Уни тарк қилманглар", дедилар".
Абу ҳурайра розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: " Расулуллоҳ айтдилар: "Қуруқ хурмо мўмин учун қандай ҳам яхши саҳарлик!"
Шунингдек, Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан қўйидаги ривоят мавжуд: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: " Бир ҳўплам сув билан бўлса ҳам, саҳарлик қилинглар".
Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга қурбат ва ибодатда энг гўзал амалларни қилиш билан бирга нафснинг ҳаққини ҳам адо этганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳолатларини таҳлил қилар эканмиз, айрим мусулмонлар бу борада хато йўл тутишлари кўзга ташланади. Жумладан, баъзи рўзадорлар саҳарликка турмайди ёки саҳарликни жуда эрта тун ярмида қилади ва нафсининг ҳаққига риоя этмайди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг саҳобаларига эргашмаслик оқибатидир. Зеро, Амр ибн Маймун розияллоҳу анҳу: "Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари ифторликни тезроқ қилиб, саҳарликни чўзар эди", деганлар.
Шунингдек, ҳозирда кўп учрайдиган яна бир таассуфли ҳолат шуки, айримлар саҳарлик ва ифторликларда ҳаддан ортиқ исрофга йўл қўйишмоқда. Натижада унга ибодат малол келиб, энг баракотли ва улуғ ойда кўп ажр олишдан маҳрум бўлиб қолишмоқда.
Шундай экан, бу ойдан манфаат кўраман деган инсон нафсини жиловлаши керак.
Ҳақиқий ва фаросатли мусулмон Рамазон ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлиқ амал қилади, лаззатлардан ўзини тийиб, ғафлатдан узоқда бўлади ва бу муборак мавсумдан унумли фойдаланиш мақсадида тоат-ибодат ҳамда яхшиликларни кўпайтиради.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар “Ғойибберди махдум”
жоме масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022