Қоронғи режим
Image
Logo

РИЗҚ АЛЛОҲДАНДИР.

РИЗҚ АЛЛОҲДАНДИР.

Аҳли сунна вал  жамоа мазҳаби уламолари таърифида: «Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз махлуқотларига берган ва улар манфаат олган дунёвий ва ухровий ҳар бир нарса ризқдир». Аллоҳ таоло оқил ва оқилмас, катта ёки кичик ҳар бир инсонга, ҳар бир ҳайвонга берган ва улар манфаатланадиган емишлик, ичимлик, кийим ёки маскан уларнинг ризқидир. Шунингдек, Аллоҳ таолонинг уларни яхшиликка муваффақ қилиши, тоатларга йўллаб қўйиши ҳам ризқдир.

 Аллоҳ таоло «Ҳуд» сурасида: «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир», деган (6-оят).

 Ер юзида ўрмалаган нарса – одамзот, ҳайвонот, ҳашарот, қурт-қумурсқа ва бошқа жонзотлардир. Шуларнинг ҳаммасига Аллоҳ таоло ризқ беради. Ҳаммасининг юргани, тургани, туғилгани ва бошқа ҳолатларини билади. Буларнинг ҳаммаси очиқ-ойдин ва равшан китобда ёзиғлиқ ҳамдир.

Ривоят қилинишича, хазрат Сулаймон пайғамбар ( алайҳиссалом ) денгиз қирғоғида ўтирган эди. Дон кўтариб денгиз томон кетаётган чумолига кўзи тушди. Уни кузата бошлади. Чумоли денгизга етиб борди. Шунда сув ичидан бир қурбақа бошини чиқарди ва оғзини очди. Дон кўтарган чумоли унинг оғзига кириб олди. Қурбақа шу бўйи бир соатча йўқ бўлиб кетди. Сулаймон ( алайҳиссалом) бу ҳолдан таажжубланиб фикр юритиб ўтирарди. Бир пайт қурбақа сувдан чиқди. Оғзини очган эди бояги чумоли чиқиб келди. Бироқ дон йўқ эди.

 Шунда ҳазрат Сулаймон ( алайҳиссалом) чумолини чақирди ва ундан донни нима қилгани, қаерда бўлганини сўради. " Эй Аллоҳнинг пайғамбари !- тилга кирди чумоли.- Мана шу денгиз тагида катта тош бор, унинг ичида кўр қурт яшайди. Ризқ талабида ташқарига чиқолмайди.

Аллоҳ таоло унга озуқа етказишни менга, сув тубига шўнғиб, мени манзилга элтишни қурбақага вазифа қилган. Қурбақа оғзини ўша тош тешигига қўяди. Мен тешикдан ичкарига кираман. Қуртга донни бергач, яна қурбақанинг оғзига ўтиб оламан. У эса мени денгиздан ташқарига олиб чиқади ".

 Ҳазрат Сулаймон ( алайҳиссалом): " Ўша қуртнинг бирор тасбеҳ айтганини эшитганмисан?" деб сўради. Чумоли жавоб берди: " У мана бу дуони айтар эди: " Эй раҳмати ила мени тўлқинлар остида ётган мана бу катта тош ичида ҳам унитмайдиган зот! Ўз раҳматинг ила мўмин бандаларингни ҳам унитмагин!"

Инсонлар одатда кунлари яхши ўтмаслигидан, ризқлари камайиб ёки тўхтаб қолишидан, турмишлари ёмонлашувидан ва рўзғорларининг кемтик бўлишидан ҳамиша ҳадикда яшашади. Ҳамма ана шу кемтикликларни тўлдириш учун эртадан - кечгача зир югиради. Ҳаётини яхшилаш учун бутун билими, заковати, бойлиги, салоҳиятини сарфлайди. Бу йўлда ақл бовар қилмайдиган " тадбир "ларга, ҳийла - найранларга ҳам боради. Оқибатда " ризқ ахтариб " руҳий хотиржамликдан, оилавий фароғатдан, маънавий камолотдан маҳрум бўлади.

Масалан, биз одатда жонсиз деб ўйлайдиган, аммо бошқа мавжудотлар каби тирик ҳолда яшнаб турган дарахтнинг "ҳаёти" ни кузатайлик. Унинг яшаши учун қуёш нури ва ҳарорати, сув, ҳаво,ўғит, мева тугиши учун гулларни чанглаш зарур бўлади. У бошқа махлуқотларга ўхшаб учолмаса, юролмаса, суза олмаса бу нарсаларни қандай тонади, деган савол туғилиши табиий. Аммо дарахт бу нарсаларни жойидан қимирламаса ҳам олаверади. Шундан кўриниб турибдики, инсонлардан фарқли ўлароқ барча жонзотлар ризқ талабида илоҳий туйғуга бўйсуниб, эртанинг ғамини асло ейилмайди.

Мана шу мисолларнинг ўзиёқ дунё ҳаётида ҳеч ким ризқсиз қолмаслигини исботлаб турибди. Инсондан бошқа махлуқотлар ризқ топиш учун жон ҳам куйдиришмайди, эртанги кун учун емиш сақлаб ўтиришмайди, ғамлаганларини ўзлари билан кўтариб юришмайди. Улар " кунлик ризқ " қонунига амал қилиб, фақат бугунлари билан яшашади, ҳар куни Яратган албатта ризқ юборишини ботиний бир туйғу билан " сезиб" туришади.

 Раззоқ ва Холиқимиз шу вақтгача ризқимизни етказиб беряптими? Демак бизни эсдан чиқармади, биз ҳам Роббимизни эсдан чиқармай берган ризқларига шукр қилиб яшашимиз керак.

 Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх Эшон” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг