Қоронғи режим
Image
Logo

СОЛИҲА ЁР.

СОЛИҲА ЁР.

Инсониятга борки, эркагу аёл жуфтланишлик моилдир. Чунки Аллоҳ таоло: “Сизлар эслатма-ибрат олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” деб марҳамат қилади.

яна бир бошқа ояти каримада: “Унинг оятларидан (яна бири) – У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир”  деб марҳамат қилинган.

Ҳадиси шарифда эса:

“Аёл 4 нарсаси учун никоҳланади: моли учун, ҳасаби учун, чиройи учун ва дини учун. Бас, диёнатлигисини танла, барака топгур”.

“Ким насаби обрўйи учун уйланса, Аллоҳ унга хорликни зиёда қилади. Ким унга молу мулки учун уйланса, Аллоҳ унга фақирликни зиёда қилади. Ким унга чиройи учун уйланса, Аллоҳ унга пасткашлакни зиёда қилади. Ва кимики, аёлга фақат кўзини ҳаромдан тўсиш ва авратини ҳаром ишлардан сақлаши учун фарзанд кўришни ирода қилиб, уйланса, Аллоҳ унга ва аёлига барака беради”

Совчи қўйиладиган қизга ёки аёлга шариатда “махтуба” дейилади. Унга қараш, назар солиш шариатимизда жоиз. Чунки бу нарса улар орасида меҳр -муҳаббатни уйғотади. Аммо бунда ифрот ва тафритга йўл қўймаслик лозим, яъни ҳаддан ташқари ўтказиб юбориш ёки ҳаддан ташқари сусткашлик йўл қўйишдир. Айрим мутассиблар борки, динни нотўғри талқин қиладиган нодон жоҳиллар “Номаҳрамга қараш мумкин эмас, Аллоҳга таваккал қилиш керак, тамом” деб у қиз бўлажак куёвга ёқадими йўқми ёки қизнинг таъбига тушадими йўқми буни билишмайди. Ахир кейин, никоҳдан сўнгра бутун умр чидаб юрмайди-ку. Амирал муъминийн ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Қизларингизни хунук кишига эрга берманг, чунки йигитларни қизлардаги нима ажаблантирса, қизларни ҳам йигитлардаги шу нарса ажаблантиради”.

Ёки акси ўғилу қизга эътиборсизлик қилиб, бемалол, кузатувсиз, ёлғиз қолиб бирга юришга рухсат бераверадилар. Бундай ҳолат оғир оқибатларга олиб келиб, қиз шаънининг поймол этилишига сабаб бўлиши мумкин.

Ҳадиси муборакда совчилик масаласида:

“Сизлардан бирортангиз номаҳрам аёл билан танҳо қолмасин, чунки уларнинг учинчиси шайтон бўлади”. “Агар бирортангиз аёлга совчилик қилса ва у аёлга уйланишдан олдин (ҳусни жамолига) қараш имкони бўлса, шундай қилсин (қарасин)” яна бир ҳадисда:

 “Муғийра розияллоҳу анҳу бир аёлга совчи қўймоқчиликларини Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга айтдилар, шунда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам “Уни кўрдингми?” – деб сўрадилар. Муғийра розияллоҳу анҳу “Йўқ” – деди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “Уни бориб кўр, чунки бундай қилиш иккингиз орангизда бардавомликка керакдир”.

Имом Нававий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бу нарсада эркакка яхшилик учун уйланмоқчи бўлган аёлнинг юзига қараш мустаҳаб эканига далил бор. Аёлга қараш деганда, фақат унинг юзи ва кафтиларига қараш мумкин. Чунки юз, гўзаллик ёки унинг зиддига ва кафтлар соҳломлигига далолат қилишга етарли. Жумҳур мазҳаб уламоларининг фикри шуки, махтуба аёлга, яъни бўлажак келиншавандага қараш жоиз, унинг розилиги шарт қилинмайди, ҳатто махтубага билдирмасдан туриб ҳам, уни кўриш мумкин”.

Шайх Муҳаммад Али Собуний: “Уйланишни ният қилган йигит қизнинг қомати, юриш-туриши ҳақида қўшниларидан сўрайди. Қиз йигитга ёқадиган шаклда кўрганидан кейин уйланади. Бу шариатнинг талаби бўлиб, унда ҳеч қандай кароҳиятлик йўқ” дедилар.

“Аттажул жамиъу лилусул” китобининг шарҳловчиси айтади: “Келин ҳам куёвнинг юзи ва кафтига назар солиши жоиз. Куёв ва келин бир-бирини кўриш иложи бўлмаса, уни кўриб таърифлаб берадиган ишончли, яқин кишисини жўнатиши керак. Чунки Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам ўзлари уйланмоқчи бўлган аёлга Умму Саламани юборганлар”.

Мен қиз билан юриб уни ўрганиб кейин уйланаман деганларга ёки бир йигит билан юриб, агар у менга ёқса, кейин турмушга чиқаман деганларга Мисрнинг машҳур қозиси, забардаст алломаси 30мингта эри хотин можаросини эшитган, эру хотин орасидаги муомалалар ҳақида юзлаб рисолалар таълиф қилган ва яна ўғил болалар тарбияси ва қиз бола тарбияси ҳақида китоблар ёзган машҳур олим Али Тантовий ҳазратларининг гапларини эшитинг: “Эй биродарим, сен агар “Лайли ва Мажнун” ёки “Ромео ва Жулетта” ҳаётидай севги муҳаббатли ҳаёт кечирмоқчи бўлсанг, афсуски бундай ҳолатлар фақат қиссаларда бўлади. чунки икки киши тоинки бир-бирига ўргангунча улар бир неча йиллар бирга яшаб кейин бир-бирига мослашиш мумкин. Дунёда бирор хонадон йўқки оила можароларига йўлиқмаган бўлса, ҳатто Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг хонадонлари ҳам бу нарсадан холи бўлмаган, гарчи У зот бобаракотнинг уйлари ер юзидаги уйларнинг энг шарафлиси, энг ҳурматлиси, энг улуғи эди. Яна бир машҳур ҳадис бор, ҳаммаимз ҳам эшитганмиз бир саҳобий ҳазрати Умарнинг уйларига ўзининг хотинидан шикоят қилгани келади-да  ҳазрати Умарнинг уйларидан ҳам ўзининг хотини каби овозлар эшитганини кўриб қайтади. Ҳазрати Умар буюк зот эдилар, эркакларнинг паҳлавони эдилар, ҳатто шайтон у зотнинг ҳайбатларидан қўрқиб қочарди. Мана шундай зотнинг уйларида ҳам бу нарсадан холи эмас эди.

Аллоҳ таоло бирор кишини бир хил қилиб яратмаган. Ҳатто эгизаклар ҳам орасида нозик бир фарқ бор. Худди шундай бирор кишини ҳам Аллоҳ таоло бир хил табиатда яратмади. Агар – дейдилар Али Тантовий ҳазратлари – оилада барқарорлик ва фаравонликни хоҳласалар, эру хотин бир-бирларига мослашишлари керак, муносиб ҳолда биргаликда қадам ташлашлари керак. Агар ораларидан ихтилоф чиқмасликни хоҳласалар, улар ҳамфикр бўлишлари лозим. Агар сен йўлнинг ўнг тарафидаги тратуарда турган бўлсанг ва дўстинг чап тарафдаги тратуарда турган бўлса, бир-бировларингиз билан сўрашмоқчи бўлсангизлар ҳаргиз сўраша олмайсиз, у учун ёки сен у томонга ўтишинг керак ё у сен томон юриши керак. Демак, ҳар бир корхонада раҳбар бўлгани каби ҳар бир оилада раҳбар керак. Бу эса Аллоҳ таоло томонидан аллақачон белгиланган, эркак раҳбар бўлиб, аёл эса унниг вазири бўлиши керак”.

“Агар сизларга, тақволи ва яхши хулқли кишидан совчи келса, унга турмушга чиқаринглар. Бундай қилмасангизлар, ер юзида фитна ва фасод тарқалади”. Ё Расулуллоҳ, агар у камбағал бўлса ҳамми? Ёки ундай бўлса ҳамми бундай бўлса ҳамми? – деганларида. Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам юқоридаги сўзларини 3 маротаба қайта-қайта такрорлавердилар: “Агар сизларга, тақволи ва яхши хулқли кишидан совчи келса, унга турмушга чиқаринглар. Бундай қилмасангизлар, ер юзида фитна ва фасод тарқалади”.

Имом Ғаззолий айтадилар: “Қизнинг ҳаққида эҳтиёт бўлиш лозим. Чунки қиз никоҳлангандан сўнг, иложсиз эрига бўйинсуниши лозим, яъни ўзи хоҳлаганини қилолмайди. Эр ўзи хоҳлаган пайтда талоқ беришга қодир. Агар киши ўз қизини золимга, ё фосиққа, ё биъатчига ёки ароқхўрга берса, ўз динига ва қизига хиёнат қилибди. Бунинг билан қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ғазабига рўбарў бўлади”.

Ибн Умардан ривоят қилинади: “Ҳафса Хунайс ибн Ҳузафа ас-Саҳмийдан бева қолди. У Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бўлиб, Мадинада вафот этган эди. Ҳазрати Умар р.а. дедилар: Ҳафсани Усмонга тақдим қилдим. У бу ишга “Ўйлаб кўришим керак”, деб жавоб бердилар. Бир неча кун кутганимдан сўнг, яна Усмон билан учрашганимда: “Ҳозирча уйланмайдиганга ўхшайман”, деди. Кейин Абу Бакр Сиддиққа учрашиб: “Агар хоҳласангиз, сизга қизим Ҳафсани никоҳлаб берай” деганимда, индамадилар. Абу Бакр р.а.нинг бу иши Усмон р.а.нинг сўзларидан кўра қаттиқроқ таъсир қилиб, Усмонга жаҳлим чиққандан кўпроқ жаҳлим чиқди.

Бир неча кун турганимдан сўнг Ҳафсага Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам совчи бўлдилар ва мен уни у зотга никоҳлаб бердим. Сўнгра Абу Бакр р.а. менга йўлиққанларида: “Эҳтимол, Ҳафсани менга таклиф қилганингизда сизга ҳеч жавоб қайтармаганим учун жаҳлингиз чиққан бўлса керак-а?”, дедилар. Мен: “Ҳа”, деб жавоб бердим. Ҳазрати Абу Бакр р.а.: “Таклиф қилганингизда, сизга жавоб қайтармаганимнинг сабаби Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Ҳафсани зикр қилганларини эшитган эдим. Шунинг учун у кишининг сирларини фош қилгим келмади. Агар Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам хоҳламасалар, мен қабул қиламан”, дедилар”.

Бу ҳадисни ривоят қилган Шайғ Муҳаммад Али Собуний дейдилар: “Камина ҳам қизлари билан шундай йўл тутдим ва уларнинг бахтидан ўзим ҳам хурсандман.  Албатта, қиз бола муҳофаза қилиб, инсон ҳузурига қўйилиши керак бўлган бир “гавҳар”дир. Муносиб жуфт ва бошқаларга ўрнак бўладиган йигитни қидиришимиз қизни ўзи хоҳлаган йигит билан турмуш қуришга қўйиб беришимиздан яхшироқдир. Чунки бўлажак куёв у оилага муносиб бўлмасдан, қизнинг аҳлига ор ва иснод келтириши мумкин.

                                                                                     Ботиров Баҳодир,
Чуст тумани “Охунбобо” жоме
масжиди имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг