Қоронғи режим
Image
Logo

ШУКРОНАЛИК НЕЪМАТИ.....

ШУКРОНАЛИК  НЕЪМАТИ.....

   Ҳаммамиз бебаҳо неъматлар ичидамиз. Нафасимизнинг кириб-чиқиб тургани, танамиз соғлиги, юртимиз хурлиги ва тинчлиги, етарли озиғимиз ва кийим-кечагимиз борлиги, ҳаво ва сувдан баҳрамандлигимиз, фарзандлар қувончи–буларнинг хаммаси Аллоҳ таолонинг улуғ инъомидир. Парвардигоримиз моддий ва маънавий неъматларни мукаммал бериб қўйган. Бунинг эвазига эса биздан фақат бир нарсани Ўзига итоат қилишимизни, неъматларига шукр келтиришимизни талаб килади, холос.

   Аллоҳ таоло неъматларининг ҳаққини адо этиш фақат Аллоҳга итоат қилиш, Ўзига хамд айтиш, Унга шукр билдириш билан бўлади. Қуръони каримда бундай дейилган “Шукр қилувчиларни, албатта мукофотлаймиз” (Оли Имрон, 145); “Агар шукр қилсангиз ва имон келтирсангиз, Аллох сизларни азоблаб нима ҳам киларди?!” (Hисо 147); “Бандаларим орасида шукр қилувчилар оздир” (Сабаъ, 13); “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман” (Иброхим, 7).

Неъматга шукр қилинмаса, у албатта заволга учрайди, йўқолади. Улуғ мутасаввифлардан Фузайл ибн Иёз: “Сизлар неъматлар учун доимо шукр айтмоғингиз вожибдир. Қавмдан кетган бир неъматнинг яна қайтиб келиши жуда мушкул” деган.

    Мустақиллик, хурлик, бировларга қарам ва муте бўлмаслик Аллоҳ таолонинг халқимиз, юртимиз, миллатимизга ато этган энг улуғ неъматидир. Неъмат бўлганида ҳам, ҳар куни, ҳар соат фикр қилиб кўриладиган, ҳар дам шукри қилиниши лозим бўлган, қадри, шарафи, бардавомлиги кўз қорачиғидай авайлаб асралиши зарур бўлган бебаҳо неъматдир. Бу неъматнинг миқёси, кўлами, аҳамияти ва мохиятини англаш учун мустақилликда ўтаётган ўттиз икки йилимизни совет даврида кечирилган етмиш беш йиллик давр билан солиштириш, қиёслаш, ибратланиш, хулоса чиқариш керак бўлади. Айниқса, бу нарса Ислом дини равнақига, мусулмонларга яратилган эркинликлар ва шароитлар соҳасида яққол кўзга ташланади. Мусулмонларимиз дахрий совет тузумида нимага эришган эдилар-у, қисқагина мустакиллик даврида нималарга эга бўлдилар? Ҳар бир оқил инсон бу ҳакда озгина мулоҳаза юритса, уйлаб муқояса, мулохаза қилиб кўрса, ҳамма нарса ойдинлашади, ҳақиқат бор қадди билан намоён бўлади.

   Мустакиллик йилларида мамлакатда Ислом дини равнақи йулида кенг имкониятлар очилди. Эътиқод эркинлиги мамлакатимизнинг Асосий Қонуни - Конституцияда кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар - масжид ва мадрасаларнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Уларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари, диний адабиётлар ва оммавий ахборот воситаларидан бахраманд бўлишлари учун кенг шарт-шароитлар яратилди. Юртбошимиз хаққоний равишда таъкидлаганларидай, “Диний-маърифий қадриятларимизни ўрганиш, асраш ва химоя қилиш, шу асосда ёш авлодимиз қалби ва онгига эзгу ғояларни сингдириш бўйича олиб бораётган амалий ишларимиз жамоатчиликка яхши маълум.  Бугунги кунда бизнинг тарихий мерос масаласига катта масъулият билан қараб, олиб бораётган ишларимизнинг амалий тасдиғини кўп-кўп мисолларда кўриш мумкин”.

    Юртимизда жаҳон Ислом илм-тафаккури ва маданиятига улкан хисса қўшган улуғ алломалар, ақида имомлари, буюк муфассир, мухаддис, фақиҳлар, тасаввуф шайҳлари ҳаёти ва илмий меросини ўрганиш, ўлкадаги бебаҳо тарихий ва маданий-меъморий ёдгорликларни таъмирлаш, авайлаб-асраш борасида олиб борилаётган ишлар кўлами ҳам ниҳоятда катта бўлаётир. Жаҳон Ислом хазорасига катта улуш қўшган Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Накшбанд, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурхониддин Марғиноний, Хожа Ахрор Валий  каби атоқли Ислом олимлари ва тасаввуф шайҳларининг таваллуд тўйлари кенг нишонланди, кадамжолари обод килинди, асарлари нашр этилди. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида байрам кунлари тўғрисидаги Қонунига биноан, жумладан, Рўза хайити (Ийд ал фитр) ва Қурбон Хайити (Ийд ал адха) кунлари умумхалк байрами (дам олиш) кунлари этиб белгиланди.

   Шундай экан, мустақиллигимиз неъматининг қадрига етиб, динимиз ривожига хукуматимиз кўрсатаётган ғамхўрликларини Аллоҳнинг улуғ марҳамати деб қабул қилишимиз, бунинг шукронасини адо этишимиз лозим. Шунда иншааллох юртимиз истиқлоли йилдан йил мустахкам бўлаверади.

Пахриддин Юсупов,
Наманган тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг