ШУКРОНАЛИК УЛУҒ НЕЪМАТ

Инсон ҳаёти давомида сон - саноқсиз неъматлардан баҳраманд бўлиб яшайди. Ўз ватанида қорни тўқ, усти бут бўлиб хавф - хатардан омонда яшаш шукронасини адо этиш лозим бўлган улкан неъматлардан ҳисобланади. Бу неъматнинг улуғлиги ва унга муваффақ бўлганлар унинг шукронасини қандай адо этишлари лозимлигига қўйидаги оятларда далолат бор:
“Улар мана шу Байт ( Каъба) нинг Роббисига ибодат қилсинлар. У (зот) уларни очликдан тўқ қилган, хавфдан омон қилгандир” (Қурайш сураси, 3 - 4 оятлар).
Яъни, Қурайш қабиласи турли неъматлар билан ризқлантирилгани ва хавфу хатарлардан омонда қилингани учун бу неъматларнинг шукрини адо этишга буюрилганлар. Шукрини адо этиш эса ушбу неъматларни ато этган Зотга ибодат қилиш экани айтилган.
Шу маънода юртимизда ҳукм сураётган тинч осуда ва фаровон ҳаёт ҳар бир ватандошимиздан унинг шукронасини адо этишни тақозо қилади.
Ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ ушбу оят тафсирида: “Кимки ушбу буйруқга бўйсунган бўлса, Аллоҳ уни дунёда ҳам охиратда ҳам хавфдан омонда қилади, осий бўлган кимсадан эса дунёда ҳам охиратда ҳам омонликни олиб қўяди”, деган.
Аслида барча неъматларни умумий икки турга ажратиш мумкин. Бу ҳақида Имом Фаҳриддин Розий бундай деган: “Неъмат бериш икки ҳил бўлади:
- Зарарни даф қилиш;
- Манфаатлантириш.
Ушбу неъматларнинг биринчиси бўлган зарарни даф қилиш яъни, хавф - хатардан омонлик неъмати асосий ва муҳим неъмат ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда ушбу неъмат биринчи бўлиб зикр қилинган:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Сизлардан кимки қалби ҳотиржам, танаси соғлом, шу кунига етарли озуқаси бўлган ҳолатда тонг оттирса, унга дунё (неъматлари) тўлиқ берилибди", дедилар". Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиснинг маъносини ҳозирги кунда мазкур неъматлардан жудо бўлган турли нотинч ўлкалардаги миллионлаб инсонлар бошқалардан кўра яхшироқ англасалар не ажаб.
Мазкур неъматларнинг нақадар улуғлиги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига таълим берган дуоларида яққол намоён бўлган:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўшакларига ётсалар: "Бизни таомлантирган, сув берган, таъминлаган, ва бошпана берган Зотга ҳамд бўлсин. Қанчадан қанча таъминловчиси ҳам, бошпана берувчиси ҳам бўлмаган кишилар бор, дер эдилар". Муслим ривоят қилган.
Шунга кўра бу неъматларга ғарқ бўлиб яшаётганлар уларнинг шукронасини адо қилишни ёддан чиқармасликлари лозим бўлади. Зеро ҳикматли сўзда: "Шукр қилиш борини боғлайди, йўғини чорлайди", дейилган.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шаҳар "Ғойибберди махдум" жоме
масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022