СЎЗ - АҚЛ ТАРОЗИСИ

Инсоннинг ҳамиша эзгуликни исташида, буюк мақсадларга эришишида, дўстларини кўпайтиришида, муҳим масалани ижобий ҳал этишида, ҳаттоки мураккаб муаммоларни ечишда ҳам ширинсўзлик муҳим аҳамият касб этади.
Ширинсўзлик - қалб мулкининг дуру гавҳари. Ана шу бебаҳо ҳислати билан Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Абдуқодир Бедиллар халқлар ўртасидаги низоларни бартараф этиб, якдил қилганликларига тарихда кўплаб мисоллар бор.
Одамларни ўзаро боғловчи ришта бу мулоқотдир. Агар у мустаҳкам бўлса жамият тараққиёти ҳам, фуқаролар ҳаёти ҳам фаровон бўлади. Буни яхши билган ота-боболаримиз сўзлашув одобига алоҳида аҳамият бериб, тилнинг маҳсули бўлган сўзлардан одоб билан фойдаланганлар.
Бу ўзига хос таълимни инсон дастлаб оиладан олади. Негаки кичик инсон жамиятнинг кичик бўлагида таваллуд топади, тили чиқади. Мактабгача таълим муассасаларида, мактабда ва бошқа ўқув даргоҳларида мазкур тарбия давом эттирилади.
Сўз қудратли куч. Ундан ўринсиз фойдаланиш ёмонликка олиб боради. Кичик бир оиланинг тинчи ҳам, бутун дунёнинг аҳиллиги ҳам сўзнинг қандай ишлатилашига боғлиқ. Одам ақл билан иш кўрмаса сўздан бир-бирини ҳақоратлаш учун фойдаланади. Одамийликка путур етади, ҳатто уруш-жанжал бошланиши мумкин.
Айни кундаги эътибор талаб жиҳатлардан бири шуки, ёшлар ҳам, баъзи катталар ҳам турли миллат сўзларини аралаштириб, ўзбекча сўзларни эса тартибсиз қўллашни одат қилганлар.
Тилимизга путур етказадиган бу камчиликни бартараф этиш ва чиройли сўзлаш илмини эгаллаш учун кўп ўқиш, донолар бисотига мурожаат этиш орқали нутқ маданиятини ўстириш керак. Аллоҳ таолонинг инсонга берган энг улуғ неъматларидан бири тил ҳисобланади. Ундан оқилона фойдаланилса бошга бахт-иқбол қўнади, аксинча ҳолатда, ташвиш келиши муқаррар
Улуғларнинг айтишича: кўп гапиришда, қасам ичишда, кишини уялтириб қўядиган беҳуда ҳазил-мутойиба пайтида, бировни ёмонлаб тилга олишда, ўзини бошқалардан устун қўйиб мақтаниш хоҳиши туғилган маҳалларда одамнинг тили жим турмаса соқов бўлган афзалдир.
Халқимиз бежизга "дилдаги гап тилга чиқади" демайди. Шифокор, тарбиячи, раҳбар, ота-она, умуман, ҳар бир инсон юқоридаги ҳолатларда ҳушёр бўлиши зарур. Чунки шифокорнинг ширинсуханлиги буюрган дориси билан бирлашсагина беморга ижобий таъсир этади. Раҳбарнинг муомаласи бошқариб турган жамоасини юксак муваффақиятларга етакласа, тарбиячи ва ота-оналар ёшларни ҳар томонлама камол топтириш, миллий урф-одатларимизни қадрлайдиган ва давом эттирадаган инсонларни тарбиялаш масъулияти сўзни қадрлагандагина оқланишини унутмасликлари лозим.
Иброҳим Қосимхўжаев,
Наманган шахар Ғойибберди махдум"
жоме масжиди имом хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022