Қоронғи режим
Image
Logo

ТАДБИРКОР – ФАРОВОНЛИККА МАДАДКОР

ТАДБИРКОР – ФАРОВОНЛИККА МАДАДКОР

(2024 йил – Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили)

 

 

Динимизда ҳалол касбга тарғиб қилинган бўлиб, танбаллик, дангасалик, ишёқмаслик каби жамиятга зарар келтирувчи иллатлардан қайтарилганмиз. Ҳатто ҳалол ризқ йўлида қилинадиган саъю ҳаракатлар учун улкан савоблар ваъда қилинган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ҳадисларнинг бирида: Абдуллоҳ ибн Масъуд розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ҳалол касб қилиш фарздан кейинги фарздир” (Имом Байҳақий бу ҳадисни “Шуъабул-имон” китобида келтирганлар). Имом Муҳаммад аш-Шайбоний илм талаб қилиш қандай фарз бўлса, ҳалол касб талаб қилиш ҳам худди шундай фарздир, деганлар.

Киши бировга муҳтож бўлмаслик учун меҳнат қилар экан, ҳам ўзининг инсонлик шарафини ҳимоя қилади, ҳам Яратганнинг амрига бош эгади. Зеро, мўминга Аллоҳнинг амри, Расулининг соллаллоҳу алайҳи васалламкўрсатган йўллари ҳалол меҳнат қилмоқликдир. Расул Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламшундай марҳамат қилганлар: Миқдом розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:  “Киши ўз қўл меҳнати билан топганидан кўра яхшироқ ва покизароқ таом емайди” (Имом Ибн Можа ривояти). Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг мисолини келтириб айтдиларРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: Узоқ ҳаж сафарига чиқиб, соч-соқоли тўзиб, чангга ботган ҳолда икки қўлини осмонга кўтариб, “Эй Раббим, эй Раббим”, дейди, дуо қилади, ваҳоланки егани ҳам ҳаром, ичгани ҳам ҳаром, кийгани ҳам ҳаром, ҳаромдан озиқланган… Қаердан ҳам дуоси ижобат бўлсин?!” (Имом Муслим ривояти).

Уламолар тирикчилик ва касб-кор қилиш орқали мол топишни бир неча даража ва мартабаларга бўлган.

Биринчиси – фарз даража бўлиб, бу кишининг ўзи ва оиласининг зарурий эҳтиёжларини қондириш ҳамда қарзларини узишга етадиган миқдорда ишлаб пул топишидир.

Иккинчиси – мустаҳаб даража бўлиб, бу фақир-камбағалларга ҳам ёрдам қўлини чўзиш, дўст-ёр ва яқинларига мурувват кўрсатиш мақсадида мол-дунё орттиришга ҳаракат қилишдир. Набиййимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Одамларнинг ичида Аллоҳга энг маҳбуби одамларга кўпроқ манфаати етадиганидир.

Учинчиси – мубоҳ даражадаги касбу кор. Бу фаровон ҳаёт кечириш учун зиёда мол орттирмоқ. Бу ҳам агар ҳалолдан бўлса жоиздир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: “Ким одамларнинг қўлига қарам бўлмаслик, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш  учун ҳалол мол-дунё талаб қилса, юзи тўлин ой кечасидаги ой каби порлаган ҳолда Аллоҳга йўлиқади”.

Тўртинчиси – макруҳ даража бўлиб, бу манманлик, кеккайиш, кибру ҳаво ва мақтаниш учун гарчи ҳалолдан бўлса ҳам мол-мулк топиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким мол-дунёни мақтаниш, кўз-кўз қилиш ва бошқалардан кўплиги билан фахрланиш учун талаб қилса, Аллоҳ таолога Унга ғазаб қилган ҳолида йўлиқади”.

Эрта билан ҳалол ризқ топаман, шу орқали болаларимни боқаман, деган эзгу ва покиза ниятларда ишига йўл олган инсонга Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрлар ёзилади. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким ҳалол меҳнат қилиб, ҳориб чарчаган ҳолда тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тунайди” (Имом Ибн Асокир ривояти).

Банда ҳалол меҳнат қилиб, аҳли-аёлимнинг нафақаси зиммамдаги вожиб амал, деб ихлос билан бозорга қадам қўйиб кириб борар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берган қуйидаги дуони ўқиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бинобарин, бунда дуо қилувчи учун кўплаб фойдалар бор. Умар ибн Хаттоб розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Кимки бозорга кириб, “Ла илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу ла шарика лаҳу,  лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, йуҳйи ва юмиту ва ҳува ҳайюл ла ямуту биядиҳил хойру ва ҳува ала кулли шайъин қодир”, - деса Аллоҳ унга минг-минг яхшиликлар ёзади, минг-минг хатосини ўчиради, уни минг-минг даражага кўтаради” (Имом Термизий ривояти).

 Дарҳақиқат, ризқни берувчи Аллоҳ эканлигига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Ризқни қанча миқдорда бериш Аллоҳ таолога ҳавола, банданинг вазифаси эса ҳаракат қилиш бўлади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Айтинг: “Албатта, Раббим бандаларидан Ўзи хоҳлаганига ризқни кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаганига ризқни) танг қилур. Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир” (Сабаъ сураси, 39- оят).

Биз ниятимизни тўғри қилиб, Аллоҳ таолодан сўраб ҳалол касбу-ҳунар қилсак, берган ризқига шукрона қилсак, иншоаллоҳ, турмушимиз янада фаровон бўлади.

Аллоҳ таоло тадбиркорларимизнинг касбу корларига барака бериб, халқимиз турмушида фаровонликни янада зиёда айласин.

 

Анвархон АКРАМОВ,
Наманган шаҳридаги “Мулла Бозор Охунд”
жоме масжиди имом-ноиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг