
ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ИККИТА БЕБАҲО НЕЪМАТИ БЎЛИБ...
Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинким, тинчликсевар ва эрксевар халқимизнинг асрий орзулари бўлмиш мустақиллик неъматига эришдик. Албатта, бу неъматга осонликча эришганимиз йўқ. Қанчадан-қанча қурбонлар, тинимсиз изланишлар, қанчадан-қанча бедор тунлар эвазига эришилди. Шунинг учун бу улуғ неъматни кўз қорачиғидек асраб авайлаш ва унинг абадий бўлиши учун Аллоҳга шукрлар айтиб боришимиз лозим. Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Агар берган неъматларимга шукр қилсангиз албатта, уни зиёда қилиб бераман» деган.
Истиқлол халқимиз учун чексиз имкониятлар эшигини очиб берди. Барча соҳалар қатори мустақиллик дин аҳлига кўрсатган ижобий таъсири янада улкан бўлди.
Тарихан қисқа давр ичида мустақил давлатимиз асрларга татигулик бунёдкорлик ишларини амалга ошириб, дунё мамлакатлариэътирофига сазовор бўлди. Бу улкан ютуқларни қўлга киритишимизда тинчлик ва хотиржамлик омил бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим.
Гап тинчлик ва хотиржамлик хусусида борар экан, Пайғамбаримизнинг бу борада айтган муборак ҳадисларини эсламасликнинг иложи йўқ. «Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик» (Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти).
Демак тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг иккита бебаҳо неъмати бўлиб, ҳамма ҳам ундан баббаравар баҳраманд эмас. Тинчлик нақадар бебаҳо неъмат эканини ундан маҳрум инсонлар яхши билади.
Дарҳақиқат, динимиз тинчликни бебаҳо неьмат деб улуғлайди, шунинг учун ҳам Қурьони карим оятлари кўп бора тинчликка даъват қилади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: «...Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!» (Бақара, 60), деб таъкидлаган. Ҳадиси шарифларда ҳам Пайғамбаримиз (сав): «Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар маҳрумдирлар» - дея инсонларни тичликнинг қадрига етишга, ўзаро аҳил-иноқ яшашга даъват этадилар. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани бежиз эмас, албатта. Шунингдек, доно халқимизнинг «Қўшнинг тинч - сен тинч», «Тинчлигинг - ҳурлигинг» каби мақолларида ҳам тинчлик қанчалик бебаҳо неъмат экани айтилади.
Тинчлик ва хотиржамлик неъматининг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда «алҳамдулиллаҳ» дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин. Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир.
Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Маъруфхон Алоходжаев,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022