Табиатга меҳр — инсонга меҳр.

Она сайёрамиз шу заминда яшаётган етти миллиарддан зиёд аҳоли, ўсимликлар ҳамда жонзотлардан иборат наботот ва ҳайвонот дунёси учун ягона уй ҳисобланади.
Шунга қарамасдан, инсон ўзи ҳам борлиқ эканини била туриб, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, экологик мувозанатни сақлаш ўрнига, қорнини тўқлаган, устини бутлаган она табиатга керакли эътиборда бўла олмаяпти.
Бугунги кунда экологик муаммолар глобал кўриниш касб этиб, жаҳон аҳлини ташвишга солмоқда. Дунё бўйича йилига қарийб олти миллион гектар ер чўлга айланаётгани, олтмиш мингга яқин ўсимлик, етти мингдан ортиқ ҳайвон турлари йўқолиб кетиш арафасида тургани ачинарли ҳолатдир.
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ҳозирги кунда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш асримизнинг энг муҳим муаммоларидан бири бўлиб турибди. Бу муаммо ўзининг инсониятга келтириши мумкин бўлган ёмон оқибатлари бўйича ядро ҳалокатидан кам эмас.
Табиийки, мазкур муаммо бутун оламдаги юз миллионлаб мусулмонларни ҳам, Ислом уламоларини ҳам ташвишга солмоқда ва улар бу муаммоларни ҳал қилишда Ислом таълимотларига мурожаат қилишмоқда.
Барчага маълумки, Аллоҳ таоло оламни ажойиб аниқлик билан, ўзаро боғлиқ ҳолда ҳамда ундаги махлуқотларнинг хусусиятлари, сифатлари, таркиблари, ададларини ниҳоятда гўзал ва ҳикматли қилиб яратган. Ҳар бир яратилган нарса ўзининг бетакрор тартибига эга. Ҳар битта нарсанинг Аллоҳ таоло тарафидан ўзига хос замон ва маконда яратилиши белгилаб қўйилган.
Бу ҳақда Қуръони каримда жуда кўп оятлар нозил этилган бўлиб, жумладан, Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик» (Қамар сураси, 49-оят).
Бошқача айтганда, дунёдаги ҳар бир нарса: сув, ер, ҳаво, тоғ, ҳайвонот ҳам, наботот ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўлчов билан ва бир-бирига боғлиқ қилиб яратилган.
Бу оятлардан биламизки, наботот олами бандалар учун ризқдир, бандаларнинг эса ўз ризқларини эҳтиром қилишлари ҳамда шукур келтиришлари, наботот оламига нисбатан тўғри муомалада бўлиши лозим. Аксинча, наботот оламига нисбатан ёмон муомала Аллоҳнинг ғазаби ва азобига олиб келади. Наботот олами, ундан фойдаланиш йўл-йўриқлари ҳақида Қуръони каримда кўплаб оятлар келган.
Деҳқончилик ва боғдорчилик ишларига тарғиб қилувчи кўплаб ҳадису шарифлар ҳам мавжуд. Шулардан баъзиларини келтирамиз: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қайси бир мусулмон бир кўчат экса ёки бирор бир зироат қилса, ундан қушми, инсонми, ҳайвонми еса, албатта унинг учун бундан садақа ҳосил бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Демак, барчамиз ўзимиз яшаб турган ҳовлиларимизга, маҳаллаларимизга дарахт ва гул кўчатларини эксак ва ундан кимдир манфаат олса бундан бизга савоб ҳосил бўлишини тушуниб саъй-ҳаракат қилишимиз лозим.
Яна бир ҳадиси шарифда: “Экилган ҳар бир дарахтнинг айтаётган тасбеҳи ўша дарахтни эккан кишининг номаи амалига ёзилади”.
Динимизда атроф-муҳитни яхшилаш ва саҳролашишнинг олдини олишга муносабат билдирилиб, бўш ерларга мевали ва манзарали дарахтлар ҳамда турли хил гул кўчатлари экишга тарғиб қилинади, ва бу ишлар кўпчиликка манфаатлилиги боис савоби ҳам мислсиз эканига урғу берилган.
Шариатимизга кўра сувсиз, қаровсиз ва ҳеч кимнинг мулкида бўлмаган ерларни бирор киши обод қилиб, ободонлаштирса, ўша ерга эгалик ҳуқуқи бериш билан рағбатлантирилган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бу борада шундай марҳамат қилганлар:
“Ким ўзлаштирилмаган бир ерни обод қилса ўша ерга у ҳақлидир” (Имом Бухорий ривоятлари).
Атроф-муҳитни обод қилишга, бугунги кунда глобаллашаётган саҳролашиш муаммосини олдини олишга динимизда шу тариқа аҳамият берилган.
Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керакки, фарзандларимизга ўзгани меҳнатини қадрлаш, йўлларимизда экилаётган мевали ва манзарали дав-дарахтларга зиён етказмаслик, табиатга меҳр – инсонга меҳр эканлигини эслатиб туришлигимиз айни муддаодир.
Мирзоҳид Умирзоқов,
Мингбулоқ тумани “Топтиқ Азиз” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022