ТАБИАТ – АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ ОМОНАТИДИР

Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси 56-оят), деб келтирилган. Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Ер ва ундаги барча неъматларни келажак авлодга соф ҳолатда етказиш ҳар бир инсон олдидаги муҳим вазифаларидандир. Айниқса, бу имон-эътиқодли кишилар қалбида улкан масъулият ҳиссини оширади.
Сўнгги йилларда жаҳонда кузатилаётган иқлим ўзгариши билан боғлиқ глобал муаммолар, афсуски, юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Рўй бераётган чанг-тўзонлар, шунингдек, ёғингарчиликнинг камайиб ёки кўпайиб кетаётгани сўзимиз тасдиғидир. Бу ҳолат ҳар бир ақли расо кишини бефарқ қолдирмаслиги турган гап.
Яқинда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларига бефарқ бўлмаслик, табиатни асраб-авайлаш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кузги кўчат экиш ишларини жадаллик билан амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланиб, ушбу лойиҳа соҳа ходимлари ўртасида "Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир" шиори остида ўтказилиши белгилаб олинган эди.
Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоят вакиллиги ташаббуси билан Чортоқ туманидаги “Ўрикзор” МФЙ ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
Унда Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси мутахассислари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги масъуллари, шаҳар-туман бош имом-хатиблари, вилоят масжидларининг имом-хатиб, имом-ноиб ва мутаваллилари иштирок этдилар.
Жараёнда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ж.Алойдинов, вилоят бош имом-хатиби М.Аббаситдиновлар сўзга чиқиб, ўз тилакларини билдирдилар. Тадбир давомида 5 гектар жойга 1500 тупдан ортиқ мевали кўчатлар экилди.
Юртимиз бўйлаб кенг миқёсда ўтказилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бу каби хайрли тадбирлар ҳудудлар қиёфасини обод этиш баробарида, табиатни асраб-авайлаш, экологик мусаффоликни таъминлашга кўмак бериши билан аҳамиятлидир.
Аллоҳ таоло барчамизни покликка интилувчи, билганларига амал қилувчи, жисму имони, уй-жойи – Ватанини тоза тутувчи, боғу роғлар ўстирувчи ва Ер юзини обод қилувчилардан қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакиллиги
Матбуот хизмати




















Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022