Қоронғи режим
Image
Logo

ТАКФИР ВА УНГА ОИД ХУКМЛАР

ТАКФИР ВА УНГА ОИД ХУКМЛАР

Ислом тарихидан маълумки, мусулмонни гуноҳи сабабли "кофир" дейишга биринчи бўлиб журъат этганлар " Хавориж" фирқаси бўлиб. Улар:" Мўмин киши гуноҳ иш қилса, кофир бўлади, исломдан чиқади",- деди. Бора - бора " Хавориж" ларнинг мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа қиладиган иши бўлмай қолди. Уларнинг шариатга зид бу ишлари мусулмонлар орасида ихтилоф ва зиддиятларни чиқариб, қирғинбарот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Уламоларимиз хаворижларчалик исломга катта зарар етказган куч бўлмаганини таъкидлайдилар.

Аҳли сунна вал жамоа эътиқодига кўра, барча уламолар бир овоздан ҳаром иш қилган киши, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқарилмайди, балки фосиқ, гуноҳкор бўлади, дейдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг " Фиқҳул акбар" китобларида шундай деганлар:

Яъни:" Мусулмон киши катта гуноҳлардан бирини қилса ҳам, модомики ўшани ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз".

Буюк муҳаддис олим Абу Жаъфар Таҳовий ал- Ҳанафий ҳам ўзининг " Ал - Ақида ат - таҳовия" асарида шундай деганлар:" Қибла аҳлларининг биронтасини гуноҳи сабабли, модомики уни ҳалол санамас экан, кофирга чиқармаймиз".

Бу масалада Мулла Али Қорий раҳматуллоҳи алайҳ бундай деганлар:

Яъни:" Машҳур ҳанафий уламолардан Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: " Агар мусулмонни кофир дейишга далолат қиладиган тўқсон тўққизта далил бўлса- ю, мусулмон деб билишга далолат қилувчи биргина далил бўлса, муфтий ва қозилар учун ўша битта далилни олиш лозим бўлади" ( " Шарҳуш- шифо" китоби).

Ўтган асримизнинг забардаст олим Муҳаммад Саид Рамазон Бутий раҳматуллоҳи алайҳ бир мақолаларида қуйидагиларни ёзадилар:" Мен саҳобаларнинг замонларини ўргандим, улардан бирортасининг гуноҳ қилган кимсани кофирга чиқарганларини кўрмадим, уларнинг ичларида " Мўътазила", " Жаҳмия", " Хавориж" ва бошқа фирқалар бўлишига қарамасдан, улар ҳам ҳеч кимни гуноҳи сабабли кофирга чиқармаганлар. Энди ҳозирги кундаги ҳар бир гапида мусулмонни кофирга чиқараётган кимсаларга нима дейиш мумкин. Улар:" Биз саҳоба ва тобеинларга эргашамиз",- деган даъвони кўтарадилару, лекин қилаётган ишлари асло саҳоба ва тобеинларнинг амалларига тўғри келмайди. Улар мусулмонни кофирга чиқаришни худди бандани Аллоҳга яқинлаштирадиган тасбеҳ сингари кўп ишлатадилар".

Ҳозирги кундаги мусулмонларни кофирга чиқарувчиларнинг асосий хатолари- динни пухта билмаслик, оят- ҳадисларни енгил- елпи тушиниш, мўътабар мужтаҳид  уламолар, муфассирлар ва ҳадисларга шарҳ ёзган буюк олимларнинг сўзларини билмасликлари ёки билсалар ҳам, эътиборга олмасликларидир. Мисол учун айрим жоҳил тоифалар.

Яъни:" Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!"( Бақара сураси 152- оят) оятидаги " Менга кофир бўлманглар" деб тафсир қилишади. Яъни,гапни кофирликка бурадилар. Ваҳоланки, бирор муфассир бу сўзни " куфр" деб тафсир қилмаган, балки," ношукрлик" деб тафсир қилганлар. Масалан, Имом Қуртубий буни шундай тафсир қилган: яъни, " бу жойдаги " куфр" сўзи Аллоҳ берган неъматни яшириш- ношукрлик қилишдир" деганлар.

Абу Зарр ( розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ ( Саллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни бундай деяётганларини эшитган:" Ким бир кишини " кофир" деб чақирса ёки " Аллоҳнинг душмани" деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади"( Имом Муслим ривояти).

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уларга эргашган уламоларимиз гуноҳкор мусулмонларни муртад ёки кофирга чиқармаганлар. Шундай экан, мусулмон шахс суннатга ҳамда салафи солиҳлар йўлига эргашишини даъво қилар экан, ушбу қоидани маҳкам тутиши лозимдир.

Маъсумхон Турғунов,
Наманган шаҳар “Шайх эшон” жоме
масжиди имом - хатиби.

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг