Қоронғи режим
Image
Logo

ТАМАГИРЛИК ИЛЛАТИ

ТАМАГИРЛИК  ИЛЛАТИ

Ислом динининг гўзал ахлоқини дилига жо айлаган инсон асло молу дунёга ҳирс қўймади. У эҳтиёжи учун зарур бўлган нарса билан кифояланади ва борига қаноат қилади. Ўзгалар қўлидаги молу-дунёга ҳасад ва тамагирлик қилмайди.

Зеро, Али ибн абу Толиб разияллоҳу анҳу таъбири билан айтганда: “Кўпгина ақилларни қулаши тамаларнинг чақмоғидандир”.

“Тамагирлик” сўзининг луғавий маъноси бир нарсани қалбан кучли орзу қилишни англатади. Таъма мол-давлат, мансаб ва дунёнинг ўткинчи ҳою ҳаваси йўлида бўлса, жуда ёмон ҳисобланади. Бу борада Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Билгинки, таъма фақирликдир, Таъма қилмаслик бойликдир”.

Шунингдек, тамагирлик илимнинг ҳам офати саналади. Каъб ва Абдуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳулар бирга ўтиришганида Каъб разияллоҳу анҳу: “Эй, ибн Салом, илм арбоблари кимлар?”-дея сўради.

-Унга амал қилувчилар, -жавоб берди у.

-Билганларидан кейин уламоларнинг қалбидан илмни кетказадиган нарса нима? –деди Каъб разияллоҳу анҳу.

-Тамагирлик, нафснинг очкўзлиги ва одамлардан ҳожатини раво қилишни сўраш, -деди Абуллоҳ ибн Салом разияллоҳу анҳу.

Абу Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: “Ким иффат талаб бўлса, Аллоҳ уни иффатли қилур. Ким бехожатлик талаб қилса, Аллоҳ уни бехожат қилур. Ким сабр талаб қилса, Аллоҳ уни сабрли қилур. Ҳеч кимга сабрдан қўра яҳшироқ ва кенгроқ нарса ато этилмаган”.

Ушбу хадисдан англашиладики, инсон иффатли бўлиши, яъни бировлардан таъма қилишдан, ўзгалардан хожатини сўрашдан ҳаё қилмоғи лозим. Шундагина Аллоҳ таоло уни бехожат қилиб, инсонларга эҳтиёжманд бўлишдан сақлайди. Бу йўлда энг асосий ёрдамчи эса сабр бўлмоғи лозимки, у соҳибини иффат ва бехожатлик сари элтади.

Шунингдек, мусулмон киши ўзига берилган ризқ қанча бўлса, ўшанга қаноат қилиб яшамоғи лозим. Инсон турмушини яхши таминлаши учун имкониятидаги барча ҳалол воситаларни ишга солиб ҳаракат қилаверади. Аммо унга қанча ризқ бериш Аллоҳ азза ва жалланинг иродаси билан бўлади.

Мусулмон киши ўзига берилаётган насиба Холиқнинг амри билан берилаётганини билади. Шу боис оз бўлса норози бўлмайди, кўп бўлса ховлиқиб кетмайди. Чунки, Жаноби Ҳақ берган ризқдан норози бўлиш, Унинг амрига қарши чиқиш билан баробардир.

Абдуллоҳ ибн Ос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расули Акрам саллолоҳу алаҳис васалам: “Ким мусулмон бўлиб етарлича ризқлантирилса ва Аллоҳ уни Ўзи берган нарсага қаноатлантирса, батаҳқиқ нажот топган бўлур”, -дедилар”.   (Муттафақун алайҳ)

Яни, Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат сохиби бўлади. Қаноатли одам эса инсонларнинг бадавлатидир.

Жобир  ибн Абдуллоҳ разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хадисда Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: “Қаноатни лозим тутинг! Қаноат туганмас молдир!” –деганлар. (Табороний ривояти).

Шундай экан, инсон аввало қаноатли бўлмоғи лозимки, бу уни мол-дунё дея жабру жафо чекишдан асрайди. Бунинг оқибатида дилидан ҳирс ва тамагирлик кетади. Умрини сабр дараҳтининг бетакрор гуллари безайди. Бу мусулмон киши учун энг яхши оқибатдир.

 

Пахриддин Юсупов,

Наманган тумани бош имом хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг