ТИНЧЛИК БОР ЖОЙДА ҚУТ-БАРАКА БЎЛАДИ.

Тинчлик-хотиржамлик ҳаётнинг энг муҳим заруратларидан бири бўлиб, у туфайли инсон фаровон ва хотиржам ҳаёт кечиради. Тинчлик бор жойда қут-барака бўлади, юрт ривожланиб, равнақ топади. Тинчлик имондан кейинги улуғ неъмат саналиб, барча неъматларнинг ҳатто ибодатларнинг ҳам ҳаловати унга боғлиқдир. Унинг шукрини адо этиш ва Аллоҳ таолодан унинг бардавомлигини сўраб дуо қилиш банданинг зиммасидаги вожиб амалдир. Тинчлик сўраб дуо қилиш ўтган улуғ пайғамбарларнинг суннати ҳисобланади. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг дуоларини келтириб, бундай мараҳамат қилади:
وَإِذْ قَالَ إِبْرَاهِيمُ رَبِّ اجْعَلْ هَذَا بَلَداً آمِناً وَارْزُقْ أَهْلَهُ مِنْ الثَّمَرَات
«Эсланг, Иброҳим: “Эй Раббим, буни (Маккани) тинчлик шаҳри қилгин ва унинг аҳолисидан Аллоҳга ва охират кунига ишонувчиларига (турли) мевалардан ризқ қилиб бергин!”» (Бақара сураси, 126-оят).
Дуо – қалбдан чиқувчи бандани Раббиси билан бевосита боғловчи кучли қуроли ҳисобланади. У билан эзгу орзу ва мақсадлар рўёби сўралади. Ояти каримада жамиятнинг фаровонлигига хизмат қилувчи тинчлик-омонлик ва ризқ-рўз ҳақида сўз бормоқда.
Бир қанча ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо ижобат бўладиган соатларда тинчлик-хотиржамлик сўрашга тарғиб қилганлар.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Азон ва иқома ўртасида дуо рад қилинмайди”, дедилар”. Бир ривоятда: “(Дуода) нимани айтайлик?”, дейишди. “Аллоҳдан дунё ва охиратда офият сўранглар” , дедилар” (Имом Термизий ривояти).
Уламолар ҳадиси шарифда келган офиятдан мурод инсон бир кунни тинч ва хотиржам ўтказишидир, дейдилар.
Бугунги кунда қай бир жабҳага қараманг, Яратган Эгамнинг биз бандаларга Ўзининг неъматларини тўкин-сочин қилиб берганини кўрасиз.
Хўш, оламларнинг Парвадигори бизларга шунча карам қилиб турган бўлса, бизлар нима қилмоғимиз лозим?
Албатта, шукр қилмоқ, шу юртга содиқ фарзанд бўлмоқ лозим. Шундагина, иншо-Аллоҳ, неъмат бардавом бўлажак.
Илоҳим тинчлик ва хотиржамликни бардавом айласин.
Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган шаҳри “Яҳёхон тўра” жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022