Тинчлик ва осойишталик олий неъмат

Аллоҳ таоло дунё ҳаётида инсониятни беҳисоб неъматлар билан ризқлантирганки, унинг саноғига етиб бўлмаслиги ҳақида Қуръони каримнинг Иброҳим сурасини 34-оятида шундай баён қилинган: «Сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматини санасангизлар, саноғига етолмайсиз. Ҳақиқатан, инсон ўта золим ва жуда ношукрдир» Баъзи кишилар неъмат сўзининг маъносини жуда тор доирада тушунадилар. Бирор орзу умидлари амалга ошишини, ҳар ким ҳам етиша олмайдиган нарсаларни қўлга киритишни, жумладан, катта мол-дунё, фарзанд, бирор мансаб-мартаба ва шунга ўхшаш орзу ҳавасларга эришишнигина неъмат деб биладилар. Сув, ҳаво, тан соғлик, эл-юрт тинчлиги каби, инсон ҳаётининг асоси бўлган бу нарсаларга бепарво қараб, гўё булар ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган табиий ҳолат деб ўйлайдилар.
Ҳолбуки, кишининг дунё ва охирати учун манфаат етказадиган нарсалар борки, уларнинг барчаси неъмат ҳисобланиб, динимиз бизларни унинг қадрига етиб яшашга буюради, зеро, неъматнинг қадрини билиш, уни эъзозлаш неъмат берувчи «Мунъим» (Аллоҳ)нинг шукрини адо этиш демакдир. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларининг бирида: "Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйюнганда оиласи тинч, тани coғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан", деб неъматни кенг маънода тушуниш лозимлигига ишора килганлар. Неъмат моддий ва маънавий бўлиб, юқорида санаб ўтганларимиз моддий неъматлар жумласига киради. Маънавий неъматлар эса имон, ислом, ҳуррият, тинчлик каби кўзга кўринмайдиган, бироқ моддий неъматларга қараганда қадрлироқ нарсалардан иборатдир.
Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига яраша шукр лозимдир. Инсон берилган неъматларга қай даражада шукр қилган ёки қилмагани ҳақида қиёмат кунида албатта сўралади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисда: «Аллоҳ таоло қиёмат кунида бандасидан: «Танингни соғ қилиб қўймаганмидим? Сени тотли сув билан қондирмаганмидим…?», деб сўрайди«, деганлар .
Неъматни Аллоҳдан деб билиш кишини Аллоҳга яна ҳам яқинлашишга, унга тақарруб ҳосил қилишга ундайди. Аксинча, тинчлик шукри адо этилмаган неъмат эса инсонга офат келтиради. Динимиз кишиларини тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида хамжихатлик ва бирдамлик билан харакат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга бархам беришга, шунингдек, Ватанни севишга, эл-юртга холис хизмат қилишга ҳамда юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида ҳамжиҳат бўлишга даъват этади. Эзгу ният йўлида ҳамкорлик қилиш ер юзида тинчликнинг барқарор бўлишида бош омилдир.
Шундай экан Аллоҳдан сўраймизки, юртимиздаги ҳукм сураётган бу бебаҳо тинчлик неъматини қиёматгача барқарор ва бардавом этсин.
Баҳодир Мирфайзиев,
Косонсой тумани “Содод” жоме
масжиди имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022