ТИНЧЛИК ВА ХОТИРЖАМЛИК АЛЛОҲ ТАОЛОНИНГ КАТТА НЕЪМАТЛАРИДАН..

Ватанимиз мустақиллигига 32 йил бўлди. Бу давр мобайнида барча соҳаларда кўплаб катта-катта ислоҳотлар ва янгиликлар бўлди ва бўлмоқда. Мана шундай Ватанимиз равнақи йўлида жон куйдириб ҳаракат қилаётган барча соҳа раҳбару ходимларини хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!
Инсон қаерда туғилиб ўсса, ана шу ер унинг учун азиз Ватан ҳисобланади. Киндик қони тўкилган жой инсон учун ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, ҳамма нарсадан ҳам қимматли макондир.
Ватанни севиш, уни соғиниб яшаш – инсон табиатида мавжуд бўлган нозик ҳисдир. Ватанни севиш фақат тилда қолиб кетмаслиги, балки ватандошлар юрт равнақи учун бирлашиши, бир-бирига хайриҳоҳ бўлиб, дунё-охиратда фойдали ишларга ҳаракат қилишлари керак. Чунки кўриб турганимиз каби қўшни давлатларимиз ва Шарқ давлатларида нотинчлик ҳукм сурмоқда. Биз барча юртларда тинчлик хотиржамлик бўлиши тарафдоримиз ва шуни чин дилдан хоҳлаймиз. Бу хоҳишни рўёбга чиқаришнинг аввалги чораси – ўз юртимизда тинчликни асраб авайлашдир. Бемалол дин-диёнатимизга амал қилаётган, шариатимиз шиорлари барпо бўлиб турганда, ношукрлик қилмаслик, турли бузғунчи тарғиботларга учмаслик, билим ва кучимизни Ватан равнақи, динимиз ривожи йўлида сарфлаш бурчимиздир.
Ватанимиз фарзандлари сифатида ҳеч ҳам ношукрликка йўл қўймай, кўпдан-кўп шукрона қилиш – бурчимиздир. Чунки ношукрлик неъматларни қўлдан кетишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло неъматларга шукр қилсак, зиёда қилиш ваъдасини берган: “...агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим сураси 7-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик” (Имом Бухорий ривоятлари).
Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг катта неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Мана юртимиз истиқлолига 32 йил бўлди. Албатта юртимизнинг истиқлоли ва тараққиётининг негизида тинчлик-тотувлик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик ётади. Ушбу ютуқларга эришиш ўзига яраша машаққат, қийинчилик, сабр ва матонат талаб этади. Умид қиламизки, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлиб бораверади.
Динимизнинг тинчликка бўлган эътибори нечоғлик катта ҳамда бағри кенглик унинг негизидир. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Неъматнинг салмоғига қараб шукр ҳам ҳар хил бўлади. Баъзи неъматларнинг шукри тилда “алҳамду лиллаҳ” дейиш билан адо бўлса, бошқа хил неъматлар ҳам борки, уларнинг шукрини амалий тарздагина адо этиш мумкин.
Тинчлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.
Аллоҳ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин, фарзандларимиз улуғ аждодларга лойиқ фарзандлар бўлишини насиб айласин, дунё ва охиратимиз саодатига етаклайдиган амаллар қилишимизни насибу рўзи айласин.
Жобирхон Халимхон ўғли
Наманган шаҳри "Яхёҳон тўра" жоме
масжиди имом ноиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022