Қоронғи режим
Image
Logo

УМРНИ ҚАДРИГА ЕТИШ

УМРНИ ҚАДРИГА ЕТИШ

Доно халқимиз умрни оқиб ўтаётган дарёга ўхшатади. Дарҳақиқат, юз ёшга кирган киши ҳам, дунёга келиб ҳеч қанча яшамаганлигини тан олади. Бу фоний дунёнинг битмас туганмас ишларини охирига етказа олмаганлигидан шикоят қиладиганлар ҳам топилади. Бу ҳам ўз йўлига, аммо, умр деб аталган Аллоҳнинг улуғ неъматини дунёсига ҳам, охиратига ҳам фойда келтирмайдиган, бекорчилик, уйқу, ёки бемаъни ишлар билан машғул бўлиб ўтказаётган инсонга нима дейиш мумкин? Қиёматда энг кўп савол-жавоб қилинадиган, ҳар бир нафаси, ҳар бир қадами учун жавоб берадиган инсон, бу дунёда бемаъно гапни кўп гапирган, бемаъно ишга машғул бўлган киши эканлиги ҳадис шарифларда баён қилинган. Умрнинг ҳар сониясини қадрига етиш лозимлиги ҳақида, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамга насиҳат қилиб, унга: “Сен беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билгин: ёшлигингни қарилигингдан аввал, саломатлигингни касал бўлишингдан аввал, бойлигингни фақир бўлишингдан аввал, бўш вақтингни бир ишга машғул бўлмасингдан аввал ва ҳаётлигингни ўлимингдан аввал ғанимат билгин”. – дедилар (Имом Ҳоким ривояти).

Бу имтиҳон дунёда умрини беҳуда ишларга, гуноҳ ишларга сарфлаб вафот этган одамларнинг Қиёматдаги ҳолатлари ҳақида Аллоҳ таоло огоҳлантириб Қуръони Каримда хабар берадики: “Улар у жойда: “Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин – бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши (амалларни) қилайлик!” – деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши, эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (жазоларингизни) тотаверингиз! Золимлар (кофирлар) учун ёрдамчи бўлмас” (Фотир 37).

Ақлли инсон пушаймонга ўрин қолдирмаслик учун ўз вақтида унинг чорасини кўриб боради. Мутахассисларнинг айтишича олтмиш ёшга кирган одамнинг йигирма йили уйқу билан ўтар экан. Бу даҳшатли рақам. Лекин, таҳорат билан ётган одамнинг уйқуси ҳам ибодатга ҳисобланишини Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадисларида баён қилганлар. Демак, мўмин киши уйқудан ҳам унумли фойдаланиши мумкин экан. Абу Райҳон Беруний ҳазратлари бир йилда бир кун дам олар эканлар. У ҳам бўлса, 22 апрел- Наврўз куни далага чиқиб деҳқонлар билан ер ҳайдаб ҳордиқ чиқарар эканлар.

Абдулло ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи валлам менинг елкамдан тутиб шундай дедилар: “Дунёда гўё ғарибдек ёки йўловчидек бўл”. Шундан сўнг Ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳам: “Кеч кирса тонгни кутиб ўтирма, тонг отса кеч киришини кутиб ўтирма, соғлик вақтингда беморлигингда қила олмайдиган ишларингни қилиб қол, тириклигингда вафотингдан кейин асқотадиган амалларни қилиб қол”, деб юрар эди (Имом Бухорий ривояти).

Нафақат ҳар бир инсоннинг умри, балки, замонлар ўтиши билан бутун бу оламнинг ҳам тугаб битиши ҳақида Аллоҳ таоло Қуръон Каримда хабар беради: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва Икром соҳиби бўлмиш Роббингизнинг “юзи” боқий қолур” (Ар-роҳмон 26-27).

Аллоҳ таолонинг шундай ваъдаси борки: “…Агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Агар ношукурчилик қилсангиз бас, менинг азобим қаттиқдир”– деб таъкидлаганидек, шукур килувчи бандаларига ўз неъматларини янада зиёда этиши муқаррардир. Шукр килиш, “Худога шукр” дейишдан ташқари, ҳар бир неъматни ўз вақтида ва ўз жойида, исроф қилмасдан тасарруф этишдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биз ҳар қанча савоб ишларни қилмайлик, ёки ҳар қанча гуноҳ ишларни қилмайлик бу ишларимиз ҳеч қачон Аллоҳга ҳеч қандай фойда ёки зарар келтирмайди. Балки, барча амалларимиз ўзимиз учундир.

Хулосамиз шуки, ҳозиргина олган нафасимизни чиқардикми, уни бошқа қайтиб ололмаймиз. Оқил инсон – бу дунёдаги ҳаётидан охирати учун фойдаланиб қолган кишидир. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръон Каримда: “(У) сизларнинг қайси бирингиз чиройлироқ (савоблироқ) амал қилувчи эканингизни синаш учун ўлим ва ҳаётни яратган зотдир, У Азиз (Қудратли) ва Ғафур(Кечиримли)дир” (Мулк, 2), — деб марҳамат қилади. Ҳа, ҳали ҳам кеч эмас, қолган ҳаётимизни ғанимат билиб, яшаш лозим.

Шерзодбек Аҳмедов,
Мингбулоқ тумани “Мулла Абдураҳмон” жоме
масжиди имом-хатиби

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг