ЎЗ ЖОНИГА ҚАСД ҚИЛИШ

Аллоҳ таоло одам боласига жуда кўп неъматлар берган, уларни санаб адоғига ета олмаймиз. Шубҳасиз, улар ичида энг қимматли ва муҳимларидан бири – ҳаёт, тириклик неъматидир. Шунинг учун тирикликнинг қадрига етиш, уни асраб авайлаш ва, албатта, ҳаёт неъматининг шукрини адо этиш ҳар бир кишининг зиммасида вожибдир.
Инсон ҳаёти доим бир хил неъматлар ичида кечмайди – гоҳида енгил, гоҳида оғир, баъзида хурсандчилик, баъзида мусибат. Аллоҳ таьоло Қуръони каримда шундай дейди: “Ҳақиқатан, инсонни (дин ва дунё ишларида меҳнат ва) машаққатда (бўлиш учун) яратдик” (Балад сураси, 4-оят). Мусибат етганда биз Аллоҳнинг бандаси ва унга қайтиб боришимизни эслашимиз даркор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: “Сизларни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагаймиз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй, Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: «Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз», – дейдилар. Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир” (Бақара сураси, 155-оят).
Демак, имонли кишилар ҳаётда ҳеч қачон тушкунликка тушмаслиги керак, балки яхшиликдан умидвор бўлиб, доим ҳаракатда бўлишлари лозим. Афсуски, аҳён-аҳёнда ўз жонига қасд қилган кишилар ҳақидаги сўзлар қулоғимизга чалинади. Айниқса, бу каби фожеалар аёллар ичида кўп учраб туриши ачинарли ҳолатдир. Бу гуноҳни оқлаб бўлмайди, лекин маълум бир қисм аёллар ўзларига бўлган зулм-зўравонлик сабабли бу ишга қўл ураётгани сир эмас. Ўз жонига қасд қилишнинг охиратдаги оқибатлари яна ҳам ёмонроқдир.
Динимиз таълимотида инсоннинг ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳ ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “...Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо сураси, 29-оят).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўтган қавмлар ҳаётидан ҳам мисол келтирдилар: “Сизлардан олдин ўтган қавм орасида бир яраланган кимса бор эди. У оғриққа чидай олмасдан, қўлига пичоқ олиб, яраланган қўлини кесди. Натижада у қон йўқотиш туфайли вафот этди. Шунда Аллоҳ таоло: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни ҳаром қилдим”, – деди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). Шуни билиш керакки, бирор қийинчиликдан қутилиш ёки кимдандир норози бўлиб ўз жонига қасд қилиш – масаланинг ечими эмас. Қарз ёки молиявий қийинчилик сабабли ўз жонига қасд қилган одам қарзидан қутилиб қолмайди. Ўз жонига қасд қилган киши гуноҳкор бўлиши билан бирга орқасида ота-онаси ва яқинларини қаттиқ қайғуда қолдиради.
Аллоҳ таоло бандасига омонат қилган жон-тирикликни фақат Ўзи хоҳлаган пайтда қайтариб олади. Жонни банданинг ўзи олишга ҳаракат қилиши – шошилиш ва Аллоҳ таолонинг тақдирига норозиликдир! Аллоҳ таоло Барчамизни Ўзи рози бўладиган амаллар билан яшаб ўтмоғимизга муяссар қилсин!
Мансурхон Марупов,
Косонсой тумани,“Хазрати Умари Одил” жоме
масжиди имом-хатиби.
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022