ЎРТАМИЗДА БИР ИШ БЎЛГАН ЭДИ

(Оила - муқаддас даргоҳ рукни остида)
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳузурларига кирдилар. Уйга киргач, Алий розияллоҳу анҳуни тополмадилар. Шунда Фотима розияллоҳу анҳодан: "Амакимнинг ўғли қани?", деб сўрадилар. Қизлари эса: "Ўртамизда бир иш бўлган эди, мендан дарғазаб бўлиб, чиқиб кетдилар", дедилар" (Имом Бухорий ривояти).
Хулоса:
1). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нуридийдалари бўлмиш Фотимаи Захронинг сўзларига эътибор қилинг. "бир иш бўлган эди", дедилар. Яъни, ўрталарида бўлиб ўтган дилхираликни сабабини айтмадилар. Яъни, бўлиб ўтган воқеани сирлигича қолдирдилар, баён қилмадилар. Зеро, уйлар сирлардан иборат. Агар хонадондаги барча сирлар ошкор қилинаверса, унда ҳаловат бўладими?!
2). Алий розияллоҳу анҳу ғазаб отига минганларида уйдан чиқиб кетдилар. Ҳатто қора булутлар аримагунча. Яъни, инсон мана шундай пайтда ўзи ва аёлини руҳий муолажа қилишни истаса, гапни кўпайтирмасдан кўчага чиқиб кетиши, мақсадга мувофиқдир.
Дарҳақиқат, ушбу воқеа ва юқоридаги хулосаларни ўқир экансан, нафсимиз нақадар тарбияга муҳтож эканини англайсан, киши. Ҳозирда, ажримларга сабаб бўлаётган ҳолатларни ўрганилса, айнан Фотима онамиз айтган "бир иш"ни ошкор бўлиб кетишидир. Хотин эрини ёмонлаб, турли, куракда турмайдиган гапларни айтиб, айбларини очиб ташласа, эр ҳам ўз навбатида хотинининг айрим нуқсонларини достон қилишдан тап тортмайди. Натижада никоҳ риштасига путур етади. Юқорида айтилган ҳадис ва мулоҳазаларни баён қилишдан мақсад, бўлар-бўлмас сабаблар билан оилани бузишга қаратилган ҳар-қандай ҳолатларнинг олдини олиш эди. Аллоҳ ислоҳ қилсин.
Қодиржон Умурзаков
Поп тумани "Муҳаммаджон қори"
жоме масжидининг имом-хатиби
Сизга ҳам ёқиши мумкин
Оммабоп хабарлар
-
МУКОФОТ МУБОРАК!
- Хабар муаллифи ravza.uz
- August 30, 2021
-
ЖАННАТ ОНАЛАР ОЁҒИ ОСТИДА...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- March 7, 2023
-
Муфтий ҳазратлари Наманга...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- June 14, 2021
-
Муносабат: ижтимоий тармо...
- Хабар муаллифи ravza.uz
- January 22, 2022