Қоронғи режим
Image
Logo

ЎЗГАЛАР АЙБИНИ АХТАРИШ АЙБДИР

ЎЗГАЛАР АЙБИНИ АХТАРИШ АЙБДИР

Ҳеч бир инсон хато ва камчиликлардан холи эмас. Ўзи адашиб қилган гуноҳ ишларни сўзламасак, ўзгалардан айб ахтармаслик, бировнинг айбига, хатосига ногоҳ кўзи тушиб қолганида, уни ёймаслик динимиз талабларидандир. 

Мўминнинг айби, гуноҳини кўриб қолган киши уни яшириши мустаҳабдир. Хусусан, хунук ишлар обрўли, ёмонлиги кузатилмаган кишидан содир бўлса, уни оммага ошкор қилмасалик зарур. 

Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Ким мўминнинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиймат куни унинг айбини яширади” (Бухорий ва Муслим ривояти). 

Яна бир ўринда: “Яхшиларингизнинг адашишларидан кўз юминглар”, дейдилар (Абу Довуд ривояти). 

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло унинг айбини қиёомат куни яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини ошкор қилса, Аллоҳ таоло унинг айбини ошкор қилади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади”, дейилади (Ибн Можа ривояти).

Уломолар: “Ишларнинг аълоси айибларни яширишдир”, дейишган. Фузайл ибн Иёз айтади: “Мўмин яширин ва насиҳат қилади, фожир эса ошкор қилади ва айблайди”. Бироқ фисқу фужур ишларни қилаётган кишини кўрганда, уни қайтариш вожиб саналади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирингиз мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга қодир бўлмаса, тили билан, агар бунга ҳам кучи етмаса, кўнгли билан ўзгартирсин. Бу эса имоннинг энг заифидир”, деганлар (Муслим ривояти). 

 Ҳеч кимнинг бирор мусулмондан айб қидириши тўғри эмас. Аллоҳ таоло: “Ўзгалардан айб қидирманг” (Ҳужурот, 12), дейди. 

Хато ёки гуноҳ қилган мўмин Аллоҳ таолога тавба қилиши керак. Ким бўлишидан қатъи назар, айбини бировга очмасин. Чунки Аллоҳ таоло: “Албатта, имон кишилар ўртасида бузиқликлар ёйилиши истайдиган кимсалар учун дунёда ҳам, охиратда ҳам аламли азоб бордир. Аллоҳ билур, сизлар билмассиз” (Нур,19), деб марҳамат қилади.

Динимиз яхшиликка тарғиб этади. Бундай йўл динимизнинг нақадар инсонпарварлигига, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нинг оламларга раҳмат қилиб юборилганларига далилдир. 

 

Назиржон Қўчқаров,

Наманган тумани "Умарбой хожи"

жоме масжиди имом хатиби 

 

 

 

Архив

Илтимос, санани танланг!

АУДИОЛАР

Телеграм

Алоқада бўлинг